Олти метрли одам сурати

1404

ёхуд қадимги Хоразмнинг пойтахти «Даржас» бўлганми?

Яқинда Беруний тумани ҳудудидаги Ақчаханқалъа тарихий ёдгорлигидан 6 метрли одам тасвири туширилган деворий сурат топилди. Кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган мазкур топилманинг аҳамияти нафақат юртимизда, балки дунё археология соҳасида ноёб янгиликдир.

Сидней университети профессори, археолог Алисон Беттс­­нинг таъкидлашича, Ақчаханқалъада энг ноодатий девор расмлари мавжуд бўлиб, улар зардуштийлик тарихида муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур ҳудуддан одамлар ва отларнинг расмлари ҳам топилган. Фрагментлар жойлашган «катта зал»нинг узунлиги 20 метрни, баландлиги 10 метрни ташкил қилади.
Энди моҳиятга чуқурроқ назар ташласак, мазкур ҳудудда Қорақалпоғистон – Австралия экспедицияси ҳамкорлигида иш олиб борилаётганига чорак асрдан ошди. Шу йиллар ичида ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, қадимги Ақчаханқалъа эрамизнинг бошларига қадар улкан давлатнинг пойтахти бўлган.
Ақчаханқалъа ҳудудини 1920-1930 йилларда Устюртдан тушиб келган қозоқлар макон қилган ва бу жой «Қазақли ётган» деб номлана бошлаган. Улар марҳумларни ушбу тепаликдаги Ақчаханқалъага дафн қилган.


Амударёнинг ўнг томонидаги бу катта қалъанинг номи тўғрисида эса қатор манбалар мавжуд. 1910-1912 йилларда шу ҳудудда тадқиқот ишларини олиб борган россиялик тарихчи Н.А.Димонинг ёзма манбаларида бу жой Ақчаханқалъа деб аталади.
Ўрта аср ёзма манбаларида қадимги Хоразмнинг пойтахти «Даржас» бўлган деган маълумот ҳам бор. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бу қалъа номи балки «Даржас» бўлиши ҳам мумкин.
Ақчаханқалъанинг тарихи тўғрисида сўз кетганда, дастлаб, 1937 йилда Москва фанлар академияси ҳузурида Толстов экспедиция­сининг очилганини таъкидлаш жоиз. Мазкур экспедиция 1945 йилгача «Хорезм археологик экспедицияси» деб номланган бўлса, ­кейинчалик – мустақиллик йилларигача Жданко раҳбарлигидаги этнографик экспедиция деб аталган. Мазкур экспедиция шу йиллар мобайнида Қорақалпоғистон ҳудуди, жумладан, Ақчаханқалъа тарихи бўйича тадқиқот ўтказади. Мазкур обидани Андриянов, Ғуломовлар ҳам ўрганиб, ёдгорлик тарихини милоддан аввалги II, III, IV асрлардаги Кушон даври билан боғлайди. Ақчаханқалъа эсдаликларини қазишда марҳум олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниёзовнинг меҳнатлари кўп бўлганини қайд этиб ўтиш жоиз.
Умуман олганда, ушбу деворий суратлар тарихнинг янги саҳифаларини очиб бериши шубҳасиз.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»