Гўшттнинг нархи нега ошмоқда?

2329

ёхуд деҳқон хўжалигига имконият яратилмас экан…

Гўштнинг нархи яна «ғимирлаб» қолди. Ошяпти… Неча йилки, бу муаммо кўтарилади. Мутасаддиларда эса жавоб битта: «Гўшт нархини арзонлаштириш учун фалон миллион АҚШ долларига, фалон давлатдан наслли мол келтиряпмиз».

Энди савол туғилади: шунча йилдан буён бу жониворлар кўпаймадими? Маҳсулот бермаяптими?
Биргина жорий йилда Самарқанд вилоятидаги чорвачилик тармоқларида умумий қиймати 350 миллион сўмлик 50 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Германия, Австрия, Недерландия, Польша, Венгрия сингари давлатлардан 7000 бош наслли қорамол, 5 минг бош қўй-эчки келтирилади. Чорва-наслчилик хўжаликлари сонини 165 тага етказиш кўзда тутилган. Бўрдоқичилик ва сут етиштириш йўналишидаги кластерларни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри 25 миллион евро хорижий инвестиция жалб этилади.
Яна ўша гап. Мазкур саъй-ҳаракатлар бир кунда натижа бермайди. Аслида, кўзимизга «тилла» бўлиб кўринаётган хорижнинг инжиқ чорваси бизнинг шароитимизда «палак отиб, илдиз ёзиши»нинг ўзи катта муаммо. Шу ўринда халқнинг бир нақли ёдга тушади: олисдаги қуйруқдан…
Cавол туғилади: биз «ички имконият», деган жумлани назардан қочирмаяпмизми? Яна далилларга мурожаат этамиз. Самарқанд вилоятида истеъмолга чиқарилаётган гўшт маҳсулотларининг 80,9 фоизи, сутнинг 91,2 фоизи, тухумнинг 49,7 фоизи деҳқон хўжаликлари (яъни аҳоли) ҳиссасига тўғри келар экан. Ҳудуддаги мавжуд қорамолларнинг 94,2 фоизи, соғин сигирларнинг 94,9 фоизи, қўй-эчкиларнинг 88,9 фоизи аҳоли хонадонларида. Фермерлар ихтиёридаги қорамоллар миқдори эса 5,3 фоиз, соғин сигирлар 4,9 фоиз, қўй эчкилар 7,1 фоизни ташкил этади.
«Моли борнинг ҳоли бор». Мана шу тамойилга амал қиладиган халқимиз имкон топса, мол боқади.
– Чорванинг меҳнати оғир, аммо уйда уч-тўрт мол, беш-олти қўйни узмасликка интиламиз, – дейди пайариқлик Аслиддин Эралиев. – Кейинги пайтда хонадонда чорва ушлаш тобора қийинлашиб бормоқда. Ем-хашак қиммат. Боз устига, мол боқадиган ернинг ўзи йўқ. Битта сигир бир йил еган озуқага бозордан бир яримта қорамол беряпти. Чорва ушлаганга на имтиёз, на эътибор бор.
Айни чоғда вилоят аҳли хонадонларида бир миллион бошдан зиёд қорамол, қарийб бир ярим милионга яқин қўй-эчки бор. Демак, уларнинг беминнат кўмагисиз гўшт ва сут муаммосини ҳал қила олмаймиз. Гўштнинг нархи ошиб боришига эса асосан озуқанинг қимматлашиб кетаётгани сабаб бўлмоқда. Мана оддий мисол, 2020-2021 йил мобайнида бир боғ сомон пахолининг баҳоси 12-15 минг сўмдан тушмади. Ваҳоланки, бир замонлар одамлар самон пахолига даланинг ўзида ўт қўйиб, ёқиб юборишарди. Қуввати кам похолга куни қолган шўрлик чорванинг аҳволини энди ўзингиз баҳолайверинг.
– Бундан икки йил олдин ҳам хонадонимизда уч-тўрт бош новвос боқиб семиртирардик, – ­дейди Ургут туманида яшовчи Замон Келдиев. – Бир йилда қишлоғимизда камида 100-110 та новвос сўйилиб сотиларди. Ҳозир эса «иримига» бўлса-да битта новвос боқаётган одам йўқ. Чунки мол боқишдан фойда қолмади.
Соҳада катта тажрибага эга ҳамда кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалаги ходимлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Нормурот Ражабов мазкур масала юзасидан шундай фикрда:
– Вилоятда ишлаб чиқарилаётган гўштнинг атиги 15,7, сутнинг 8,6 фоизи фермер хўжалик­лари ҳиссасига тўғри келаётир. – дейди у. – Хориждан келтирилаётган наслли чорва маҳсулот бергунча «бир-икки қовун пишиғи» ўтиши аниқ. Шундай бир шароитда чорва моллари наслини яхшилаш билан биргаликда, аҳоли қўлидаги чорвага жиддий кўмак кўрсатилмоғи лозим, деб ўйлайман. Одамларга бу масала билан шуғулланишлари учун шароит яратиб, керак бўлса, бир қатор имтиёзлар белгиланиши даркор. Масалан, хонадонида уч бош қорамол парваришлаган оилада камида бир киши шу билан андармон. Керак бўлса, унга меҳнат дафтарчаси очиш лозим. Ахир у ҳам фаровонликка ҳисса қўшмоқда. Балки, мол боққанга солиқ имтиёзи ҳам белгилаш керакдир…
Мутахассиснинг сўзларига қўшимча равишда яна айтишимиз мумкинки, хорижга чорва учун сочилаётган жарақ-жарақ пулдан бир «чимдими»ни аҳоли қўлидаги имкониятга сарфланса ҳар ҳолда зарар қилинмасди. Шароит яратилса, аҳоли бу муаммони ҳал қилишга енг шимариб киришган бўларди.
Мутасаддиларга эса саволимиз бор: гўшт етиштиришнинг асосий улуши зиммасида бўлган хусусий секторга қай тарзда кўмаклашилмоқда?
Агар имконият яратилмас экан, бугун қоғозларда «деҳқон хўжалиги» мақомини олган аҳоли чорвадан рўшнолик кўрмагач, ундан воз кечади-қўяди. Гўштнинг нархи эса яна…
Балки, масаланинг бу жиҳатини чуқурроқ ўйлаб кўриш фурсати етгандир?..

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»