“SQB Аёллар клуби”: ҳам кўнгилочар, ҳам тафаккурга бошловчи тренинглар мажмуи  

366

Ўзсаноатқурилишбанк “SQB Аёллар клуби”нинг 2-мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етди. Шу муносабат билан Банк Бош офисида клуб аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини кучайтириш, улар ўртасида ишбилармонлар сафини кенгайтириш ҳамда меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож аёлларларимиз қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ҳам хотин-қизлар меҳнатини қадрлаш, уларга қулай шароит яратиш, алоҳида иқтидор эгалари салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ютуқларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

“SQB Аёллар клуби” фаолияти эса Банкнинг ана шу мақсадларига йўналтирилган.

– Клуб фаолияти Банкимиз тизимида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар орасидан нафақат кичик ва ўрта бўғин, балки, топ-менежерлар, бошқарувчиларни тайёрлаш ва шу орқали келгусида банкнинг юқори бўғинидаги раҳбарлари орасида гендер тенгликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир, – дейди Банк Бошқарув раиси ўринбосари У.Таваккалов. – Бу борада биз биринчи мавсумнинг ўзидаёқ илк натижаларга эришдик.

Клубнинг иккинчи мавсуми дастуридан 20дан зиёд мавзулар ўрин олди. Жамиятда аёлларнинг турли ижтимоий роллари ўртасидаги мувозанат, раҳбар аёлларда танқидий фикрлаш ва қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, уларда жамоадошлари (ёки қўлостидагилар) билан горизонтал ва вертикал коммуникацияни ўрнатиш, танқидий фикрлаш ва уни фаолиятларида қўллаш усуллари каби мавзулар шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, клубнинг иккинчи мавсум иштирокчилари фақат филиаллардан жалб қилинди. Дастлаб 70 нафар ходим тест синовлари асосида танлаб олинган бўлса, кейинчалик улар сони тренинг машғулотларидаги фаоллигига қараб янаям сараланди.

– Тренинглар мавзусининг ҳар бири долзарб ва қизиқарли, – дейди  банкнинг Ракат филиали ходими Ҳилола Маллабаева. – Бири иккинчисини такрорламайди, аксинча тўлдиради. Мақсадга эришишда соғлиқни сақлаш, энергияни йўқотмаслик, руҳий мувозанатни ушлай олиш сирлари, тўғри овқатланиш ва ҳаёт тарзига амал қилиш, ишбилармон аёл образини яратиш, гардеробни шакллантириш, пардоз-андоз услублари каби ҳар биримиз билишимиз лозим бўлган ҳеч бир мавзу эътибордан четда қолмаган.

Бу галги клуб аъзолари учун “Мутолаа” шарти янгилик бўлди. Улар дунё китобхонлари томонидан юқори баҳоланган Дэйв Логан, Жон Кинг ва Хэли Фишер-Райтларнинг “Раҳбар ва қабила. Корпоратив маданиятнинг беш даражаси”,  Стивен Ковининг “Муваффақиятли кишиларнинг 7 кўникмаси”, Брайан Трейсининг “Қулайлик кобиғини тарк эт. Ҳаётингни ўзгартир”  ҳамда Ванесса ван Эдвардснинг  “Мулоқот илми. Ҳиссиётларни ўқиш, мақсадларни тушуниш ва одамлар билан тил топишиш ҳақида” номли асарларини ўқиб, тест топширишди. Эътиборлиси, иштирокчиларнинг аксарияти “Book challenge SQB” танловида ҳам қатнашиб, диплом ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлишди.

Бугун кунда жамоа ходимлари ўртасида “SQB Аёллар клуби” аъзосига айланишни истаётган хотин-қизлар тобора кўпайиб бормоқда.

Банк раҳбарияти бир вақтнинг ўзида тизимда фаолият юритаётган 1640 нафар аёлни клуб аъзолигига қабул қилишнинг имкони йўқлигини ҳисобга олиб, бундан кейинги мавсумга номзодлар онлайн тестлар орқали жалб этилишини белгилаб берди.

Банк Ахборот хизмати