Ажралиш нега инсонларни ташвишга ҳам солмай қўйди?

289

24-25 ёшлар атрофидаги ёш жувон узун ва тор йўлак охиридаги ўриндиқда мунғайибгина ўтирибди. Атроф одамларнинг ғала-ғовурига тўла. Ҳамма ўз иши билан банд. Баъзан қўлида қандайдир қоғозларни кўтариб ёш ходима у ёқдан-бу ёққа ўтиб қолади. Аёлга эса атрофида нима бўлаётгани қизиқ эмас. У нигоҳини бир нуқтадан узмайди, худди ҳайкалдек тош қотган. Фақат баъзида ўзидан сал нарида тик оёқда турган, бўйлари қотмадан келган ёш йигитга нафрат ва ҳадик аралаш тикилади. Ҳар қанча уринса ҳам кўз ёшларини тиёлмайди. Шу пайт ёш қизча аёлнинг қучоғига ўзини отади:

— Ая, қорним очди. Юринг, уйга кетайлик.

— Бироз сабр қилгин, болажоним, ҳозир кетамиз…

Қизча онасининг гаплари тугар-тугамас яна йўлак бўйлаб югуриб кетади. Афсуски, унинг ҳеч нимадан хабари йўқ. Бугун қизалоқнинг отаси Жасур ва онаси Нигора ажрашмоқда. Яхши ниятлар ила бир ёстиққа бош қўйган икки ёш шу йўлни танлади. Қани эди, иккови ҳам фикридан қайтса, аммо уларнинг ҳеч бири биринчи бўлиб қадам босишни истамайди. Бугун улар суддан кейин бир-бирига бутунлай бегона бўлади. Аслида Жасур ва Нигоранинг ажрашишига бирор жиддий сабаб ҳам йўқ. Ҳаммаси оддий: айтишларича, улар бир-бирларига тўғри келмас, иккови икки хил дунё эмиш. Худдики ажралса, ҳамма ташвишлар барҳам топадигандек…

Рақамлар ортида инсон тақдири ётибди

Бугун дунё турли муаммолар гирдобида қолган. Инсоният экологик таназзул, иқтисодий инқироз билан бирга, маънавий таназзулга ҳам юз тутмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда оила аталмиш қўрғоннинг пойдеворига путур етаётгани, айрим мамлакат ёшлари томонидан оила ҳақида турли бўлмағур сўзларнинг янграётгани кишини жиддий ташвишга солаётир.

Афсуски, бу муаммо бизга ҳам бегона эмас. Тан олиб айтиш керак, сўнгги йилларда ёшларимизнинг оилага бўлган жўн муносабати ортидан мамлакатимизда ажралишлар сони ортиб бормоқда. Айрим турмуш қурган ёшлар ҳаётнинг арзимас синов ва машаққатларига дош бермай, энг сўнгги чора сифатида ажралишни маъқул кўраётгани оилани муқаддас деб билган ўзбек халқига ярашмайдиган ҳолатдир.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 104 минг 200 та янги оила тузилган бўлиб, уларнинг 16 мингтаси ажралишгача етиб борган. Тасаввур қиляпсизми, 16 мингта! Балки бу кимлар учун арзимасдек, аммо ана шу рақамлар ортида қанча-қанча инсонларнинг ҳаёти муаммолар ичида қолаётгани, минглаб тақдирлар мавҳумликка юз тутаётгани, мурғак гўдаклар ота-онасиз тирик етим бўлиб қолаётгани барчамизни чуқур ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди.

«Ёшлар оилалар бузилишидан келадиган муаммоларни тушуниб етмаяпти»

— 2019 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида шаҳримизда 10 минг 73  та никоҳ ва 15 та ажралиш қайд этилди, — дейди Жиззах шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Матлуба Ўрозалиева. — Ажралишларга эса, асосан, ишсизлик, қайнона-келин можароси, рашк, оила бошлиғининг ёмон иллатларга ружу қўйганлиги ҳамда чет давлатга ишлаш учун кетганлиги сабаб бўлмоқда. Муаммонинг олдини олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари эр ёки хотин никоҳни бекор қилиш бўйича даъво ариза билан мурожаат этганида, томонларнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг Яраштириш комиссиясига бу ҳақда хабар юборади. Агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг Яраштириш комиссияси эр-хотинни муросага келтириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда шахсан хабардор қилиниши шарт. Бундан олдин ҳам яшаш жойидаги Яраштириш комиссиясининг хулосалари олинган, аммо бу ажрашувчи томонларнинг ўзларига қолдирилгани учун ижобий ечим кам кузатилган.

