Саҳродаги ҳаёт илдизи

812

ёхуд женьшендан 5 карра кучли гиёҳ

Бироз муддат аввал «Ekologuz» телеграм канали орқали Тўрткўл тумани «Анҳорли» МФЙ ҳудудидаги Боғёп канали қурилишида қатнашаётган хитойлик ишчилардан бири Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган цистанхе ўсимлигини териб олаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экологияни назорат қилиш инспекция­­си ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Хитой фуқароси Жан канални қазиш жараёнида ён-атроф­дан тахминан икки килограмм цистанхе ўсимлигини топиб олиб, қуритиб қўйгани, бу ишга ўша ўсимлик илдизларини чойга ва овқатга қўшиб истеъмол қилиш мақсадида қўл ургани аниқланди. Жанга Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни талаблари тушунтирилди.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: цистанхе қанақа ўсимлик? У нима учун «Қизил китоб»га киритилган?
Юртимизда кўпчилик «шумгиёҳ», қорақалпоғистонликларда «олтин томир» деб тилга оладиган бу гиёҳнинг «илончўп», «чўл женьшени», «саҳродаги ҳаёт илдизи» каби номлари ҳам бор. Қозоғистон маҳаллий аҳолиси уни «бўри озуқаси» деб ҳам аташади. Чунки овчилар ва ўрмон атрофида яшовчиларнинг кузатувларига қараганда, қаҳратон қишдан зўр-базўр чиққан ҳолсиз бўри шу ўсимлик илдизини еб, куч-қувват олар экан.
Олимларнинг тасдиқлашича, цистанхе икки минг йилдан буён Хитой тиббиётида ишлатилади. Сабаби, у женьшендан беш карра кучли бўлиб, талай касалликларни тузатишда қўлланилади. Чунончи, бўғинлардаги оғриқларни, буйрак касаллик­ларини даволашда, хотира ва иммунитетни мустаҳкамлашда, асабни тинчлантиришда, айниқса, мия ўсимтаси олдини олишда, умрни узайтиришда тенги йўқ ўсимлик ҳисобланади. У Япония, Хитой, Қозоғистон фармацевтикаси ва косметологиясида кенг қўлланилади
Чўл ва ярим чўл ҳудудларда ўсадиган цистанхе қуёшнинг заррин нурларида янада авж олиб, камалакдек товланади, ой ёғдусида ҳам ранго-ранг тусда жилоланади. Тадқиқотлардан аён бўлишича, шифобахш биофаол моддалар унинг ер устидаги ва ер остидаги қисмида тўпланади. Ер устидаги қисми гуллаган пайтда пояси бўйланмасига кесилади ва қумлардан тозалаб йиғиб олинади, сўнгра очиқ ва соя жойда қуритилади. Унинг таркибидаги биологик фаол моддалардан тайёрланган ҳақиқий ҳаётбахш эликсир инсоннинг иммун тизимини мустаҳкамлаш, хотирасини кучайтириш, жигар циррози ҳамда бепуштликни даволаш хусусиятларига эга.
Бу ноёб ўсимлик Шимолий Aфрика (Пиреней ороллари), Россия, Қозоғис­тон, Шарқий Осиёнинг Мўғулистон, Хитой, Малайзия мамлакатларида, бизнинг серқуёш заминимизда эса Амударё дельтаси, Қизилқум ва Устюрт кенглик­ларида учрайди. Чунончи, Қорақалпоғис­тонда 4 та тури ўсади. Улар вегетация жараёнини мустақил равишда амалга ошира олмаслиги туфайли саксовул, қандим каби ўсимликлар илдизига ёпишиб, сўрғичлари орқали озиқланади.
Цистанхени қайта ишлаш ва истеъмол қилиш бўйича Япония, Хитой, Mўғулистон ва Mалайзия етaкчи ўринни эгаллайди. Охирги пайтларда қозоғистонлик тадбиркорлар ҳам табиатда ёввойи ҳолда ўсувчи цистанхени хомашё сифатида Хитой, Мўғулистон ва Жанубий Кореяга экспорт қилишмоқда. Қўшни давлатларда ушбу бебаҳо неъматдан тайёрланган дори воситалари, турли-туман дамлама ва чойлар бизнинг ички бозоримизга ҳам кириб келмоқда.
Яна бир муҳим гап. Айни кезлар Орол денгизининг қуриб қолган ўзанларида ҳам цистанхе плантацияси яратилмоқда. Уни экишни биринчи бўлиб Япониянинг Чиба университети профессори Сатоши Тогаши ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали жамоаси бошлаб берди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими олимлари эса Устюрт саҳроларида 2 гектарлик майдонда ушбу йўналишдаги синов ишларини ўтказишмоқда.
Цистанхе етиштиришга Бухоро вилоятида ҳам катта эътибор қаратиляпти. 2018 йилда Президентимизнинг мазкур вилоятга ташрифи чоғида 3 минг гектар ерда шундай ўсимлик етиштирилиши, шунинг баробарида юзлаб иш ўринлари яратилиши хабар қилинган эди. Олимларнинг тасдиқлашича, ҳозир вилоят чўлларида табиий равишда тарқалган цистанхени инновацион усуллар асосида уруғидан кўпайтириш ва етиштириш, уларнинг таркибидаги фаол моддалар миқдорини аниқлаш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»