Мураббий ўз ишига қайтади

360

Газетанинг шу йил 24 сентябрдаги сонида чоп этилган «Мураббий нега ошпазга айланди?» сарлавҳали мақолага Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Данғара туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида югуриш йўлагининг 100 метрлик қисмига асфальт ётқизилган бўлиб, қолган қисмига асфальт ётқизиш, гандбол майдонини реконструкция қилиш, марказий ўйингоҳдаги томошабинлар учун мўлжалланган ўриндиқларни ўрнатиш ҳамда ҳожатхонани замонавий ҳолатга келтириш учун 835 миллион сўмлик смета-харажатлари тайёрланган. Айни пайтда Данғара тумани ҳокимлиги ва молия бўлимига маблағ ажратиш учун мурожаат қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 июлдаги қарорига асосан спорт мураббийлари тренерлик фаолияти билан шуғулланиши учун ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтиши шарт.
Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, Данғара тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг собиқ футбол мураббийи Мухтор Очилдиев билан суҳбатлашилди. Ҳозирги кунда Данғара тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тавсия­­си билан у тумандаги 30-сонли умумтаълим мактабига жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишга жойлаштирилиб, спорт мактабига ўриндошлик асосида оммавий спорт турлари бўйича мураб­бий-йўриқчи лавозимига ишга қабул қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, туман банд­ликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимига спортнинг бокс, бадиий гимнастика, дзюдо, баскетбол, кураш ва қўл жанги турлари бўйича мураббийлар билан таъминлашда амалий ёрдам бериш ҳақида мурожаат қилинди.

Шароит яхшиланади

Газетанинг жорий йил 26 сентябрдаги сонида чоп этилган «Парвоз тушови ёхуд орзулар қачон ушалади?» сарлавҳали мақолага вазирлик шундай жавоб йўллади:

Зафаробод тумани Жисмоний тарбия ва спорт бўлими тасарруфидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 2-биноси 2017 йилда қурилган. Мажмуа 6 гектарга яқин майдонни эгаллаган бўлиб, ҳудудда 18х42 ҳажмдаги универсал спорт зали, 64-102 ҳажмдаги футбол майдони, 45-х70 ҳажмдаги футбол майдони ҳамда 15х28 ҳажмдаги баскетбол ва волейбол майдонлари мавжуд.
Спорт мактабининг 18х42 ўлчамдаги спорт залида бокс рингини йиғиштириб олиш эвазига спортнинг мини-футбол, баскетбол, қўл тўпи турлари бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин.
Тоза сув танқислиги учун спорт мактаби ҳудудига вақти-вақти билан сув бериб турилгани сабабли ювиниш хоналари доимий тарзда ишламайди. Бунинг оқибатида ювиниш хонасидаги жиҳозлар занглай бошлаган. Бироқ ҳозирги кунда ювиниш хонасидаги жиҳозлар тозаланди ва камчиликлар бартараф этилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида туманга Пахтакор туманидан тоза ичимлик суви тортиб келинган бўлиб, спорт мактаби ҳам тез кунда мазкур қувурларга уланиб, тоза ичимлик суви билан таъминланади.
2017 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси спорт мактаби базаси учун 79 турдаги спорт жиҳозларини тақдим этган. Ўша пайтда туманда спортнинг гимнастика тури бўйича мутахассис бўлмагани сабабли бадиий гимнастика гилами берилмаган.
Туман спортчилари жорий йилда Ўзбекистон чемпионати ва кубогида 37 та (7 та олтин, 8 та кумуш ва 12 та бронза, халқаро турнирларда 2 та олтин ва 8 та бронза) медални қўлга киритган. Бу эса туманда мунтазам спорт билан шуғулланувчи ёшлар сонининг ортиб боришига ижобий туртки бериши шубҳасиз.

О.ҚОСИМОВ,
Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари

Бошқа хабарлар