Демократиями ёки маҳдудлик?

1257

Ўзбек тилининг расмана давлат тилига айланишига нима халақит бермоқда?

2021 йилнинг 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида «Давлат тили ҳақида»ги қонун ­лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар лойиҳанинг 12-моддаси ­бўйича қарама-қарши фикрларни билдиришди.
Овоз бериш натижаларига кўра, бу таклифни 58 нафар депутат маъқуллаган, 48 вакил қарши чиққан, 12 киши овоз бермаган ва 5 вакил бетараф қолишни афзал билган.
Шу тарзда 65/58 нисбатда бу таклиф қабул қилинмаган. Натижада лойиҳа муҳокамаси учинчи ўқишга қолдирилган.
Бу ҳолат эса, ўз навбатида, кенг жамоатчилик, хусусан, зиёлиларнинг кескин баҳслари, танқидий чиқишлари, эътирозлари ва ­муҳокамаларига сабаб бўлди.
Қуйида улардан баъзиларининг ижтимоий тармоқлар, жумладан, «facebook»даги чиқишларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Мазкур чиқишлар таҳрирсиз, ўзгаришларсиз (имло ва техник хатоларига тегинилмаган ҳолда) эълон қилинмоқда. Зеро, бехато ёзиш ҳам тилга бўлган ҳурматнинг бир кўринишидир.

«Миллий тикланиш» ДП фракциясининг «Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин», деган таклифига халқ вакилларининг муносабати.
Бир ҳамкасбимизнинг «бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни хоҳлаймиз» деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат…
Ўзбек тили ожиз…
Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қилаяпди.

Алишер Қодиров

Туҳмат ва ҳақорат учун кимгадир жазо, чиройли сабр учун бизга ажр!
Баъзи шухратпарастларнинг арзон обрў илинжида тўғри фикрни тескари талқин қилишлари оқибатида бир неча кундан бери ижтимоий тармоқлар қовоқари инига айланди. Масаланинг моҳиятига тушунар-тушунмас фикр билдираётганларнинг ҳақоратлари нишонига айландик.

Мақсуда Ворисова

Аҳволимиз шу экан…

Ўзбек халқининг алломаларидан бири «Туркистон қайғуси» китобининг муаллифи Алихонтўра Соғуний шундай деган эканлар:
«Ўзбекларнинг фожеаси тўрт нарса туфайлидир: биринчидан, ички низоларимиз, иккинчидан, бирлик-бирдамлигимиз йўқ, учинчидан, маҳаллийчилик кучли, ва ниҳоят, қариндош-уруғчилик каби муоммолар панд беради».
Дарҳақиқат, кечаги бўлиб ўтган Ялпи мажлисдаги кўнгилсизликларнинг ўзим гувоҳи сифатида, шу жараён иштирокчиси бўлганлигим учун икки кундирки, ўзимга келолмаяпман.
Қаранг-ки, «Ўзбекистон давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 12-моддасида:
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таминланиши;
– бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шарт» дейилган.
Бўлди!!!
Шугина холос!
Шунга шунча қаршилик, шунча тушунмовчилик?!
Ҳисоб ойнасидаги овозлар кўрсаткичини кўриб, ҳайратга тушасан.
Наҳотки, қарши овоз берганлар ўзбеклар?!
Наҳотки, халқ дардини ўйловчи халқ вакиллари – депутатлар ?!
Наҳотки, улар ҳамкасбларим?…
Ахир бу ерда ҳеч кимнинг ҳуқуқи поймол этилаётгани йўқ, ҳеч кимнинг шахсиятига тегилаётгани йўқ, ҳеч қандай миллат ва тиллар камситилаётгани йўқ- ку!
Шунчаки, давлат тили бўлмиш ўзбек тилини Ўзбекистонда яшаб, нонини еб, сувини ичиб юрганлар бироз шу юртнинг тилини ҳам ҳурмат қилинишини талаб қилиняпти холос.
Давлат идораларига бошқа тилда ёзма мурожаат қилинганда ўзбек тилидаги иловаси берилсин, дейилмоқда холос!
Ўзбек тилини ривожлантириш ҳақида кўп гапиряпмиз, байрамлар қиляпмиз, аммо унинг нуфузуни, обрўйини ҳимоя қилиш борасида аҳволимиз шу экан!…
Ҳазрат Соғуний айтганларидек, бирдамлигимиз йўқ экан, ҳамфикрлилик, ҳурфикрлилик йўқ экан, бошқа миллатлар олдида масхара бўлаверамиз.
Яхши-ки, бошқа давлатлар каби бизда тил билмаганларга катта-катта жарималар солинмайди…
Дарвоқе, йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга жаримани кучайтирган эдикки, ҳеч қанча вақт ўтмай ҳамма нарсалар изига тушиб кетди. Ҳеч ким қоидани бузмай қўйди.
Шунга ўхшаб балки, давлат тилини бузғувчиларга ҳам катта миқдорда жазо тўловлари тўлаш вақти келгандир…

Фарида АФРЎЗ

* * *

Биз киммиз? Қанақа халқмиз?

Биз, бир гуруҳ ўзбеклар 21-26 август кунлари Гуржистон пойтахти Тбилисида бўлиб қайтдик. Ва бу ернинг кўчаларидаги рекламалар, йўл кўрсатувчи ёзувлар, паннолар фақат гуржи тилида эканига гувоҳ бўлдик.
Мен 1970-80 йиллари ҳам бир неча бор Гуржистонда бўлиб, унинг Тбилиси, Ахалцихе, Абастумани, Боржоми, Гори каби шаҳарларига борганман. Ва ўша совет йилларида ҳам бирон ерда рус тилидаги йўл кўрсаткичларни учратмаганман. Горида эса марказий майдонда улкан Сталин ҳайкали турар эди.
Гуржи халқи 5 асрдан 1991 йилга қадар эрон, араб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур бобомиз, Чингизхон, Туркия, яна эрон, руслар қўл остида яшадилар. Аммо на ўз тилини, на ўз имлосини йўқотмадилар.
Бугунги гуржи ёшлари рус тилини мутлақо билмайдилар. Улар билан ё гуржи, ё инглиз тилидан гаплаша оласиз.
Бизчи?!
Биз араблар босса, араб имлосига, руслар босиб келса, рус имлосига, гоҳ бошимиз айланиб, лотин имлосига ўтиб кетаверамиз. Ҳеч тўхтовимиз йўқ.
Бизда битта рус аёли бақириб, дўқ урса, ўзбекчангни тушунмайман», деса, унинг тарафини оламиз.
Қани бирон бир рус Тбилисида «менга рус тилида мурожаат қил», дея юрак ютиб айта олармикан?
Қачонгача биз қўрқиб яшаймиз?!
Қанақа халқмиз биз?!
Биз киммиз ўзи?!
Шунчалар тубан кетдикми?!
Наҳотки биз буюк, тенгсиз давлат раҳбари, жаҳонгир Амир Темур бобомизнинг бугунги авлодлари…
Кеча ўзбек тилига қарши овоз берган депутатларимизни биз сайлаганмиз…ми?! Демак… айбдор ўзимиз!?
Бу бечора депутатлар топшириқни бажарган бўлсалар керак. Бола-чақасини ўйлагандир, аммо… Абдулла Орипов бекорга: «Қачон халқ бўласан, сен, эй оломон!?», дея оҳ урмаган, Афсус, минг афсус!…
«Ўзбекистон дея аталур, уни севиб эл тилга олур. Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон, Бўстонларда битган гулистон»нинг она тили қанақа депутатлар қўлида қолди????
Ўзбекми ўзи бу депутатлар!? Ё буларнинг ўрнига гуржилардан олиб келиб, Олий Мажлисга ўтирғизиб қўяйликми?!

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