Пандемия шароитида онлайн хизматлар кўпаймоқда

826

Жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаЎзсаноатқурилишбанкда бизнес жараёнларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров ушбу йўналишида ўтган бир йилда амалга оширилган ишлар, жорий йилга мўлжалланган режалар хусусида ахборот берди.

Брифингда ўтган бир йилда Банк тизимида бизнес жараёнларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, жорий йилга мўлжалланган режалар хусусида ахборот берилди.

– Барчангизга маълумки, коронавирус пандемияси шароитида онлайн хизматларга бўлган талаб ошиб кетди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Ана шундай шароитда Банкимиз томонидан 2020 йилнинг май ойида JOYDA мобил иловасининг ишга туширилгани халқимизнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежаш баробарида, соғлиғини асрашда ҳам муҳим омил бўлди. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб онлайн кредит хизматлар ва маркетплейсни ўз ичига олган ушбу мобил илова мижозларга масофадан туриб ҳам банк хизматлари, ҳам маҳсулотларни муддатли тўлов асосида харид қилишимкониятини тақдим этди.Бу эса мобил илованинг қисқа фурсатда аҳоли ўртасида оммалашувини таъминлади.

JOYDA мобил иловасининг ишлай бошлаганига кўп ўтмаган бўлса-да, бугунги кунга келиб платформадан фойдаланувчилар сони 340 минг кишига етди. Пластик картага ўтказмалар 540 млрд. сўмни ташкил этди, 650 млрд. сўмлик онлайн кредитлар расмийлаштирилди, қарийб 95 млрд. сўмлик 1 500 дан ортиқ омонат ҳисобварағи очилди, 5 600 та карта муомалага чиқарилиб, эгаларига етказиб берилди. Платформа тадбиркорларимиз учун ҳам қулай савдо майдончасига айланди. Жумладан, ҳозирги пайтда 100 дан ортиқ савдо-сервис корхонаси ва ишлаб чиқарувчилар онлайн савдога жалб қилинган. Улар томонидан 15 мингта маҳсулот жойлаштирилиб, умумий қиймати 21,3 млрд. сўмга тенг қарийб 5 мингта товар сотилди.

Бугунги кунда Банк мижозлар хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, мазкур мобил илованинг веб талқинини ишга тушириш арафасида турибди. Банк, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини бир жойда бирлаштирган JOYDA иловасидан тез орада компьютер қурилмалари орқали ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Шу кунларга режалаштирилган янгиликлардан яна бири – масофадан турган ҳолда, JOYDA иловаси орқали банк хизматларига навбатга туриш хизматини жорий қилишдан иборат. Бу ечим ҳам бугунги шиддатли замонда мижозларга вақтдан ютиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, Банк томонидан ахборот тизимидаги мавжуд процессинг дастурий таъминоти (ПДТ) ўрнига Open WayПДТни ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида Visa, Mastercard, UnionPay каби халқаро пластик карталарни эмиссия қилиш, уларга хизмат кўрсатиш, шу билан бирга JCB карталарига эквайринг хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, мазкур тизимни такомиллаштириш натижасида виртуал кредит карталар, мультивалютали карталарни муомалага чиқариш ҳам кўзда тутилган.

Брифингда жорий йилдаБанк томонидан CRM тизими ҳамда кредит конвейери жорий қилиниши айтиб ўтилди.

Айни пайтда Банк тизимида барқарор даромад манбаларини аниқлаш, молиявий назоратни кучайтириш мақсадида “Бюджетлаштириш” дастурий мажмуасини жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.Германиянинг SAP дастури асосида амалга оширилаётган 15 босқичли ушбу лойиҳанинг шу кунга қадар 9 та босқичидаги ишлар муваффақиятли якунланди. Лойиҳани жорий этиш Банк молиявий стратегиясини ривожлантириш ва ресурс базасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда мижозларга қулайлик яратишда ҳам кўп имкониятлар беради. Хусусан, банк маҳсулотлари ва хизматларининг ҳақиқий қийматини аниқлаш, мижозга йўналтирилган шаффоф банк маҳсулотлари яратилишини қўллаб-қувватлаш, банк маҳсулотлари таннархини пасайтириш ҳамда кам рентабелли банк маҳсулотларини аниқлаш ва уларни ривожлантириш йўналишларини белгилашнинг оптимал йўли юзага келади.

– Умуман, 2021 йилги устувор вазифаларимиз кўлами кенг, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Жорий йилда операцион йўқотишлар ва кредит таваккалчиликларини пасайтириш имконини берувчи скоринг модели ривожлантирилади, электрон савдо майдончаси кенгайтирилади (2021 йилда янги 500 та, 2022 йилда – 1000 та савдо-сервис корхоналар ва ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш, маҳсулотлар турини 1 млн.гача етказиш кўзда тутилган), WAY4 карта процессинги билан интеграциялашув лойиҳаси жорий этилади, электрон савдо майдончаси орқали ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилиб, мижозларга банк офисларига бормасдан 20 йил муддатга банк кредитини расмийлаштириш ва қурилиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга ўз харидорлари учун тайёр ечимлар таклиф этиш имконияти берилади.

Шунингдек, савдо-сервис корхоналари ва ишлаб чиқарувчилар ҳудудида “Смарт офис”лар ташкил этилади. Бу ерда тач-скрин экранлар ва картоматлар ёрдамида банк маҳсулотлари ва хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Масалан, мижоз янги банк картасини “Смарт офис” ҳудудида 10 дақиқада олиш имконига эга бўлади.

“090 картаси” лойиҳаси амалга оширилади. Истеъмолчига кредитларни 90 кунга “ноль” фоизларда олиш имконияти яратилади. Бу эса истеъмолчилар талабини ортишининг ҳисобига савдо-сервис корхоналари ва ишлаб чиқарувчилар савдосини 20 фоизгача оширади.

Ўз мухбиримиз