Фаолият янги тартибда амалга оширилади

682

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ишчи гуруҳи аъзолари, Федерация ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар мутасаддилари ҳамда масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, туман ва шаҳарларга Федерациядан бириктирилган масъуллар иштирок этди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ишчи гуруҳининг жойларда «Аёллар дафтари» тизими бўйича олиб бораётган ишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелда қабул қилинган «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Аёллар дафтари»ни юритиш бўйича янги таҳрирдаги Вақтинчалик тартиб»да белгиланган ўзгаришлар ва улар ижросини таъминлаш масалалари чуқур таҳлил этилиб, галдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган «Аёллар дафтари» тизими бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида ўтган давр мобайнида мазкур дафтарга киритилган 432 минг 781 нафар хотин-қиздан қарийб 90 фоизининг муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилди, – дейди видеоселектор йиғилишида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйи­­ча Республика комиссияси ­раиси ­Қудратилла Рафиқов. – Хусусан, ишсиз 253 минг 210 нафар хотин-қиздан 208 минг 975 нафарининг бандлиги таъминланишига эришилди. Яъни, ушбу йўналишда «Аёллар дафтари»га киритилган 131 минг 274 нафар ишсиз хотин-қизнинг 88,5 фоизи ишга жойлаштирилиб, 36 минг 394 нафар аёлнинг 81,4 фоизи касб-ҳунарга ўқитилди. 69 минг 877 нафар хотин-қизнинг 70,4 фоизига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредитлар ажратилди. 15 минг 665 нафар аёлнинг 89,5 фоизига эса томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашилди.
Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, боқувчисини йўқотган 36 минг 730 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг 98,7 фоизига моддий ёрдам кўрсатилган. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 29 минг 72 нафар хотин-қизнинг 96,2 фоизи моддий қўллаб-қувватланган. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган 4 минг 252 нафар аёлнинг 2 минг 827 нафарига жами 62 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилган. Нотураржойларда истиқомат қилаётган 9 минг 223 нафар хотин-қиздан 5 минг 101 нафарининг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд 8 минг 112 нафар ёлғиз аёлдан 7 минг 649 нафарини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган. Шунингдек, тиббий ҳимояга муҳтож 44 минг 113 нафар хотин-қизнинг 96,5 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, унинг натижалари асосида даволаш ишлари ташкил этилган. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 24 минг 664 нафар аёлнинг 98,6 фоизига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган. Психологик ёрдамга муҳтож 23 минг 405 нафар хотин-қизнинг 99,3 фоизига психологик ёрдамлар берилган.
Видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелда қабул қилинган «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Аёллар дафтари»ни юритиш бўйича янги таҳрирдаги Вақтинчалик тартиб» ва унда белгиланган ўзгаришлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, аввалги Вақтинчалик тартибга нисбатан ушбу янги ҳужжатда 31 та ўзгартиш ва қўшимча киритилгани таъкид­ланди.
Жумладан, илгариги тартиб ­бўйича қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар «Аёллар дафтари»га киритилган бўлса, эндиликда янги таҳрирдаги тартибга биноан қарамоғида фарзандларининг ногиронлик гуруҳларидан қатъи назар, бундай болалари мавжуд барча ёлғиз аёллар мазкур дафтарга киритилади.
Шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилмаган, аммо ярим йил оралиғида «Аёллар маслаҳат кенгаши»га мурожаат қилган эҳтиёжманд хотин-қизларни дафтарга киритиш механизмлари очиқ қолаётган эди. Янги таҳрирдаги тартиб бўйича бундан буён «Аёллар маслаҳат кенгаши»га мурожаат қилган хотин-қизнинг анкета сўровномаси тўлдирилиши, сектор раҳбари туман (шаҳар) маҳалла бўлими билан биргаликда унинг муаммоларини ўрганиши ва ҳар ойда «Аёллар дафтари»га қўшимчалар киритиш бўйича халқ депутатлари Кенгашига таклиф киритиши белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат – «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга нафақат томорқадан, балки деҳқончиликдан ҳам даромад манбаи сифатида фойдаланиш мумкинлиги белгиланди. Эндиликда ҳокимликлар, маҳалла бўлими, фермерлар кенгаши, банклар ҳамкорликда аёлларга деҳқончилик билан шуғулланишларида ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотиш ишларида ҳар томонлама кўмаклашишлари лозим. Бундан ташқари, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга деҳқончилик билан шуғулланишлари учун 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ва улардан самарали фойдаланиш учун субсидиялар ажратиш мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, янги таҳрирдаги тартибга мувофиқ «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун кредитлар ажратилишида Халқ банки билан бир қаторда эндиликда «Микрокредитбанк» ва «Агробанк» ҳам масъул этиб белгиланди. Халқ банки энди ушбу икки банкнинг «Аёллар дафтари» бўйича фаолиятини ҳам мувофиқлаштириб боради.
Шунингдек, жойларда тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз хотин-қизларга зарур асбоб-ускуна ва бошқа меҳнат воситаларини харид қилишлари учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан субсидиялар бериш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, «Аёллар дафтари»га киритилган, бироқ кредит олишни рад қилган хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан ортиқ, бироқ 4 минг бараваридан юқори бўлмаган миқдорда кредит ажратиш тартиби йўлга қўйилади. Яъни, «Аёллар дафтари»га кирган ишсиз хотин-қизлар ўзлари кредит олиб ишлашни рад қилсалар, бошқа бир тадбиркор ушбу аёлларни доимий иш билан таъминлаш шарти билан кредит олиши учун имконият яратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – ишлашга иштиёқи ва эҳтиёжи бор аёлларнинг бандлигини таъминлашдир.
Шунингдек, янги таҳрирдаги тартибга психологик ёрдам кўрсатишга нодавлат нотижорат ташкилотлари мутахассисларини жалб қилиш бўйича ҳам алоҳида банд киритилди. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари «Аёллар дафтари»га маълумотларни киритиш ва чиқариш, уларнинг ҳаққонийлиги бўйича шахсан жавобгар этиб белгиланди.
Видеоселектор йиғилишида «Аёллар дафтари» бўйича бундан кейинги фаолият мазкур янги таҳрирдаги тартиб асосида олиб борилиши алоҳида қайд этилди. Республика комиссияси ва унинг таркибидаги Ишчи гуруҳлари олдида турган муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан, жами 420 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда режа асосида бепул соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилгани, жумладан, апрель ойида Фарғона вилоятидаги хотин-қизлардан 30 нафари соғломлаштирилгани, ушбу ишлар барча ҳудудларда тизимли равишда сифатли давом эттирилиши зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан чекка ҳудудларда жойлашган 50 та туманнинг қишлоқ жойларида ҳамда олис маҳаллаларида енгил конструкцияли «Аёллар гўзаллик салонлари»ни қуриш ва тўлиқ жиҳозлаб бериш ишлари изчил олиб борилаётгани, ушбу масканларда ишлайдиган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида бепул ўқитиш ишлари амалга оширилаётгани, бугунги кунгача 40 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга сертификатлар топширилгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишда жонбоз­лик кўрсатган 30 та «Аёллар маслаҳат кенгаши»ни 50 миллион сўмдан моддий рағбатлантириш режалаштирилгани таъкидлаб ўтилди. Хотин-қизлар билан ишлашда намуна кўрсатаётган масъул ва мутасаддиларни рағбатлантириш мақсадида эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг яхши сектор раҳбари», «Касаба уюшмалари лауреати», «Энг намунали аёл иш берувчи» танловлари эълон қилингани, шунингдек, Федерация томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган 50 минг нафар хотин-қизнинг мамлакатимиздаги тарихий шаҳарларга бепул саёҳатларини уюштириш белгилангани, жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра,1 500 нафар аёлнинг тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилгани қайд этилди.
Видеоселектор йиғилишида «Аёллар дафтари» тизими бўйича олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳудудлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, тегишли мутасаддилар масъулиятини янада ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати
раҳбари