«Оила қуриш ёки ажрашиш ёшларнинг шахсий иши эмас»

— Маҳалламизда 3000 нафар аҳоли, 517 та оила яшайди, — дейди Бухоро шаҳридаги М.Наршахий номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Аҳмедова. — Ҳудудда нотинч, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан мунтазам равишда суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилади. Аммо шунга қарамай, арзимас сабаблар туфайли айрим йигит-қизлар ажралишни ихтиёр қилаётгани, турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари учраётгани афсусланарли ҳолдир.

Бу йил маҳалламизда 2 та ажралиш кузатилди. Уларнинг бири 7 йил фарзанд кутди, аммо бўлмади. Иккинчи оила эса «феъли бир-бирига тўғри келмаслиги, келин қайнонанинг айтганини қилмаслиги» каби сабаблар туфайли ажрашиб кетди. Фуқаролар йиғини қошидаги Яраштириш комиссияси оилани муросага келтиришга, сақлаб қолишга салкам бир йил уринди. Бироқ катталарнинг бепарволиги туфайли бутун бир оила барбод бўлди. Агар ота-она фарзандининг ёнини олавермасдан, унга оиланинг қадр-қиммати, инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўғри тушунча бера олса, ажралишлар сони кескин камаяди. Ахир, кексаларимиз бежизга келин бўлиб узатилаётган қизларимиз  ортидан «Илоҳим, борган жойингда тошдек қот, туп қўйиб, палак ёз», дея дуо қилмаган. Ўйлайманки, миллий қадриятларимизга қайта жон бағишлашимиз, оила қуриш арафасидаги ўғил-қизларимиз онгига буни сингдиришимиз ажрим муаммосига ечим бўлади.

«Ажримлардан, энг аввало, фарзандлар жабр кўради»

Оиладаги нотинчликдан фақат эр-хотиннинг ўзигина азият чекмайди. Аввало, ана шу муҳитда улғаяётган фарзандлар бу ҳолатдан қаттиқ жабр кўради.

— Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг 9 ойи давомида қайд этилган оилавий ажралишлар сони 3668 тани ташкил этди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашининг диний-маърифий масалалар бўйича бош мутахассиси Собиржон Валижонов. — Муаммонинг олдини олиш мақсадида бу йил пойтахт маҳаллаларида «Биз — оилавий ажралишларга қаршимиз!» мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлиги ўтказилди. Унга кўра, нотинч, ажрим ёқасидаги оилалар, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, бундай оилалар билан алоҳида ишлаш, уларга педагогик, психологик ва маънавий кўмак бериш ҳамда ижтимоий, моддий ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатиш тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, шаҳримиздаги мавжуд 512 та маҳаллада оилавий келишмовчиликлар сабабли ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларга маҳаллада яшовчи намунали, аҳил оилалар бириктирилди. Шунингдек, жорий йил ҳар бир маҳалладаги нотинч оилалар рўйхати қайта тузилиб, уларни соғломлаштириш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича Яраштириш комиссиялари томонидан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилмоқда, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланиб, ушбу оилаларни муросага келтириш чоралари кўрилаётир.

Инсоннинг дунёқараши, ундаги энг соф ва покиза туйғулар, аввало, оилада шаклланади. Шундай экан унинг мустаҳкамлигига барчамиз муносиб ҳисса қўшишимиз, бу эзгу ва хайрли ишда ҳеч биримиз четда турмаслигимиз лозим. Зеро, оилалар осойишталиги мамлакат тараққиётини белгилайди.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla» газетаси

(45-сон, 17 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар