Йўл қурулишининг нечта эгаси бор?

762

Куни кеча Миллий матбуот марказида Автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Одатдагидек мақтанишга мойил ҳисобот маърузадан сўнг уларга саволлар билан юзландик. Мана улардан бири:

– Айни пайтда Чиноз тумани «Яллама» кўпригидаги ва Сирдарё вилоятининг катта ўзбек тракти йўлидаги ­кўприклар таъмири нега кечикмоқда?
Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Умумфойдаланиладиган автомобиль йўллари қуриш-реконструкция қилиш дирекцияси бош муҳандиси Дилмурод Исаевнинг айтишича, «Яллама» ва Сирдарё кўпригидаги қурилиш-монтаж ишлари «Ўзбекис­тон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли 67-махсус ­отрядга топширилган. Бу ишга Автомобиль йўллари қўмитасининг алоқаси йўқ. Яъни ушбу кўприк­ларда бўлаётган тирбандлик ва ноқулайликларга «Ўзбекистон темир йўллари» жавобгар…
Иккинчи савол: пойтахтимизнинг Юнусобод туманини марказ билан боғлайдиган йўлда бот-бот таъмирлаш ишлари олиб борилиши, ҳар йили баҳор фасли арафасида йўллардаги «яма»ларни тўлдириш мақсадида давлат бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратилиши қанчалик тўғри?
Дилмурод Исаевнинг жавобига кўра, Юнусобод туманидаги ҳолатга шаҳар ҳокимлиги масъул. Чунки пойтахтдаги барча ички ва ташқи йўлларни қуриш-реконструкция қилиш билан айнан шаҳар ҳокимлиги шуғулланади. Йўллар бир йилга борар-бормас яроқсиз аҳволга келиши, ўйдим-чуқур «яма»лар пайдо бўлишига эса сифатнинг алоқаси йўқ. Чунки Автойўл қўмитаси қурган йўллар камида 16 йилгача хизмат қилиши керак. Ортиқча ёғингарчилик ва оғир юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари йўлларни яроқсиз аҳволга солмоқда…
Бир сўз билан айтганда, саволларга тўлиқ жавоб берилмади.
Шаҳардаги йўлларга, Сирдарё ва «Яллама»даги кўприк қурилишига қўмитанинг алоқаси йўқ ҳам бўлсин. Аммо улар 16 йилга мўлжаллаб қураётган «сифатли» йўллар ёғингарчилик ва юк транспорт воситалари туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолаётганига қандай ишониш мумкин?
Яна бош қашишга тўғри келади. Қўмита фақат хорижий аҳамиятга эга магистрал йўлларга жавоб берар экан, бу борадаги ҳолат ҳам мақтангулик эмас-да. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хорижлик ҳайдовчиларнинг шикоятли видеолари бунинг исботи эмасми?
Хуллас… Тадбир давомида ­хаёлдан ўтгани шу бўлди: гап кўп, иш кам.
Ўйлаб қоласан киши, кўпроқ ҳисобот учун ташкил қилинаётган тадбирлар кимга керак?
Тадбирга савол билан бориб, саволлар билан қайтдик. Хулосани балки мутасаддилар айтар…

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»