Кончилар меҳнати қандай қадрланмоқда?

723

Жамият ва миллий иқтисодиёт равнақини таъминлашда, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашда ишлаб чиқариш корхоналарининг ўрни бўлакча. Буни «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Айни кезларда ушбу ташкилот корхоналарида кўмир очиқ ва ёпиқ усулда қазиб олинмоқда. Жамиятга қарашли 13 та филиалдан 12 таси Ангрен шаҳрида жойлашган бўлиб, асосийси «Ангрен кўмир кони» филиали саналади.
Ўтган йили «Ўзбеккўмир» АЖ бўйича жами 3 миллион 869 минг тонна кўмир қазиб олинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 919 минг тоннани ташкил этди. Йиллик режа эса 4 миллион 450 минг тонна қилиб белгиланган. Бу ўтган йилгига нисбатан қарийб бир ярим баробар кўп демакдир. Режалар тўла-тўкис бажарилишида эса техникалар муҳим ўрин тутади. Зеро, «Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур» деган гап бежиз айтилмаган. Эзгу мақсадда жамият ўтган йили 15 та 130 тонналик «БелАЗ» юк автомобили ва 5 та бульдозер харид қилди.
Айни пайтда корхонада 6 минг 300 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Шундан 1 минг 25 нафарини аёллар, 1 минг 658 нафарини эса ёшлар ташкил этади. Уларнинг манфаати ҳамиша раҳбарият, айниқса, Бирлашган касаба уюшма қўмитаси эътиборида бўлиб келмоқда.

Раис қандай бўлиши керак?

«Ўзбеккўмир» АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Абдуносир Қаюмов билан бир пиёла чой устида суҳбат қурсангиз, унинг ниҳоятда одамохун, камтар ва меҳрибон инсонлигига тан берасиз. Ҳар бир сўзини мулоҳаза билан чертиб-чертиб айтиши ҳаётнинг пасту баландини кўрганидан, сабр ва матонатли эканидан далолат беради.
– Аслида ҳар бир шахс қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, ўз касбига чин дилдан меҳр қўймоғи лозим, – дейди Абдуносир Қаюмов. – Шундагина қилаётган ишидан кўнгли тўлади ва мақсадига эришади. Мен ўз фаолиятим давомида бирон-бир шахсга нисбатан адолатсизлик қилмаслик учун, аввало, ўша ходимнинг ўзи билан дилдан суҳбатлашаман, сўнгра аниқ бир хулосага келаман. Агар у ўзининг айби билан бирон хатога йўл қўйган бўлса-ю, буни тан олмаса ёки тўғри йўлга қайтмаса, шундагина, гарчи вазифам ходимнинг манфаатини ҳимоя қилиш бўлса-да, унга қарши овоз бераман. Чунки ҳаётда кимнидир эгаллаб турган лавозимидан ёки қора қозонини қайнатиб турган ишидан мосуво қилишдан осони йўқ.
Салкам ўттиз йилдан буён «Анг­рен кўмир кони» филиалида экскаватор машинисти бўлиб ишлаб келаётган Абдусоли Рустамқулов ҳам ўз меҳнати ортидан қадр топган ходимлардан. Унинг кўп йиллик меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, 2009 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
– Халқимизда «Дарахт бир жойда кўкаради», деган нақл бор, – дей­ди А.Рустамқулов. – Мен унга риоя қилиб, бир жойда ишлаб кел­япман. Албатта, ҳар ким ҳам адолат устувор бўлган, ўзининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари эъзозланган жамоада фаолият юритишни истайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу ердаги соғлом муҳит узоқ йиллар бир жойда меҳнат қилишимга сабаб бўлмоқда. Шукур, меҳнатим ортидан кам бўлганим йўқ. Қолаверса, ота сифатида ҳам бахтлиман. Турмуш ўртоғим билан биргаликда уч ўғил ва бир қизни вояга етказдим.
– «Ўзбеккўмир» АЖга ишга кирганимга тўрт йилдан ошди, – дейди яна бир ходим Иброҳим Пардаев. – Очиғи, аввалги ишхонамга нисбатан бу ер анча яхши экан. Айниқса, ишчиларга эътибор ва ғамхўрлик кучли. Ойлик маошлар эса меҳнатингизга яраша – қанча кўп ишласангиз, даромадингиз шунча кўпаяди.
Дарҳақиқат, ҳар қандай одам ҳам, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий шароити яхши ташкилотда ишлашни орзу қилади. «Ўзбеккўмир» АЖ ишчи-ходимларининг эса бу борада омади чопган дейиш мумкин.
– Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида «Меҳнаткашларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш энг асосий вазифамиз», дея таъкидлаган эди, – дейди корхона Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг ишлар бошқарувчиси Анорбек Султонов. – Биз ҳам ушбу вазифани ўзимизга шиор қилиб олганмиз. Тасарруфимиздаги филиалларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялашни, ёшлар ва хотин-қизлар учун имтиёзларни, жамоа шартномасида кўрсатилганидек, бекаму кўст амалга ошираяпмиз. Барча меҳнаткашларнинг маънавий-маданий ҳуқуқини таъминлаш йўлида ҳукумат қарорлари ва фармонларида, касаба уюшмаларига доир ҳужжатларда белгиланган талаблар асосида узлуксиз равишда турли кўрик-танловлар, маънавий-маърифий кечалар, очиқ мулоқотлар, семинарлар ўтказиб келаяпмиз.
Бинобарин, «Ўзбеккўмир» АЖ филиалларидаги касаба уюшмалари фаоллигини ошириш ҳамда касаба уюшма аъзолари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг доимий диққат марказида. Шу маънода филиаллардаги касаба уюшма ташкилотлари таркиби малакали ва тажрибали кадрлар билан мустаҳкамланди. Бу касаба уюшма ­аъзоларининг манфаатлари ҳар томонлама ҳимояланишида муҳим омил бўлмоқда.

