Кексалар ўгитин олмаган авлод

818

ёхуд тарбиядаги «олтин ўрталик»ни излаб…

Ҳеч кузатганмисиз, нуронийлар тарбиясини олган йигит-қизлар одоб-ахлоқда бошқалардан ажралиб туради. Шу боис, халқимизда «катталарнинг тарбиясини олган» деган ибора бор.

Айни шу мавзудан келиб чиққан ҳолда, кексаларсиз фақат ота-онаси қарамоғида бўлган болалар феъл-атворидаги баъзи қусурлар ҳақида мушоҳада юритмоқчимиз.
Аввало, бунинг бир неча хусусиятини санаб ўтамиз:
– ҳали оқ-қорани ажратолмаган ёш болалар назорат камлиги оқибатида кўча муҳитга тушиб қолиши табиий ҳол;
– ота-оналари эртадан кечгача иш билан банд бўлган болалар бўш вақтларини ўзлари кўнгиллари тусаганча ўтказишади;
– ичиш-чекиш, дайдилик каби иллатлар пайдо бўлади;
– улар катта авлод вакилларига нисбатан иззат-ҳурматда бўлмайди.
Бугун истаймизми-йўқми, кўз олдимизда кексалар тарбиясини олмаган катта-кичикни билмайдиган авлод шаклланяпти. Тўғри, улар замонавий таълим олган, ҳур фикрли ёшлар. Лекин тарбияда оқсоқлик бор-да…
Шиддаткор давримиз ота-онани эртадан кечгача кундалик ташвишларга боғлаб қўйган. Ишдан ҳориб келганида эса фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиш у ёқда турсин, шовқини ҳам ёқмайди. Демак, оилада бош тарбиячи ким бўлиши керак? Албатта, улуғ ёшли, бобо ва бувижонлар.
Танганинг иккинчи тарафи эса ҳозирда хорижда ишлаётганларнинг аксарияти ёшлар. Уларнинг ичида олий маълумотли, ҳар соҳада иқтидорли келгусида ташкилотчи раҳбар, ўз соҳасининг етук билимдони бўлиши мумкин бўлган мутахассис ёки илм-фанда янгилик яратувчи бўлғуси олимлар борлигини ҳисобга олсак, эртамиз эгалари бўлган салоҳиятли ёшларни бой бериб қўймаяпмизми?
Хитой ёки Жанубий Корея тажрибасидан маълумки, одатда уларнинг пенсиядан кейин «иккинчи умри» бошланади. Ҳозирги кун тили билан айтганда, ўзларини банд қилган фуқаролар қаторига қўшилишади. Томорқада деҳқончилик билан шуғулланишади ёки шунга ўхшаган ўзига эрмак бўлгудек иш топишади.
Андижон вилоятида Мамазулун Кенжаев деган инсон туман ва вилоят миқёсида турли лавозимларда ишлади. Пенсияга чиқиш арафасида кўпчилик танишлари унга турли жойлардан иш таклиф қилишди. Лекин кўнмади. Томорқасидаги ток­ларни, чорвани парваришлаб, иссиқхонада икки набираси билан тер тўкиб ишлашни маъқул кўрди. Аҳамиятли жиҳати, набиралар бобосининг қаноти остида меҳнатга қайишишяпти. Ҳақиқий ҳаёт ­тажрибасини набираларига ўргатяпти.
Яқинда тузуккина ташкилот раҳбари билан ҳамсуҳбат бўлдим. Собиқ ички ишлар ходими, яхшигина пенсия олади. Камига 3 та енгил машинасини ижарага бериб қўйган. Жайдари ­айтганда, иқтисодий бақувват. Лекин ажабланарли томони, айни кунда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти тўғрисидаги билимлари ҳаминқадар. Тўғрироғи, янгилик, ва ўзгаришларни кўп ҳам қабул қилавермайди.
Албатта, ушбу мулоҳазалар шахсий кузатиш­лар асосида шаклланган фикрлар. Эҳтимол, сизнинг ҳам ўз мулоҳазаларингиз бордир. Ахир, халқимиз айтади-ку, битта калла – калла, иккита калла – тилла. Фикр билдиринг. Биргаликда «олтин ўрталик»ни топайлик.

Анваржон ҲАЛИМОВ