Савицкий нега йиғлаган эди?

2934

ёхуд маданий меросимизга эътибор ва эътиборсизлик ҳақида

Пандемия бошланмасдан олдин ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар 10 кун Испанияда бўлган эдик. Ўшанда мен неча асрлардан буён қад ростлаб турган шаҳар кўчаларидаги тарихий бинолар ҳануз асл ҳолатида сақланиб турганидан лол қолган эдим. XV-XVI асрларда қурилган кўп қаватли уйларда ҳали ҳам одамлар яшайди. Уй эгалари хоналарнинг ички дизайнларини ўзгартириши мумкин, аммо сиртқи деворга игнанинг учини ҳам теккиза олмайди. Чунки, бунга рухсат йўқ.

Бизда эса бутун бошли бинолар «снос»га тушяпти. Масалан, Нукусда ўтган асрнинг 40-50 йилларини эслатувчи бинолар қолмади ҳисоб. Бузиляпти, ўрнига янгилари қад ростлаяпти.

Тўғри, замонавий шаҳар ва бинолар қуриш керак, лекин тарих-чи? Уни ўз қўлимиз билан ўчирмаяпмизми?
Туризмни ривожлантириш керак, деймиз. Қанақасига ривожлантириш мумкин? Туристлар замонавий бинони кўриш учун келмайди-ку. Уларга ўзига хос маданий меросларимиз, тарихий обидаларимиз қизиқ-ку!
Қорақалпоғистонда сайёҳларни кўпроқ жалб қилиб турган объектлар – Савицкий музейи ва Мўйноқдаги «Кемалар қабрис­тони». «Кемалар қабристони» ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин эди. Катта раҳбарларнинг «Занглаган темир матоҳлар бошимизга бало бўлди. Дунёга шуларни деб шарманда бўляпмиз, уларни йўқ қилиш керак» деган гапларини ўзим ҳам эшитганман («FoxNews» телеканали Мўйноқни дунёдаги энг даҳшатли жой, деб атаганидан сўнг шу масала кўтарилганди).
Ҳозир Мўйноқда 13 та кема қолган, 2000 йилларда уларнинг сони 300 тадан ошарди. Барчаси металлоломга кетган.

Икки дарё оралиғидаги иккинчи Миср

Ўтган асрнинг 40-йилларидан бошлаб Қорақалпоғистонда кенг кўламли илмий ишлар олиб борган машҳур археолог олим Сергей Толстов бу заминни «икки дарё оралиғидаги иккинчи Миср», деб атаган эди.
Бундай дейишига сабаб, ўша пайтлар Қорақалпоғистонда 1000 га яқин яхши сақланган тарихий обида топилган. Афсуски, ­қишлоқ хўжалигини ривожлантириш баҳонасида 700 га яқин обида йўқ бўлиб кетган. Шулардан бири машҳур санъатшунос ва археолог олим Игорь Савицкийни йиғлатган Қаватқалъа саройидир.

Қадимий қалъа қандай йўқ бўлган?

Ҳозирги Элликқалъа тумани ҳокимлиги биноси ўрта асрларнинг бетакрор ёдгорлиги бўлган катта сарой устига қурилган. Бу ҳақда археолог олим Октябрь Доспанов шундай дейди:
– 1981-1982 йилларда Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳри атрофида қазишма ишлари олиб борилган эди. Мен Игорь Савицкий билан археологик амалиётда қатнашаётган эдим. Бу ердан Қаватқалъа деб ном берилган ўрта асрларга оид бир неча қаср топилди. Улар ўрта асрларда бойлар ўзлари учун қурдирган саройлар эди. Милодий IX-XII асрларда Хоразм давлатида бойлар ўзларига ҳашаматли бинолар барпо эттирган. Демак, подшоҳ саройидан ташқари бошқа бойларнинг ҳам саройи бўлган. Шундай яхши сақланган ёдгорликлардан бири ҳозирги Элликқалъа тумани ҳокимлиги биноси остида қолиб кетди.
Сарой Игорь Савицкийни жуда қизиқтириб қўяди. Олим Қорақалпоғистон заминидан топилаётган археологик ёдгорликлардан чексиз ҳайратга тушарди. Қаватқалъа саройида навбатдаги қазишма ишларини шахсан ўзи олиб боришни мақсад қилиб, биргаликда шу жойни суратга тушириб қайтдик.
Сўнг Нукусга келиб, экспедицияга тайёргарлик кўрдик. Орадан 3-4 ой ўтгач, қазишма ишларини бошлаш учун белгилаб кетган жойимизга борсак, у ерда қурувчилар ҳозирги ҳокимлик биноси қурилишини бошлаётгани устидан чиқдик. Биз белгилаб кетган саройдан ном-нишон йўқ. Савицкий бу даҳшатдан ҳўнграб йиғлаб юборди, кўп вақтгача ўзига келолмай юрди.
Ўша пайтларда бошқа ҳудудларда ҳам қанча-қанча бетакрор ёдгорликлар пахтазорлар, қишлоқ ва шаҳарчалар ҳисобига йўқ бўлиб кетаётган эди. Оқибатда Қорақалпоғистон заминидаги қарийб 1000 та ёдгорликдан атиги 300 га яқини қолди, холос.

