Кукуни тозалайди, тутуни жазолайди

276

Хўжайли шаҳри марказидаги кичик саноат зонаси учун тўрт гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда бир қанча тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётир. Хусусан, «Голден Прайд Ходжейли» масъулияти чекланган жамияти мебель, дераза ва дарвозалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

– Ишни аҳолига сервис хизматини кўрсатишдан бошлаган эдик, – дейди корхона раҳбари И.Исакбоев. – Сўнгра кичик саноат зонасидан ажратилган майдонда ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Ҳозир бу ерда 8 нафар одам доимий иш билан банд.
Тадбиркор йигит корхонани кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринларини очиш истаги билан елиб-югурмоқда.
Бу яхши, албатта. Лекин 77 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар марказида инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи ишлаб чиқариш объектлари фаолият кўрсатаётгани қанчалик тўғри? Масалан, «Аббазбек строй» МЧЖга қарашли корхонада кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Давлат экологик экспертиза хулосасида ушбу жараёнда атроф-муҳитга углерод ва азот оксиди, азотдиоксиди каби газсимон ва қаттиқ зарарли моддалар ажралиб чиқаётгани аниқлангани ўз ифодасини топган. Хўжайли тумани санитария-эпидемиология станциясининг маълум қилишича, биргина ўтган йилда туман аҳолисининг нафас олиш тизими касалликлари кўрсаткичи 9969 тага кўпайган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки кир ювиш кукуни таркибидаги зарарли моддалар инсон организмида касаллик келтириб чиқаради. Агар корхонада каус­тик сода ишлаб чиқарилса, технологик жараёнда ртут катодини ишлатиш асноси инсон учун заҳарли бўлган ртут кўчмалари атмосферага тарқалиб, атроф-муҳитни янада ифлослантиради.
Хуллас, туман марказида ташкил этилган ушбу кичик саноат зонасида совун ва суюқ совун, полипропилен ва поливинихлорид трубалари, кир ювиш воситалари, прима вата, йодланган экстра тузи, асбест ғишт, лак-бўёқ ва бетон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, пено-блок ишлаб чиқарувчи корхоналар қўним топган.
Ҳолбуки, қонунчилик бўйича инсон саломатлиги учун хавфли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар аҳоли яшайдиган пунктлардан кўзда тутилган даражада олис манзилларда фаолият юритиши шарт. Қолаверса, бундай корхоналарда технологик ишлаб чиқариш жараёнида пайдо бўладиган заҳарли ва инсон соғлиғига хавфли моддаларни атроф-муҳитга ташланишини чеклаш учун махсус ушловчи ускуналар ҳам ўрнатилиши лозим.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «кукуни тозалаб, тутуни жазолайдиган» корхоналарнинг шаҳар марказида ишлаб туриши қонунга зид. Бунга мутасаддилар қандай муносабат билдиради?

Ортиқбой МАМУТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар