Субсидия олмоқчимисиз?

735

Ишсизлик даражасини кескин камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат жуда кўп имтиёзлар яратмоқда. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратилмоқда. Хўш, улар кимларга ва қандай шартларда берилади?

– Иш берувчиларга – Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун ҳар бир ходим учун олти ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваригача;
– АБКМда рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳловчи иш қидираётган ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан, штамп ва муҳр, электрон имзо олиш ва тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ҳамда кредит олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
– тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга – тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда «Ҳунарманд» уюшмасига аъзолик бадали учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
– кам таъминланган фуқароларни квоталанган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун ўн икки ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;
– енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғ, кўчат ва суғориш воситалари харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача;
– ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга – кооперативлар устав фондига (жамғармасига) улуш сифатида киритиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
– «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги гилам ва ипак тўқиш билан шуғулланувчи ҳунармандларга – иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
– «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
– тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга – зарур асбоб-­ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун етти миллион сўмгача;
– ногиронлиги бор шахс­ларни иш билан таъминлаш мақсадида ўз корхонасида махсус иш жойи яратмоқчи бўлаётган тадбиркорларга – ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи харажатларини ­қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан кўп бўлмаган миқдорда берилади;
– Ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачилар АБКМда рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун олти ой давомида ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида;
– Уста-шогирд анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга – шогирд тайёрлаши, уларни иш ҳақи билан таъминлаши ва зарур хом-ашё сотиб олиши учун.
Ушбу рўйхатда келтирилган талабларга мос келувчилар ўз ҳудудидаги бандликка ­кўмаклашиш марказига мурожаат қилиши мумкин.

Ҳамза ШАМИРОВ,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирлиги мутахассиси