«Рўзғоримизга барака кирмоқда»

993

Яккабоғ тумани Ибн Сино номли маҳаллада яшовчи Нилуфар Юсупованинг икки нафар фарзанди бор. Тўнғич ўғли Суннатилло Абдуазимов нуқсон билан туғилган. Оила бошлиғи ва бекаси бир неча йилки, шифохонама-шифохона юриб, боласининг дардига дармон излайди.

– Ўғлим бу йил олти ёшга киради, – дей­ди она. – Айни пайтда отаси иккиси Тошкентда. Фарзандимизнинг суннат аъзосида нуқсони бор. Шифокорлар бундай беморларни 5-6 ёшида операция қилиб, даволашар экан. Аммо оилавий шароитимиз унчалик яхши эмас. Ишчи гуруҳ оилавий аҳволимизни ўргангач, менга тикув машинаси тақдим этилди.
– Маҳалламиздан 98 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди, – дей­ди МФЙ раиси ўринбосари Моҳира Жалилова. – Ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан суҳбатлар ўтказиб, уларнинг имкон қадар бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, Садоқат Аббосова 19-сонли ­мактабгача таълим ташкилотига ишга кирди. Яна уч нафар аёл ободонлаштириш бўйича жамоат ишига жалб этилди. 14 нафар аёлга парранда, «Аёллар дафтари»га кирган икки нафар ва «Ёшлар дафтари»да қайд этилган бир аёлга тикув машинаси берилди. Саккиз нафар хотин-қиз касб-ҳунар мактабида тикувчилик йўналишида таҳсил олмоқда…
Хонақа туман марказидан анча узоқда, тоғли ҳудудда жойлашган қишлоқ. Бу ҳудудда яшовчи Ҳулкар Оғаеванинг тўнғич фарзанди ногирон, юролмайди. Опанинг турмуш ўртоғи вафот этган.
– Юролмайдиган қизимга парвона бўлиб, икки боламни ёлғиз катта қиляпман, – дейди Ҳулкар опа. – Қишда «Рўзғорингизга ёрдам бўлсин» деб 30 та товуқ беришганди. Раҳмат, ҳозир улар тухумга кириб қолди. Иссиқхонамиз бор эди. Банкдан 20 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, уни кенгайтирдик. Помидор, бодринг етиштиряпмиз.
– 16 йилдан буён икки боламни ёлғиз катта қиляпман. Турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз, – дейди шу маҳаллада яшовчи Манзура Назирова. – Мактабда фаррошлик қиламан. Ярим ставка ишим учун 300 минг сўм маош оламан. Яқинда касаба уюшма ва маҳалла фаоллари келиб, тикув машинаси бериб кетишди. Қизим Рухшонанинг тикувчиликка лаёқати бор. Ҳозир замонавий машинани тиндирмайди. Кийим-кечак тикиб, ярим кўнглимга қувонч улашяпти.
– Маҳалламизда 49 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га кирган, – дейди «Нурлийўл» МФЙ раис ўринбосари Назокат Йўлдошева. – Уларнинг 14 нафари ишсиз эди. Муборак Аллаёрова банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, учта замонавий тикув машинаси ва газламалар харид қилди. Ёнига икки нафар аёлни олиб, тикувчилик фаолиятини бошлади. Бир неча аёл тикувчилик йўналишида сабоқ олди. Улар имтиёзли кредит эвазига чеварлик ишини бошламоқчи. Беш нафар боқувчисини йўқотган аёлга газ плитаси берилди. Тиббий ҳимояга муҳтож Олтиной Бобоқулова туман тиббиёт бирлашмасида даволаниб чиқди…
«Шерозий» маҳалласида яшовчи Райҳон опа Шарипова қариганда дафтарга тушди. Ишчи гуруҳи аъзолари маҳаллани айланиб юришганда опанинг уч фарзандини уйли-жойли қилганидан, аммо болаларининг ишсизлигидан хабар топишди. Опанинг муаммоси «Аёллар дафтари»га қайд этилди. Қисқа фурсатда ҳужжатлар тайёрланиб, Райҳон опанинг ҳам 20 миллион сўм кредит олишига кўмаклашилди. Меҳнатсевар оила бу пулга иссиқхона ташкил қилди, лимон кўчатлари экди.
Худди шу маҳаллада яшовчи Мавлуда Сатторова оиласида беш киши бор. Опанинг икки қизи тикувчи.
– Эски тикув машинасида тиқир-тиқир қилиб ўтирардик, – дейди Мавлуда опа. – «Аёллар дафтари»га киргизишгач, банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, унга иккита замонавий тикув машинаси ва керакли газламалар харид қилдик. Қизларим билан кийим-кечак тикамиз. Тайёр маҳсулотларни Шаҳрисабздаги «Кеш» бозорига олиб бориб, сотиб келамиз. Рўзғоримизга барака кирди. Бизга ёрдам берган барча инсонлардан миннатдормиз.
– Ишчи гуруҳ билан хонадонма-хонадон юриб, аёллар муаммоларини ўрганиш ўз самарасини беряпти, – дейди «Хўжаилғор» маҳалла фуқаролар йиғини раис ўринбосари Гулнора Шомирзаева. – Жумладан, ногирон фарзанд тарбиялаётган Ситора Шаропованинг уйи таъмирлаб берилди. Матлуба Исмоилованинг эри ногирон. Бу аёл ободонлаштириш бўйича жамоат ишига кирди. Дилбар Эргашеванинг ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ногирон. Унга тикув машинаси берилди. Туғма ногирон Зебинисо Қодировага бир миллион сўм пул ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. Бундан ташқари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси олти ойлик моддий ёрдам белгилади. Бу аёл босқичма-босқич даволаниш муолажалари оляпти.
– Ҳозирча Яккабоғ туманида 60 нафар аёл тикув машинаси олган, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бобомурод Хўжаёров. – 184 нафар аёлга 500 минг сўмдан моддий ёрдам пули тарқатилди. 84 нафар аёл турли маиший хизмат турлари фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишди. 12 нафар аёлнинг уй-жойи таъмирлаб берилди.
Ишчи гуруҳи аъзосининг айтишича, аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳали қилинажак ишлар бисёр. Муҳими, тумандаги аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини танишяпти, ҳар ким яхши яшашга ҳақли ва амалга оширилаётган ­саъй-ҳаракатлардан мақсад ҳам айнан шу эканини англаб етишмоқда.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»