Жиззахда Космонавтика музейи очилди

1165

Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги «Россия қаҳрамонлари ассоциацияси» Бутунроссия жамоат ташкилоти делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Гагарин шаҳрида Космонавтика музейи очилди.
Делегация таркибидаги икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони, космонавт Владимир Жонибеков, Совет Иттифоқи ва Россия Федерацияси Қаҳрамони Сергей Крикалёв, Россия Федерацияси Қаҳрамони, космонавт Солижон Шарипов, Ю.А.Гагарин номли Илмий текшириш институти марказий ишлаб чиқариш компания­­си бошқаруви вакилларидан иборат делегация аъзолари жаҳоннинг биринчи фазогири ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йили Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия Қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси таркибида космонавтлар – В.Жонибеков, С.Шарипов, Ю.Онуфриенко Мирзачўлга келишган эди.

Гагарин шаҳрида косманавтика музейини барпо этиш ташаббуси ҳам ушбу ташриф чоғида туғилган. Шундан сўнг Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Мирзачўл тумани бўлинмаси билан Россиядаги «Защитники Отечества» («Ватан ҳимоячилари») Владимир Шаманов фонди ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди.
Маросимда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев, Россия делегацияси раҳбари В.Шаманов, космонавтлар В.Жонибеков, ­С.Шарипов, Мирзачўлдаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Л.Кулешова ва бошқалар ушбу музей космонавтика фани тарихини ва ютуқларини, жаҳон фалакиёти илмига катта ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний каби буюк сиймолар илмий мероси билан ёшларни таништирувчи муҳим илмий-маърифий маскан сифатида катта аҳамиятга эгалигини эътироф этишди.
– Ўзбекистонда Гагарин номи билан аталувчи обод шаҳар борлиги, бугун бу шаҳарда Космонавтика музейи очилиши мамлакатда илм-фан тараққиётига берилаётган катта эътиборнинг ифодасидир, – дейди ­В.Шаманов.
Музейнинг барпо этилишида ушбу делегация раҳбари В.Шамановнинг ҳиссаси катта. У Мирзачўлда вояга етган, туман марказидаги 1-умумтаълим мактабини, сўнгра Чирчиқдаги ҳарбий билим юртини битирган.
– Музейдаги космонавтика ютуқлари, унда Ўзбекистоннинг ҳиссасига, буюк алломаларнинг фалаккиёт илми тараққиётида тутган ўрнига бағишланган бўлимлар, турли экспонатлар коинотни ўзлаштириш тўғрисида бой таассурот қолдиради, – дейди В.Жонибеков.
В.Шаманов музейга Юрий Гагариннинг бир неча суратларини, С.Шарипов космосга парвозида олиб чиққан ўзбек дўпписини совға қилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»