Халқ табобати тиббиётдан йироқми?

1120

Гапнинг очиғи ҳам шундай: замонавий дастурлар асосида тарбияланган шифокорларнинг аксарияти халқ табобатини рад қилади.

Ваҳоланки, табобатдан хабари йўқ шифокорни юксак маҳорат соҳиби деб аташ қийин. Фикримни исботлаш учун биргина мисол келтираман. Ҳузуримга келган беморлардан бири мендан аввал машҳур врачлардан бирига мурожаат қилган. У ёзиб берган рецепт асосида дорихонага борган. Дориларнинг нархи 3 миллион сўм бўлишини билгач, олмаган ва бошқа дўхтир излаган. Танишларидан бири мени тавсия қилган. 60 ёшлардаги аёл овқат ҳазм қилишда қийналарди. Мен уни кўздан кечиргач, битта таблетка ва уч хил гиёҳ ёзиб бердим. Уларнинг нархи 30 минг сўмга ҳам бормайди. Аёл аввалига унчалик ишонқирамади, аммо маблағи йўқлиги оқибатида таваккал қилиб мен тавсия қилган рецепт асосида даволанди. Орадан бир ой ўтиб, дарддан халос бўлганини айтиб, миннатдорлик билдирди.
Ҳа, биз кўп йиллар давомида табобатдан узоқлашдик. Фалон сўмлик дори таъсир қилмаган ҳолда жудаям арзон турувчи ўт-ўлан кор қилиши мумкинлигига ишонмайдиган юртдошларимиз ҳозир ҳам кўп. Кўпчилик дори қанчалик қиммат бўлса, шунча самарали деб ўйлайди. Бу нотўғри дунёқарашдан эса фақат фармацевтик компаниялар наф кўради, холос.
Хўш, замонавий тиббиётдан, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатидан кўпчилик нега қониқмаётир?
Тиббиёт олий ўқув юртини тамомлаган мутахассис умумий амалиёт шифокори сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. УАШ амбулатор шароитида ишлайди. Беморни даволаш жараёнида бевосита иштирок этмайди. Уларга стационар шароитда ишлашга рухсат йўқ. Палата врачи бўлиш учун ординатура ёки магистратурани битириш талаб қилинади. УАШ бўлиб қолиб кетмаслик учун 6 (илгарилари 7) йиллик олий таълимдан сўнг яна икки-уч йил ординатура ёки магистратурада таҳсил олиш керак. Контракт асосида 6-7 йил ўқиган врачнинг ҳаммаси ҳам яна 2-3 йил ўқиш учун етарли маблағга эга эмас. Шу жойда врачнинг олдига сунъий тўсиқ қўйилади. Тўғри, УАШ ўз устида тинимсиз изланса, «яхши дўхтир» сифатида ном қозона олади. Аммо, бундайлар юзтадан икки-учта холос. Ординатура ва ­магистратурада ота-онаси иқтисодий бақувват ёшларгина таҳсил олади.
Бунинг ёмон тарафи, юқори поғонага чиқиши, етук мутахассис сифатида элга кўпроқ наф келтириши мумкин бўлган йигит-қизлар четда қолиб кетаверади. Аслида, бундай ҳолат фақат тиббиётга хос эмас, барча соҳаларда ҳам долзарбдир. Ҳамма соҳаларда депсинишдан қутула олмаётганимизнинг сабабларидан бири шу аслида.
Яқинда бош вазир ўринбосари хорижлик шифокорларни юртимизга қайтишга даъват қилиб, уларга ўша давлатда олгани даражасида иш ҳақи берилишини айтди. Хорижда ишлаётган мутахассислар юртимизга қайтса, айни муддао. Тиббиётга янгича муҳит, янгича ёндашувлар кириб келади. Бизда ҳали қўлланилмаган даволаш методлари амалга татбиқ қилинади. Кўплаб юртдошларимиз дардига даво излаб хорижга кетишдай оворагарчиликдан қутулади. Бироқ, шуниси ҳам борки, ўн, йигирма врач мамлакатга қайтгани билан вазият тубдан ўзгариб қолмайди. Ундан кўра, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, магистратура ва ординатура таълими учун давлат грантларини кўпайтириш, ёшларнинг хорижий давлатларда ­магистратурада таҳсил олиши учун ҳомийлик қилишларни рағбатлантириш керак. Қолаверса, ўзимизда ҳам етук мутахассислар оз эмас. Фақат уларнинг аксарияти эътибордан четда. Ёки юқорида айтганимиздек, умумий амалиёт врачи даражасида қолиб кетган.
Табобат яхши ривожланмагани оқибатида минг сўмлик гиёҳчалик таъсир кучига эга биологик фаол қўшимчаларни тадбиркорлар ноёб дори сифатида юз минг сўмга сотяпти. Ваҳоланки, асл ноёб дорилар атрофимизда истаганча топилади.
Биргина ҳолатни тасаввур қилиб кўрайлик. Чўл-у биёбонда, тоғ-у тошда, саёҳат пайтида кимнингдир мазаси қочиб қолса, атрофдагилар унга ёрдам беришга қодирми? Ваҳоланки, даво шундоқ ёнида бўлиши мумкин. Ёшларимиз бугун неча гиёҳни танийди?
Қолаверса, тиббиётнинг вазифаси фақат касални даволаш эмас, хасталикнинг олдини олиш ҳамдир. Хасталикнинг олдини олишда эса табобатнинг ўрни катта.
Тўғри, кейинги йилларда табобатга муносабат ўзгармоқда. Мамлакатимизда халқ табобати ҳаёт учун муҳимлиги расман тан олинди ва бу юзасидан давлат раҳбарининг бир неча қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар халқ табобати ривожига кенг йўл очиб берди. Энди биз ушбу эътиборни суиистеъмол қилмасдан, ҳақиқий табобатни юксалтириш чораларини кўришимиз, тиббиёт соҳаси ривожига, муҳими, аҳоли саломатлигини ­мустаҳкалашга муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.
Яна бир муҳим гап. Халқимиз табиб деганда фолбин-у сеҳргарни эмас, ҳақиқий даволовчи илм аҳлини тушунадиган даражага эришмоғимиз зарур.

Ўктам КАРИМОВ,
Урганч шаҳридаги «Халқ табобати
соғломлаштириш маскани»
бош шифокори