2000 йиллик Тупроққалъа…

2018 йил Хўжайлидаги ХII асрга оид Шамун Наби эсдалигини тепадагилар буйруғи билан «уста»лар бузиб ташлаб, ўрнига янгисини барпо қилди. Тарихий ёдгорлик бутунлай йўқ бўлиб кетди. Бу анча шов-шувга сабабчи бўлди.
– Маданий меросни сақлаб қолиш ­дунёвий муаммо саналади, – дейди тарихчи олим Мақсет Қарлибаев. – Қорақалпоғис­тонда маданий ёдгорликларнинг йўқ бўлиб кетаётганига биринчи сабаб айрим мутасаддиларнинг соҳани яхши тушунмаслигидир. Улар реставрация нима, консервация нима, реконструкция-чи, буларнинг фарқига бормайди. Шунинг оқибатида 1000 йиллик меросларимиздан айрилмоқдамиз.
– Аянчли воқеалардан яна бири 2012 йил Элликқалъа туманидаги Тупроққалъа ёдгорлигида ўтказилган «Асрлар садоси» фестивали пайтида юз бериши мумкин эди, – деб эслайди Мақсет Қарлибаев. – Хуллас, «Асрлар садоси»га тайёргарлик қизғин кетмоқда эди. Ўша йили март ойида Ўзбекис­тон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими олимлари томонидан Тупроққалъанинг муҳофаза қилинадиган ҳудудлари белгилаб берилди. Апрель ойида Тошкентдан келган фотографлар билан Туп­роққалъадаги археологик ёдгорликларнинг 3D суратини тасвирга олиб юргандик. Шунда бир гуруҳ одамларнинг нималарнидир маслаҳатлашиб турганига гувоҳ бўлдик. Барчаси фес­тивални ўтказишга мутасадди раҳбарлар. Қўлларида қандайдир плакат бор. Қизиқиб ёнларига борсам, фестивални Туп­роққалъанинг ичида ўтказмоқчи экан. Ўзимни тутиб тура олмадим. «Бу режангиз мутлақо нотўғри» деб уларнинг муҳокамасини ­буздим. Ҳамма мен томон ўгирилди. «Бу муҳофаза қилинадиган ёдгорлик. Қазиш ишлари ҳали давом эттирилиши мумкин. Буни неча минг одам оёғи билан топтаб ташласа, ёдгорлик чилпарчин бўлади-ку!? Нима учун белгилаб берган ҳужжат бўйича иш олиб бормайсиз?», дедим.
Маълум бўлишича, бизнинг ҳужжатимиз тегишли жойларга етиб бормаган экан. Қизишиб кетганимдан «бу ёдгорлик ­ЮНЕСКО рўйхатига кирган (кирган-кирмаганини ўзим ҳам билмайман аслида), ҳозир тўхтатмасангиз, эртага бирорта чет эллик журналист «тадбир 1000 йиллик ёдгорликни нобуд қилди» деб хабар тарқатиб юборса, бутун дунёга шарманда бўлмаймизми?», дегандим, ҳамма жим қотиб қолди.
Уларнинг режаси бўйича қалъанинг ичига ўтовлар, мода подиумлари, концерт саҳналари қурилиши керак эди.
Тасаввур қилинг-а, Тупроққалъанинг Қуйисарой деган аҳамиятли қисмини техникалар ёрдамида текислаб юбориб, от чоптирмоқчи экан.
Қисқаси, талашиб-тортишиб, ёдгорликни сақлаб қолдик.

Бу мерос авлодларга қоладими?

Маданий меросимизни сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратиляпти, маблағ ажратиляпти. Аммо бу ишга жиддий ёндашиш лозим, яъни маданий мерос объектларини сақлаб қолиш масаласида мутахассислар билан маслаҳатлашиш керак. Аввало, шундай муайян объектни реставрация қилиш керакми ёки консервация? Балки қазиш ишлари олиб бориш керакдир? Мана шу масалаларда мутахассислар керак. Бунинг учун эса, нафақат ўз тарихимизни, балки жаҳон тарихини, ривожланган давлатларда бу масалага ёндашув қандай эканини яхши биладиган, хуллас, замонавий илм-фан ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни пухта ўзлаштирган муносиб кадрлар керак. Борган сари камайиб бораётган маданий меросимиз сиз-у бизнинг давримизда йўқ бўлиб кетса, келгуси авлодлар буни асло кечирмайди.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»