Аввал «Аёллар дафтари» да қайд этилди, сўнг уларга меҳнат дафтарчаси очилди

674

Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида Тўрақўрғон туманида 2390 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган.

Маҳаллалардаги ишсиз аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш борасида туманда бугунгача бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги фойдаланилмай турган кўплаб бинолар тадбиркорлар томонидан сотиб олиниб, ўрнида замонавий корхоналар қад ростлади. «Runamtex» хорижий корхонаси ана шундай ишлаб чиқариш корхоналари сирасига киради. Айни пайтда бу ерда 200 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан банд.
– Турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам кўп йиллардан буён ишсиз эдик, – дейди Сайёра Собирова. – Тўрт нафар фарзандимни очиғи амал-тақал қилиб вояга етказаётган эдик. Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллада ўтказилган сўровномада ишлаш истагини билдирганимизда, улар бизни мана шу янги очилган корхонага ишга жойлаштиришди. Бугун ҳар иккимиз ҳам ишли бўлдик. Ўз вақтида маошларимизни оляпмиз.
Ҳозирда корхонада 50 нафардан зиёд Сайёра сингари «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаро бандлиги таъминланди.
Мазкур корхонага россиялик инвес­торлар томонидан 1,5 миллион доллар инвестиция киритилган бўлиб, энг замонавий тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилган. Ҳозирда кўрпа-тўшак қопламалари, сочиқлар ва футболкалар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотларнинг юз фоизи экспортга йўналтирилган.
Туманда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Оқтош шаҳарчасида кичик саноат зонаси ташкил этилди. Корхона раҳбари янги лойиҳани ишга тушириш учун ана шу саноат зонасидан бир гектар ер сотиб олди.
– Катта қийматдаги лойиҳамизнинг биринчи босқичида россиялик ҳамкорларимизга 5 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганмиз, – дейди Маҳфуза Гюмюш. – Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз юз фоиз ўзимизда етиштирилган пахта толасидан тайёрланган. Матога ранг беришда эса кўп йиллик тажрибага эга қадимий усулларимиздан фойдаланишни йўлга қўйганмиз. Ушбу икки босқичли, яъни тикув ва тўқув цехларидан иборат янги ­лойиҳамиз ишга тушса, яна етти юз нафарга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади. Унга асосан «Аёллар дафтари»да турган ишсиз хотин-қизларни ишга жойлаштиришни режалаштирганмиз.
Айни пайтда ушбу корхонанинг барча ишчилари Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Тўрақўрғон тумани кенгаши томонидан уюшма аъзолигига қабул қилиниб, уларга иш жараёнида зарур маслаҳатлар ва ёрдамлар бериб келинмоқда. Корхонада ишчиларга барча шароитлар бор, узоқдан қатнаб ишлайдиганларга эса транспорт воситалари бириктирилган.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»