«Мактаб»га айланган «мактуб»

908

ёхуд маънавиятга хиёнат қилаётганлар…

Андижон шаҳридаги марказий хиёбондан ўтиб кетаётсам, Ҳалимжон ака исмли танишим китоб ўқиб ўтирган экан. Ўзи қурувчи бўлса-да, китоб мутолаасига бефарқ бўлмаган бу инсон уч кун бурун учрашганимизда Жек Лондоннинг «Мартен Иден» ва «Оқ сўйлоқ» асарларини ўқиётганини айтган эди. Кўришдик. Ўша, менга айтган китобини астойдил мутолаа қилаётган экан, сал қолса, завқини ҳавога учирибман.

– Ука, – деди ҳамсуҳбатим йиғламоқдан бери бўлиб, – шунчалик ҳам бўладими? Ҳар бир саҳифада имло хато, ё сўз тушиб қолган, ё қўшилиб кетган, ё ортиқча! Муҳаррирлар қаёққа қараган? Ахир, бу китобни мактаб ўқувчиси чиқармагандир?! Китобни ўқиб бўлибоқ, хатоларини белгилаб, нашриётга юбормоқчиман. Ахир, қачонгача бу аҳвол давом этади?
Қизиқиб, китобнинг сўнгги саҳифасига кўз югуртирдим. Бу китоб яқинда «Ishonch» газетасида чоп этилган «Китобдан қўлингни торт, саводсиз!» сарлавҳали мақолада номи қайд этилган «Book media nashr» нашриёти маҳсулоти экан.
Дарвоқе, мазкур мақолада долзарб мавзу кўтарилган. Менда ҳам бу борада талайгина мисоллар бор.
Ўтган йили андижонлик ижодкор Бахтиёр Фидоий «Фидоий гулшани» деган камтарона китоб тарқатди дўстларига. Бу китоб Андижон давлат университети собиқ муаллими Абдуғани Абдуллаев ўз уйида очган (?) «Асл» «нашриёти»да босилган ва унга ҳозирги маданият вазиримиз Озодбек Назарбеков сўзбоши ёзган. Сўзбошини ўқиганлар сафланиб кетган имло хатолардан озорланиб, бош чайқашди.
Афсуски, йиллар давомида инсонларнинг пулини олиб, фақат моддий манфаат учун ишлайдиган бу ношир акамиз бирорта муҳаррир ёлламайди. Ҳамма китобга ўзи сўзбоши ихтиро қилади. Муҳаррир: Ғани Мажид, мусаҳҳиҳ: А.Абдуллаев (ўзи!). Бир нусха тайёрлаб, муаллифга тақдим қилмайди. Ўтган йили шу нашриётда китобини чиқариб, оғзи куйган Иброҳим Аҳмедов деган фахрий алоқачи шоиримиз менга китобидаги хатоларни ўзи ручкада тузатиб, сўнг тақдим қилди. Афсуски, бундай ачинарли ҳолат билан ҳеч ким қизиқмайди.
Яқинда Ўлмас Мурод исмли кекса шоиримиз вилоятдаги «Андижон» нашриётида «Дунём» номли китобини чиқарди ва бизга тақдим этди. Китобга муҳаррирлик қилган Нусрат Абдусаломга, нега бу китобнинг хатолари тузатилмади, десам, муаллиф ҳам, нашриёт ҳам менга кўрсатишмади, деб важ қилди. Мисол учун бир ғазалга «Мактаб» деб сарлавҳа қўйилибди. Ўқиб чиқсам, ишқий мавзудаги бу ғазалдан мактабга, таълимга алоқадор бирорта гап чиқмади. Билдимки, сарлавҳа аслида «Мактуб» экан. Бу – биргина мисол, холос.
Кунларнинг бирида нуфузли «Шарқ» нашриётида Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг «Танланган асарлар»и учинчи жилди босилган экан, устоз аввалгилари каби уни ҳам менга туҳфа қилди.
– Устоз, бунча хато кўп, – ­ дедим ажабланиб.
Тўланбой аканинг изоҳича, нашриёт муаллиф ўқиган нусхани йўқотган, кейин эса, аввалги – таҳрир қилинмаган нусхани варанг­латиб босаверган. Ноширга нима – китоб пули тўланган, тамом!
Пойтахтдаги «Мумтоз сўз» нашриёти бошқа нашриётларга қараганда имлога умуман эътибор бермаслиги билан ҳам алоҳида ажралиб турса керак. Буни устоз Тўлан Низомнинг «Тоғ бағридаги қоя» ва бошқа китоблари нашри жараёнида кўп ва хўб кўрганмиз. Гап қуруқ бўлмасин, шоир 80 ёшга тўлиши муносабати билан мазкур нашриётда замондошлар эътирофи, олимлар томонидан устоз китобларига сўзбошилар, бағиш­лов шеърлардан иборат «Замин ва замон куйчиси» номли китоб нашр этилди. Варақлаб бораётсам, бир мақола устига «Ҳабиб Сиддиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси», деб изоҳ берилибди. Мақола нариги бетда ҳам давом этиб, унинг охирига «Рус­там Мусурмон», деб имзо чекилган. Наҳотки, бу хатони бирорта мутахассис кўрмаган бўлса? Ўшанда Тўланбой аканинг, бу нашриётдагилар жуда чатоқ экан, бирор марта телефонимни кўтармаяпти, деб кўп зорланганини ўз қулоғим билан эшитганман.
Бунақа мисоллар кўп. Китобни синчиклаб, мутахассислар билан келишиб, сўнг чиқарадиган нашриётлар саноқли. Муҳими, улар муаллифнинг ҳам фикрини инобатга олишади.
Ахир, китоб миллат маънавияти билан боғлиқ ҳодиса. Унга хиёнатни эса маънавиятга хиёнат деб баҳолаш зарур. Бу борада эса мақола муаллифининг фикрларига қўшиламан: бундай ҳолатларга жиноий жавобгарлик белгиланиб, маънавий санкциялар қўлланилиб, таъсир чораси кўрилмаса, қош қўйиш ўрнига «кўз чиқариш» янада кўпаяверади…

Икромжон АСЛИЙ,
шоир