Янги иш ўринлари ва меҳнат муҳофазаси

Янги иш ўринлари яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири. Унга, ҳатто, давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Ўтган йили «Ўзбеккўмир» АЖда 115 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилинди. Уларнинг 99 нафари коллеж битирувчиси, 11 нафари олий ўқув юртида бакалаврликни, 5 нафари магистратура босқичини тамомлаган мутахассислардир. Ишга қабул қилинган навқирон йигит-қизлар «Устоз – шогирд» анъаналари асосида касбга тайёрланмоқда.
Меҳнат муҳофазаси ишларини мувофиқлаштириш мақсадида корхона филиалларида 102 нафар меҳнат муҳофазаси вакили сайланган. Жамият ўқув марказида уларнинг билим ва кўникмалари мунтазам равишда ошириб борилмоқда.
«Ўзбеккўмир» АЖ маъмурияти ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси барча ишчи-ходимлар соғлиғини асрашга, иш вақтида жароҳат олиш­ларига йўл қўйилмасликка алоҳида ­эътибор қаратмоқда. Ҳар бир филиалда, участка ва цехларда меҳнат муҳофазасига бағишланган плакатлар осиб қўйилган, алоҳида бурчаклар ташкил қилинган. Шунингдек, ишчи-ходимлар махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланган.
Айни дамларда 2021 йилги меҳнат муҳофазаси бўйича қабул қилинган Битимни бажариш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жамоа манфаатини кўзлаган шартнома

Ўтган йилги пандемия сабабли «Ўзбеккўмир» АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг кўплаб режалари амалга ошмай қолди. Шунга қарамай, халқаро ва касб байрамлари пайтида нафақадаги ходимлар ҳол-аҳволидан хабар олинди, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Чунончи, 14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан 42 нафар афғон уруши қатнашчиси учун саёҳат ташкиллаштирилди. Халқаро хотин-қизлар кунига бағиш­лаб, 100 нафардан ортиқ аёлга байрам дастурхони тузалди ва совға-саломлар улашилди. Хотира ва қадрлаш куни ҳамда кончиларнинг касб байрами арафасида ёлғиз пенсионерларга, кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилаларга турли моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жамият филиаллари ишчи-ходимларига, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари, ишламаётган пенсионерларга санаторий ва дам олиш ­масканларига йўлланмалар ажратилди. Хусусан, бултур 75 нафар ходим мамлакатимизнинг турли сиҳатгоҳларида соғлиқларини тиклаб қайтишди. 360 нафар ишчи-ходим моддий ёрдам олди. Бу ишларга 209 миллион 207 минг сўм маблағ йўналтирилди. 35 нафар ходимнинг фарзандларига ўқув жиҳозлари олиб берилди. Янги йил арафасида тизим ишчи-ходимларининг 7 ёшгача бўлган 5075 нафар фарзандига байрам совғалари тарқатилди.
Жамиятнинг илғор ишчилари ва ёшлари, боқувчисини йўқотган оилалар болалари ҳамда нафақахўрлар Тошкент шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилишлари, шунингдек, мустақиллик йилларида қурилган иншоотларни бориб кўришлари учун ўтган йили икки марта саёҳат уюштирилди.
Жамоа шартномасига биноан, тизимда меҳнат қилаётган ёшларга муайян имтиёзлар белгиланган. Бирлашган касаба уюшма қўмитасида Ёшлар билан ишлаш комиссияси тузилган ва у ўз режаси бўйича фаолият олиб бормоқда. Ёшлар билан ишлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича «Ўзбеккўмир» АЖ маъмуриятида Ёшлар кенгаши фаолият кўрсатмоқда. Режага кўра, ёшлар ўртасида турли мавзуларда суҳбатлар ва семинарлар ўтказилмоқда.
«Ўзбеккўмир» АЖда хотин-қизлар алоҳида қадрланади. Ҳеч бир аёл қўлда бажариладиган оғир ишларга жалб этилмайди. Улар учун филиалларда шахсий гигиена хоналари очилган. Жамоа шартномасида қайд этилган икки ва ундан ортиқ вояга етмаган боласи бор аёлларнинг меҳнат таътилига қўшимча уч кун қўшиб берилади.
Мухтасар айтганда, бугун «Ўзбеккўмир»АЖ раҳбарияти Бирлашган касаба уюшма қўмитаси билан биргаликда ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича барча талабларни тўла-тўкис адо этиб келмоқда. Негаки, улар ходимларнинг моддий-иқтисодий ва маънавий ҳуқуқларини тўлиқ таъминламай туриб, ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришиб бўлмаслигини жуда яхши тушунишади.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»