Фидойилик ва фаоллик эътирофи

279

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танлови ўтказилмоқда.

Танловда иштирок этиш учун Низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида 20 йилдан ортиқ педагогик, 10 йилдан ортиқ касаба уюшмаси тизимида фаолият кўрсатаётган 1 135 нафар фидойи устозлардан мурожаатлар келиб тушди.
Комиссиялар қатнашчиларни баҳолашда уларнинг билими, ўз соҳасини ва касаба уюшмаларининг фаолият йўналишларини қай даражада яхши билиши, муассасада ўқувчиларга таълим беришда эришган натижалари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаши ҳамда касаба уюшма аъзоларига етказа олиши, иш берувчилар, давлат ва хўжалик органлари билан ижтимоий шериклик асосида ишларни ташкил эта олишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашларида тузилган комиссиялар томонидан баҳолаш мезонлари асосида номзодларнинг фаолияти кўриб чиқилиб, юқори натижа кўрсатган қатнашчиларнинг ҳужжатлари танловнинг иккинчи босқичига юборилди.

Вилоятдаги туман ва шаҳар умумтаълим мактаблари ­бош­­ланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ўртасида ўтказилаётган «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танловининг биринчи босқичи якунланди.
– Мазкур танлов бугунги кунда устоз-мураббийлар меҳнатининг нақадар улуғланаётганининг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Тошкент туманидаги 11-мактабнинг БКУҚ раиси, 1-ўрин соҳиби Гули Рашидова. – Ғолиблик яқинлашиб келаётган устозлар байрамига ажойиб совға бўлиши билан биргаликда касбимга нисбатан ­масъулиятни янада оширди.
Ходимларнинг касаба уюшмаларида ўз ваколатлари доирасида меҳнатга оид ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги хизматлари ҳамда ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдаги ҳиссалари инобатга олиниб, иштирокчилар орасида ғолиб деб топилганлар вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Уларга касаба уюшма қўмитаси туман кенгашлари ва ХТБнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«ISHONCH»

«Устозлар касаба уюшмалари эъзозида» республика кўрик-танловининг Бухоро шаҳри босқичи якунланди.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида бўлиб ўтган саралашда саккиз нафар педагог ходим ўз салоҳиятини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, кўҳна шаҳардаги 20-ўрта мактаб ўқитувчиси ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси Дилбар Тошева 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Қатнаш­чиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Рустам ИБРАГИМОВ,
«ISHONCH»


Танловнинг биринчи босқичида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон тумани кенгаши тасарруфидаги мактаблардан тўққиз нафар қўмита раиси қатнашди.
Ҳайъат аъзолари фаолиятга оид ҳужжатларни ўрганиб, иштирокчилар билан суҳбатлашди. Танлов натижаларига кўра, 29-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раи­­си Р.Абдувагапова, 43-мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Г.Ражабова, 6-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳло Ҳасанова кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши молия бўлими мудири А.Асадов ҳамда Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими мудири З.Абдуллаева ғолибларни муборакбод этди.

Юнус ҲОМИДОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон тумани кенгаши раиси

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят шаҳар-туман кенгашларининг тарғибот тадбирлари туфайли танловда иштирок этиш истагини билдирганлар кутилганидан-да кўп бўлди. Танлов талабига кўра етарли иш стажига эга 42 нафар бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисининг ҳужжатлари Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳларга топширилди. Уларнинг фаолияти низомда белгиланган тартибда баҳоланиб, 36 нафар касабақўм ҳужжатлари вилоят ташкилотига тақдим қилинди.
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ ушбу ҳужжатларни ўрганишни бошлади. Бундан ташқари, бирлашма мутасадди ходимлари жойларга чиқиб, касабақўмлар фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ҳақда ҳамкасблари фикрларини ўрганди.
– Президент Шавкат ­Мирзиёев ҳузурида 2019 йилнинг 23 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга касаба уюшмалари биринчилардан бўлиб киришгани соҳа ходимларини руҳлантириб юборди, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова. – Ушбу танлов ўқитувчиларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга хизмат қилади.
Республика босқичига кимлар йўлланма олиши 18 сентябрда эълон қилиниши кутилмоқда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Андижон шаҳридаги мактабларда кўп йиллар ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш баробарида касаба уюшма етакчилигига бир неча бор сайланиб, ўн йилдан бери раис сифатида ходимлар ишончини қозониб келаётган 16 нафар устоз шаҳардаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактабида танлов баҳона дийдорлашиб, ўзаро тажриба алмашди.
Тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, таълим ривожига ҳисса қўшаётган барча иштирокчилар Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгашининг совға-саломлари билан тақдирланди. 10-умумтаълим мактабининг бош­ланғич қўмита раиси Зулфия Содиқова биринчи босқич ғолиби сифатида эътироф этилди. 6- ва 29-умумтаълим мактаблари вакиллари Нодира Қурбонова ҳамда Манзура Узоқбоева иккинчи ва учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Насибахон ТЎРАҚУЛОВА,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Андижон шаҳри кенгаши раиси

Бошқа хабарлар