ЮРТИМИЗДА ЙИЛИГА 900 МИНГ ТОННА МЕВА-САБЗАВОТ ИСРОФ БЎЛАДИ

272

Жорий йилнинг июль ойида Россиянинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Роспотребнадзор»  Федерал хизмати Москва шаҳри дўконларидаги мева-сабзавот маҳсулотларининг сифатини текширувдан ўтказди. Жараёнда Ўзбекистонда етиштирилган «Баҳор»  навли гилос ҳамда «Шалах»  навли ўриклар, Арманистондан келтирилган қулупнайлар таркибида витаминлар етишмаслиги таъкидлаб ўтилди. Жумладан, гилосларимизда — темир моддаси одатдагидан 6 баробар, С витамини — 3,5 баробар, калций — 3 баробар,  магний ва фосфор — 2,5 баробар кам деб эътироф этилди. Текширув асбоблари 100 грамм гилосда 13 грамм натрий моддаси ўрнига 1,4 грамм, бета-каротин эса меъёрдан 10 баробар кўп эканлигини кўрсатди. Деярли шу каби ҳолат шаҳар дўконларига юртимиздан олиб борилган ўриклар билан ҳам кузатилган.

Бу арзимас воқеани эътиборсиз қолдирса ҳам бўларди. Аммо ривожланган бозор меъёрларига кўникиб бораётган Ҳамдўстлик давлатлари харидорларига оммавий ахборот воситалари орқали намойиш қилинган жараён «антиреклама»  эффектини бериб,  мамлакатимиз экспорт салоҳиятига сезиларли зарар етказиши ҳам мумкин. Зеро, ҳозирда мазкур минтақалардаги мева-сабзавот бозорлари учун бир қанча йирик ишлаб чиқарувчилар кураш олиб бораётгани, МДҲ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида фермер ва томорқачиларимизнинг асосий ҳамкори экани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис бу каби ҳолатлар тегишли ташкилотлар томонидан зудлик билан чуқур таҳлил қилиниб, камчиликлар аниқланган тақдирда бартараф этилиши зарур.

Бизда бор-йўғи 10 та стандарт ишлайди

Хўш, серқуёш юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар экспорт қилинишидан олдин қайси стандартларга жавоб бериши керак? Бозорни рақобатчиларимизга бой бериб қўймаслик учун яна қандай ишлар амалга ошириляпти?

— Мамлакатимизда йилига 20 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Баҳромжон Обиджонов. — Уларнинг экспортини ташкил этишда белгиланган меъёрларга амал қилинади. Зеро, экспортдаги рақобатбардошлик малакали лаборатория текширувига ҳам боғлиқ. Шунга қарамай, соҳада зудлик билан ҳал этилиши шарт бўлган қатор камчиликларимиз бор. Мисол учун, озиқ-овқат маҳсулотларини синаш бўйича Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига кўра 775 та стандарт мавжуд. Мамлакатимизда уларнинг 100 тасигина жорий қилинган, булардан атиги 10 таси халқаро даражада аккредитациядан ўтган. Мазкур ҳолат корхоналаримиз маҳсулотларини экспорт қилиш, импорт товарларнинг эса сифатини текширишда қийинчиликлар туғдирмоқда. Президентимиз бошчилигида мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, июль ойида «Ўзстандарт»  агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли инспекцияларга озиқ-овқат сифати бўйича халқаро стандартларни 500 тага етказиш, тўлиқ синовлар ўтказиш имконига эга лабораториялар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Натижада тез орада стандартларимиз сони ошиб, экспорт салоҳиятимиз кенгайиши кутилмоқда. Қолаверса, бу импорт савиясини янада қатъий назорат қилиш имконини беради. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда бошқа қатор камчиликлар ҳам мавжуд. Ачинарлиси, етиштирилаётган 20 миллион тонна мева-сабзавотларнинг саноат усулида қайта ишлаш даражаси атиги 15 фоизни ташкил қилмоқда. Шундан 7-8 фоизигина ташқи бозорга олиб чиқилади. Инфратузилма етарли эмаслиги туфайли йиғиштириш ва сақлаш жараёнида маҳсулотларнинг 30 фоизи — 900 минг тоннаси йўқотиляпти. Муаммоларни бартараф қилиш учун, аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш жараёнларини қамраб оладиган замонавий агрологистика марказларини кўпайтириш зарур.

Фаолиятда 31 та агрологистика маркази, 1 минг 500 та совуткич омборлар бор. Уларда жами етиштириладиган мева-сабзавотнинг 4,5 фоизинигина сақлаш мумкин. Бу жуда кам. Президентимиз тегишли ташкилотларга 2025 йилга қадар юртимиздаги совуткичлар сонини 4 минг 500 тага, агрологистика марказларини 140 тага етказиш вазифасини юклаган. Бу борада Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредитларидан ҳам фойдаланиш топшириқлари қўйилган.

Уруғини ҳам қайта ишлаш керак

Маълумки, маҳсулотни саноат тарзида қайта ишлаш даромадни бир неча баробар оширади. Қишлоқ хўжалигимиз айнан шу соҳада оқсамоқда. Ўтган йили мева-сабзавотнинг 19 фоизи, гўшт ва сут маҳсулотларининг 16 фоизигина саноат даражасида қайта ишланган. Бир мисол. Одатда узум, қовун, тарвуз, қовоқ ва анорнинг уруғи ташлаб юборилади. Хорижда бу уруғлар қайта ишланиб, тансиқ маҳсулотлар тайёрланади. Хусусан, бир килограмм тарвуз уруғи ёғи жаҳон бозорида 28 доллар, анор уруғиники эса 350 доллар туради. Юртимизда ҳам ушбу маҳсулотларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилса, йилига 250 миллион долларлик экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Янги қарорлар соҳани ривожлантира оладими?

Ўтган ҳафта Президентимизнинг соҳага дахлдор иккита қарори қабул қилинди. Жумладан, 29 июль кунги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра хорижий кредит линиялари ҳисобидан йирик агрологистика комплексларини ташкил этиш, соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган. Шунингдек, синов лабораторияларини модернизация қилиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилган. Қарор билан 2019-2021 йилларда қабул қилинадиган озиқ-овқат саноати соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати ҳам белгилаб олинди.

31 июлда эса давлатимиз раҳбари «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорни имзолади. Унга кўра, 2021 йилда қишлоқ хўжалиги техникаларининг 60 фоизини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқарувчиларга яна қатор имтиёз ва имкониятлар яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида урғу берилган.

Ўйлаймизки, амалга оширилаётган чора-тадбирлар серқуёш юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириб, жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашига имкон яратади.

Ўзбекистон деҳқончиликда космик технологиялардан фойдаланмоқчи

Кўплаб муаммоларга қарамай қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш соҳасида янгиликларга қўл урилмоқда. Мамлакатимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан OneSoil, Boston Consulting Group компанияси ўртасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланишга оид битим имзоланди.

Мазкур битим «Ақлли қишлоқ хўжалиги» Концепцияси доирасида қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни фаол татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаш орқали Ўзбекистондаги ер майдонлари ва экинларини объектив хариталашга доир ишларни амалга оширишни назарда тутади.

Улуғбек ИБОДИНОВ,

«Mahalla»

Манба: «Mahalla»  газетаси

(2019 йил 8-15 август, 35-сон)

Бошқа хабарлар