Тез тиббий ёрдам: Хизматдан ҳамма розими?

3272

Кечикиш одатга айланган эди…

Узоққа бормайлик. Бундан тўрт-беш йил аввал мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати сифати анчайин ночор ҳолда эди. Ўша вақтларда мазкур соҳа тиббиётнинг энг кўп танқидга учрайдиган, аҳолининг жиддий ва ҳақли эътирозларига сабаб бўладиган тизими бўлган, десак хато қилмаймиз.
Албатта, юртдошларимизнинг эътироз­лари ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Боиси, ўша пайтларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати самарадорлиги, тезкорлиги ва сифати талабга жавоб бермас, соҳадаги йиллар бўйи йиғилиб қолган муаммоларни ечиш эса анчайин вақт ва маблағ талаб этарди.
Айниқса, тез тиббий ёрдам бригадаларининг манзилга кечикиб бориши, машиналар, ёнилғи ва дори-дармонлар етишмаслиги тизимдаги энг катта «бош оғриқ» эди, десак муболаға бўлмайди. Биргина тиббий ёрдам бригадаларининг чақирув манзилига кечикиб бориши қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини хавф остига қўяр, бу эса ҳақли эътирозларга сабаб бўларди.
Шу боис, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев 2017 йилнинг 5 январидаёқ соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда бу масалага жиддий тўхталган эди.
Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда тез тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган тизимга айланди. Хусусан, юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида бутунлай янгича тизим шакллантирилди. Натижада бугун юртимизда замонавий тизим орқали аҳолига тезкор, сифатли, энг асосийси, ишончли ва самарали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бир чақириқ учун маблағ 10 баробарга ошди

Маълумки, «Тез ёрдам»нинг энг асосий вазифаси фуқаро ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлиб, бунда шифокор зиммасига жуда катта масъулият юкланади. Аммо соҳа мутахассиси чақирув орқали манзилга борса-ю, бироқ беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун унда етарли дори-дармон бўлмаса, бундан ёмони йўқ, назаримизда.
Бу сўзларни бежиз ёки осмондан олиб айтаётганимиз йўқ. Тан олиш лозим, авваллари тез тиббий ёрдам хизматида оғир аҳволдаги беморга энг биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур бўладиган дори воситалари етишмаслиги оддий ҳолга айланиб қолган эди. Ўша пайтларда давлат томонидан ҳар бир чақириқ учун жуда кам ­маблағ ажратилар, бу ҳолат ўз-ўзидан тиббий ёрдам сифатига салбий таъсир этарди.
Хусусан, 2016 йил «Тез ёрдам» тизимида ҳар бир чақириққа сарфланаётган маблағ ўрганилганда бу рақам ўртача 500 сўмни ташкил этган эди. Мана шунинг ўзиёқ, соҳада дори-дармон таъминоти бўйича вазият чиндан ҳам аянчли ҳолда бўлганини яққол тасдиқлайди.
Эътиборлиси, бугунга келиб, тизимдаги бу каби муаммолар буткул барҳам топди. Соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида охирги йилларда «Тез ёрдам»да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 10 баробардан зиёдга ошиб, 2021 йилнинг биринчи чорагида ўртача 6 минг 500 сўмни ташкил қилмоқда. Яъни, бугун мазкур хизматда дори воситалари таъминоти нормативга нисбатан 100 фоиз таъминланиб, узлуксиз етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ўз-ўзидан тиббий хизмат сифатининг яхшиланишига, энг асосийси, одамларнинг ушбу тизимга бўлган ишончининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётир.

Олис ҳудудлар ҳам эътибордан четда эмас

Биламизки, авваллари юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида яшайдиган аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан тўлиқ қамраб олиш, уларга бу йўналишда малакали тиббий хизмат кўрсатиш, биринчи тиббий ёрдам ва тиббий профилактика ўтказиш сифатини яхшилаш борасида етарлича муаммолар мавжуд бўлиб, жойларда «Тез ёрдам» шохобчалари ва бригадаларининг етишмаслиги, ҳудудларда бу борада керакли шарт-шароитнинг йўқлиги анчайин оғриқли масала эди. Эътиборлиси, бугунга келиб, мамлакатимизнинг олис туманларида истиқомат қиладиган аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан қамраб олиш даражаси сезиларли даражада ортди.
Бу борадаги рақамларга мурожаат қилсак, 2016 йилда юртимизда атиги 818 та «Тез ёрдам» шохобчаси мавжуд бўлган бўлса, айни кунда уларнинг сони 1 минг 666 тага етди. Бундан ташқари, 2021 йил биринчи чорагида «Тез ёрдам» бригадалари жами 2 минг 685 тани ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда 1 минг 648 та эди, холос. Энг асосийси, бугун юртимизда деярли ҳар бир ҳудуд ушбу хизмат билан қамраб олинмоқда.

4 йилда 18 баробар ўсиш!

Мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш, тизимда замонавий тиббий техника ва транспорт воситалари сонини янада кўпайтириш, бу орқали аҳолига сифатли тез ёрдам кўрсатиш бўйича чуқур ўйланган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айниқса, мазкур хизматни энг сўнгги русумли ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераётир.
Рақамларни таҳлил қилсак, бундан тўрт йил аввал юртимиз «Тез ёрдам» хизматида 24 та реанимобиль бор эди, холос. Эътиборлиси, соғлиқни сақлаш соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида биргина ўтган 2020 йилнинг 4 ойи давомида Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясига 150 дона «Форд» русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган автомашина харид қилинди. Бугун эса «Тез ёрдам» хизматидаги 435 та реанимобиль юртимиз аҳолисига хизмат кўрсатиб, 13 минг нафар аҳолига битта автомашина тўғри келмоқда.
Шу билан бир қаторда 2016 йилда бирорта тез тиббий ёрдам автотранспорти GPS навигаторлар билан таъминланмаган, бугунги кунда эса тизимдаги автомобилларнинг 60 фоизи ушбу қурилма билан жиҳозлангани эътиборга молик. Жорий йил барча «Тез ёрдам» автотранспорт воситаларини GPS навигаторлар билан тўлиқ таъминлаш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, тизимда «Дамас» русумли автомобиллардан босқичма-босқич воз кечиш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари учун қўшимча 60 та юқори ўтувчанликка эга махсус санитар автотранспорти ва санитар авиация мақсадлари учун вертолёт техникаларини харид қилиш ҳамда тез тиббий ёрдам мақсадлари учун қўллаш кўзда тутилмоқда.
Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, охирги йилларда тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Натижада ўтган тўрт йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга қисқарди. Шу билан бирга, «103» рақами марказлаштирилиши ҳамда мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати – CALL марказларининг ташкил этилиши орқали бугунги кунга келиб, «Тез ёрдам»нинг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Яъни, 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирда атиги 8-12 дақиқани ташкил қилмоқда.

Шифокорлар етарлими?

Сир эмас, авваллари тез тиббий ёрдам хизматида шифокор кадрлар билан таъминланганлик даражаси паст бўлиб, уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам қатор муаммолар мавжуд эди.
Олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагига келиб, «Тез ёрдам» хизматида фаолият олиб бораётган шифокорлар сони 12 минг 826 нафар, таъминланганлик даражаси эса 89 фоизни ташкил қилмоқда. Соҳани малакали шифокорлар билан таъминлаш борасидаги кўрсаткичларни таҳлил қилсак, бу рақам Наманган ва Бухоро вилоятларида 100 фоиз, Самарқанд вилоятида 98 фоиз, Қорақалпоғис­­­тон ­Республикаси ҳамда Андижон вилоятида 97 фоиз эканини кўриш мумкин.
Яна бир масала. Маълумки, «Тез ёрдам» хизматида реаниматолог-шифокорларнинг алоҳида ўрни бор. Эътиборлиси, кейинги йилларда бу йўналишда ҳам ижобий кўрсаткич қайд этилиб, соҳанинг реаниматолог-шифокорлар билан таъминланганлик даражаси ортиб бормоқда. Жумладан, айни пайтда«103» хизмати қарийб 63 фоиз реаниматолог-шифокор билан таъминланди. Бу борада энг яхши кўрсаткич Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда «Тез ёрдам» хизмати ушбу мутахассислар билан тўлиқ таъминланган. Шу билан бирга, 2021 йилнинг шу даврига келиб, соҳада меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари 28 минг 336 нафар, таъминланганлик даражаси эса 96,39 фоизга етди.

Асоссиз чақириқлар муаммоси

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ечимини кутаётган муаммолар, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, баъзан тез тиббий хизмат ходимлари ёрдамга муҳтож бемор олдига ўз вақтида етиб бора олмаган ҳолатлар кузатилади.
Хўш, «103» хизмати зарур ходимлар, замонавий ҳамда барча зарур тиббий жиҳозларга эга ихтисослашган автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлса-ю, нега «тез ёрдам» хизмати кечикмоқда?
Бунга асосий сабаб сифатида фуқаролар томонидан бўладиган асоссиз чақириқларни келтириб ўтиш мумкин. Асоссиз чақириқларга манзилини аниқ кўрсатмаслик, етиб борганда эшик очмаслик ёки беморнинг жойида бўлмаслиги, чақириқни рад этиш каби ҳолатлар киради.
Бу борадаги рақамларни таҳлил қилсак, 2021 йилнинг биринчи чорагида тез тиббий ёрдам хизматига 2 мингга яқин асоссиз чақириқ келиб тушган. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2020 йилнинг айни шу даврида 3 мингга яқин асоссиз чақириқ қайд этилган эди.
Тўғри, аҳолимизнинг тиббий саводхонлиги, шахсий масъулияти ортиши натижасида бу рақамлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Бироқ ҳар бир асоссиз чақириқ туфайли ўша вақтда бошқа бир инсоннинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини барчамиз ёдда тутмоғимиз зарур.
Мухтасар айтганда, фуқароларимиз саломатлиги йўлида кун-у тун хизмат қилаётган «Тез ёрдам» шифокорлари аҳолига бепул асосда юқори малакали ихтисос­лаштирилган, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Обиджон ДИЛМУРОДОВ,
«Шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш» лойиҳаси маҳаллий консультанти