Шаффофлик бўлмаса экан, гумонлар кўпаяверади

2101

ёхуд мутасаддилар
саволларга жавоб беролмадими ёки хоҳлашмадими?

Яқинда ижтимоий тармоқларда «Ўзстандарт» агентлиги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқарилаётган газбетон маҳсулотларининг сифатини текшириш давомида 11 та ташкилотнинг газбетон маҳсулотини амалдаги стандарт талабларига жавоб бермайди, дея баёнот бергани кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.

Шундан сўнг кўпчиликда ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича қандай чоралар кўрилди, сифатсиз маҳсулотларнинг ­кейинги тақдири нима бўлди, деган саволлар пайдо бўлди.
Аммо бу саволларга ҳеч ким атрофлича изоҳ бермади.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда соҳа вакилларига ушбу саволни қайтадан беришга тўғри келди.
Аммо жавоб яна умумий – масъулият сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарувчининг зиммасида, ундан кейинги ишга биз аралашмаймиз, борди-ю маҳсулот қайсидир қурилиш объектига етказилган бўлса, тадбиркор кўрилган зарарни тўлашга мажбур.
Яна бир оғриқли савол: охирги вақтларда аҳолининг газ ва электр ҳисоблагичлардан шикояти кўпайиб кетди. Яъни, янги ўрнатилган ҳисоблагичлар аввалгисига нисбатан кўп ҳисобламоқда.
Бу гапда жон бордек. Ўзимдан қиёс: хонадонимга янги ҳисоблагич қўйилгач, ойлик тўловим қарийб икки баробарга етди. Авваллари электр энергияси учун бир ойда тахминан 90-100 минг сарфлаган бўлсак, айни пайтда бу кўрсаткич 180-200 минг атрофида.
Хўш, бу масалага «Ўзстандарт» мутахассислари нима деркин?
Таассуфки, бу саволимизга ­ҳам тайинли жавоб ололмадик. Бу бўйича агентлик қошидаги махсус бўлим шуғулланиши, бироқ улар бугун тадбирда иштирок этмаётгани боис, саволга тадбирдан сўнг жавоб берадиган бўлишди…
Баъзи бир маълумотларни, айниқса, агентликда амалга оширилаётган «кенг кўламли ислоҳотлар»ни оғзидан бол томиб мақтайдиган мутасаддиларнинг мазкур саволларга ҳар хил баҳоналар билан жавоб бермагани эса…

Очиғи, нима дейишга ҳам ҳайронсиз… Мутасаддилар билан юзма-юз ҳолатда журналист ололмаган жавобни аҳоли қандай ­олсин?
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, шаффоф­лик бўлмас экан, шубҳа-ю гумонлар кўпаяверади. Дарвоқе, мутасаддилар яна шуни билиб қўйсинларки, номига ва фақат мақтов ҳисоботлари учун тадбир ўтказишнинг даври ўтган.

Абдулла АҲМЕДОВ