Ўрнингиз қаерда, жаноби эркак ?

1511

Ёхуд олим эмас, мигрантликни орзу қилаётган авлод хусусида аччиқ ҳақиқатлар

Ҳеч қаерда ишламайди…
Кунбўйи телевизор кўриб ётаверади…
Тўртинчи фарзандим қиз туғилгани учун бизни уйдан ҳайдаб юборди…
Россияга ишлаш учун кетиб, қайтиб келмади…
Ичкиликка муккасидан кетгани учун ҳаётимиз издан чиқди…

Аёллар ўз турмуш ўртоқлари ҳақида айтган шу каби фикрлар кишини ўйга толдиради. Наҳотки, эркакларимиз зиммасидаги масъулиятни тўла англамаяпти? Ёки масъулиятни адо этишга имкон топмаяптими? Нима учун аёлни ижтимоий муҳофаза қилиш давлат ­сиёсати даражасига кўтарилди? Аслида, аёлни отаси, акаси, турмуш ўртоғи ҳимоя қилиши, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаши керак эмасми?
Тўғри, давлат хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли ишларни амалга оширмоқда. Натижада кўплаб аёлларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланмоқда, жамиятдаги мавқеи ­мустаҳкамланмоқда.
Бироқ… Уйда тинчи бўлмас экан, эркак ҳам, аёл ҳам ўзини бахтли ҳисоб­лай олмайди. Кўча-кўйда, олис қиш­лоқларда оддий одамлар билан гурунг­лашсангиз, турмуш кечириш қийин бўлиб бораётганини айтишади. Сабаб­лари билан қизиқсангиз, ўша оиладаги эркаклар ишсиз. Яна денг, аёлининг топ­ган пулини ёки кекса онасининг нафақасини уялмасдан еб, ичиб ўтирганлари қанча…
Таҳлил этиб кўрсангиз, ота-онасига, аёлига боқиманда эркакларнинг аксарияти 25-40 ёшларда. Улар мамлакатимиз мустақилликка эришган даврларда 5-10 ёш бўлган ёки шундан кейин туғилган. Ўша йиллардаги иқтисодий қийинчиликлар сабаб одамлар хорижга иш излаб кета бошлаган эди. Бунинг оқибатида оилалари, фарзандлари қаровсиз, тарбиясиз қолди. Эркак ўз ҳолича, аёл ўз ҳолича яшашга одатланди. Отанинг оиладаги ўрнини ҳис қилмай катта бўлган болалар бугун ўзлари оталик мақомига эришдилар. Энди улар ҳам тенденцияни давом эттирмоқда. Ўн саккизга тўлган йигитларнинг аксари хорижга кетиш тараддудини бош­лайди. Сабаби олий маълумот олиш учун билимга эга эмас, бу аҳволида эса иш йўқ.
Уйдан узоқда яшаш кишини қалбан ва маънан ҳам оиласидан узоқлаштирди. Шунинг учун ҳам қиз боланинг калта юбка, йиртиқ шим кийиши, ўғил болаларнинг ўн-ўн икки ёшида сигарет ёки нос чекиши, ўн беш ёшида қўлида спиртли ичимлик билан юриши оталар учун одатий ҳол бўлиб қолди. Мамлакатимизга хориждан нафақат ­валюта, балки турли халқларнинг урф-­одатлари ҳам кириб келди. Айрим эркак­лар пул топсам бўлди, дея онаси, аёли, фарзандлари олдидаги бошқа бурчларини унутди. Айрим аёллар ва фарзандлар эса эркакни, отани ҳурмат қилишни ёддан чиқарди. Ота ва бола бирга ароқ ичишига ажабланмайдиган бўлдик. Қизларимиз оталарнинг юзига тик қараб гапиришни ўрганди. Фарзандлар ота-онадан фақат талаб қилишга одатланди. Ота-она олдидаги мажбуриятини ҳис қилмай қўйди. Оилавий муносабатларнинг дарз кетиши сабаб кўпчилик руҳий хотиржамликни йўқотди, доимий стресслар одамларни нотўғри мушоҳадага, тўғрироғи, мулоҳазасиз ҳаракатларга ундаяпти.
– Илгарилари дарвозани кимдир тақиллатса, албатта, эркак киши эшик очарди. Уйда она ва 5 яшар ўғил бола бўлса, ўша болакай эшикка қараши лозим бўларди, – дейди меҳнат фахрийси Каримбой Собиров. – Ҳозир эса айрим эркаклар оилавий муаммоларни ҳал қилишни ўз аёлидан талаб қилмоқда, «Аёл кишисан, сал йиғи-сиғи қилсанг ишинг битади» дея раҳбарларга рўбарў қўймоқда. Аёлларимиз эса бақир-чақирни айни жойига ­қўйишяпти ҳам…
Оилавий жанжаллар, ажримлар сони кўпаяётганига ҳам эркакларнинг оиладаги нуфузи тушиб бораётгани сабабдир. Айрим эркаклар моддий таъминотни зиммасига олишга қодир эмас. Натижада оиланинг тизгини аёлнинг қўлига ўтиб кетмоқда. Аслида, эркак киши ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан аёллардан бир неча баробар кучли. Шу боис, муқаддас динимизда ҳам, қадриятларимизда ҳам эркаклар елкасига қатор ­масъулиятлар юкланган.
Бу масъулиятсизликнинг олдини олиш мумкинми?
– Бунинг учун ўғил болаларни ғурурли, ор-номусли қилиб тарбиялашимиз керак, – дейди фахрий педагог Қурбонбика Ўрозметова. – Ўғил бола ота-онасини, опа-синглисини қадрлашни, ҳимоя қилишни ўрганса, катта бўлганида уларнинг кўзини намлантирмасликка ҳаракат қилади. Баъзи оталар қизи турмушдан ажраб келаётганини, енгил-елпи ҳаёт кечираётганини номус билмаётганидан ачинаман. Мард йигитлар ҳеч қачон аёлини, опа-синглисини ўзгалар қўлига қаратиб қўймайди. Ғурури бор йигит нафақат оиласи, Ватани олдида ҳам ўзини масъул ҳис қилади.
Яна бир жиҳат шуки, ёшлар Россияда қора меҳнат қилишни ягона йўл деб ҳисоблай бошлаганига анча бўлган. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларини рус мактабларида ўқитишга ҳаракат қилишади. Аксарият болалар фалон соҳа мутахассиси эмас, мигрант бўлишни орзу қиладиган даражага етдик. Мактаб ўқувчиларига «Яхши ўқи» десангиз, «Нима қиламан, яхши ўқиб, барибир Россияга кетаман-ку» дейди. Баъзи ёшлар эса «Ўқиб бир миллион ойлик олиб юргандан кўра, хорижда кўча супуриб 500 доллар топган яхши» деган фикрда.
Оқибатда кейинги йилларда барча соҳаларда жадал бошланган ислоҳотлар самара бермай, депсиниб қолди. Ислоҳотларни давом эттирадиган, ишни сифатли бажарадиган мутахассис анқонинг уруғига айланди. Номутахассислар қурган уйлар-у, кўприклар бирин-кетин қулай бошлади. Малакали кадрлар йўқлигидан кўплаб соҳалар ҳар қанча маблағ сарфлангани билан ривожланмаяпти.
Тўғри, миграциянинг тошдан қаттиқ нонини еганлар фарзандининг таълим олишига эътибор қаратяпти. «Болам, яхши ўқиб, эл корига ярайдиган одам бўл» дегувчилар кам эмас. Бироқ, қуруқ гап билан ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олишига эришиб бўлмайди. Шахсий намуна кўрсатиш, йўл-йўриқ бериш керак. Ҳозирча эса бу борада анча оқсоқмиз.
Назаримизда бу каби муаммоларни бартараф қилишнинг ягона йўли эркак­лар учун муносиб иш ўринлари яратишдир. Ҳукумат вакиллари фақат хорижда ишлаётган врачларгагина эмас, мигрантларга ҳам ўша давлатда олаётган маоши даражасида иш ва маош таклиф қилишлари мақсадга мувофиқ. Ёшларимизга хорижий тилларни ўргатиш баробарида касб-ҳунар ўргатишга ҳам эътиборни кучайтириш зарур. Илм олиш, янги ғояларни амалга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга эҳтиёж катта. Нуфузи хориждаги турдош корхоналарникидан қолишмайдиган корхоналарни кўпайтириш замон талаби. Токи ёшларимиз бирон касбнинг этагини тутаётганда унинг келажаги борлигига ишонч ҳосил қилсин.
«Оилада эркак киши борлигининг ўзи бир давлат» дер эди онам. Бу гапнинг замирида улкан маъно мужассам. Бугун эркакларга ўз уйидан кириб-чиқиб ишлаш имконияти яратиб берилса, оила қўрғонларининг мустаҳкамлиги, фарзандларнинг муносиб таълим-тарбия олишлари, эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб камолга етишлари кафолатланади. Шунда болалар мигрант бўлишни эмас, олим-у фузало бўлишни орзу қила бошлайди. Асосийси, шундагина жамият тараққий этади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»