«Гастролчи» қорамоллар муаммонинг ечими таннархни арзонлатишда эмасми?

975

«Ishonch» газетасининг 2021 йил 1 майдаги сонида Нурилла Шамсиевнинг «Гўштнинг нархи нега ошмоқда? ёхуд деҳқон хўжалигига имконият яратилмас экан…» сарлавҳали мақоласида анча вақтдан бери долзарб бўлиб келаётган муаммо кўтарилибди.

Одатда, гўштнинг нархи ошиши билан қассоблар назоратга олинади. Гўшт дўкони пештоқига хўжакўрсинга арзонроқ нарх илинади-да, аслида ўзи билган баҳода савдо қилинади. Ёки муштдек суяк солиб гўшт тортиб беришдан ҳам тап тортишмайди. Бу каби чора-тадбирлар нақадар тўғри? Чунки қассоб ҳам арзон олса, арзон сотади. Муаммонинг ечими таннархни арзонлатишда эмасми?
Шифокор-диетологларнинг тавсиясига кўра, одам бир йилда 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур. Мутахассислар 2025 йилга бориб, респуб­ликамизда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 0,25 баробарга ошиши ва йилига 54,8 килограммни ташкил қилиши тўғрисида фикр билдиришяпти. Бу тахминларни амалга ошириш учун нима қилмоқ керак, деган табиий савол туғилади.
Республикамизда етиштирилаётган гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжалик­лар етиштир­япти. Афсуски, аҳоли қўлидаги аксарият чорва наслсиз, хашаки қорамолларни ташкил этади. Агар гўшт мўл бўлиб, нархи арзон бўлишини истасак, зотли чорва сонини кўпайтиришимиз керак. Бунинг учун ветеринария хизмати бўлимлари орқали сунъий уруғлантиришни жонлантириш керак бўлади. Токи хашаки моллар гўштдорлиги бўйича насллиларидан кескин фарқ қилишини аҳоли тўғри тушуниши лозим. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг, 600 килограммлик тирик вазнли зотдор новвос 50-60 фоизгача гўшт берса, хашакилари 35-45 фоиздан нарига ўтмайди. Бугунги кундаги ветеринария бўлимларининг сунъий уруғлантириш бўйича олиб бораётган ишларини қониқарли, деб бўлмайди. Шундай қилиш керакки, чорва эгаси учун ҳам, ветеринар учун ҳам манфаатли йўлни топиш керак.
Бошқа жойларда билмадим, лекин Андижон вилоятида ҳафтанинг сешанба кунидан ташқари ҳар куни мол бозори ишлайди. Бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Бор-да. Чорва молфурушнинг қўлидан қўлига ўтавериб, нархи осмонга чиқиб кетяпти. Эҳтимол, озгина кулгилидир, лекин бор ҳақиқат шуки, «гастролчи» моллар у бозордан бу бозорга судралавериб, бемалол ўзлари бозор йўлини топиб кетишяпти. Бу бозорлардан фақат молфуруш ва бозор эгасининг чўнтаги қаппайяпти, холос. Жабрини эса молбоқар – оддий халқ тортяпти. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган молбозорлардан тушадиган пул йиғимлари ҳаминқадарлигини-ку ­айтмаса ҳам бўлади. Менимча, мол бозорини ҳафтанинг бир кунида қилган мақсадга мувофиқ.
Мавзудан бироз четлашсак-да, аҳолига имтиёзли кредит асосида берилаётган чорва бозор нархидан бирмунча қимматлигини айтиб ўтсак. Фермер ўзининг кўзга яқин яхши қорамолини сира сотмайди. Бозорда 4,5 миллион сўмга сотилаётган бузоқ кредит олувчига 6,5 миллион сўм атрофида сотилади. Кредит олувчи фермердан олган баҳосига сотиши учун камида 6 ой боқиши керак бўлади. Ўз нав­батида, бу каби «ишбилармонлик» нарх-навонинг сунъий равишда ошиб кетишига олиб келмайдими? Боз устига, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонга ёрдам қиламиз дея, унинг «қовурғасини қайириб» қўймаяпмизми?
Албатта, ем-хашак етиштиришни кўпайтириб, таннархини арзонлатмай туриб, мўл-кўлчиликка эришиб бўлмайди. Таассуфки, йилдан йилга яйловлар ва чорва озуқа экин майдонлари ҳам қисқаряпти. Айниқса, яйловларнинг ­қисқариши гўшт таннархига сезиларли таъсир ўтказади. Чунки яйлов озуқаси энг арзон озуқа ҳисобланади. Муаммога илмий ёндашиб, яйловларда бир йиллик чорва ўтларини экишни йўлга қўйиш пайти келмадимикан?
Тўйимли озуқа етиштириш мақсадида гектарига 100-160 центнердан дон берадиган серҳосил маккажўхори ­навларини экишни кўпайтириш керак. Бизнинг серқуёш республикамиз шароитида вегетация даври узоқ давом этади. Бошоқли дондан бўшаган ерларга донли экинларни қайта экин сифатида экиб, юқори ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун четдан келтирилаётган маккажўхори уруғларига божхона тўловларида имтиёзлар берилиши керак. Чунки нархи фалон доллар турадиган бундай навлар оддий халқ чўнтагига оғирлик қилиши мумкин. Қолаверса, кейинги йилларда бўрдоқига боқилаётган чорвага маккажўхори силоси бериляпти. Бу озуқа анча арзон тушяпти. Буғдойдан бўшаган майдонларга силос учун маккажўхори экишни кенг йўлга қўйиш лозим.
Шу билан бирга, ем-хашак савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилса, керак бўлса, четдан ем келтириларди.
Аҳолининг гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришда фақат чорвачилик билангина чекланиб қолмаслигимиз керак. Маҳсулот турини кўпайтириш ва таннархини арзонлатиш учун етти хазинанинг бири бўлган куркачилик, қуёнчилик, ўрдак ва ғозчилик ҳамда балиқчилик каби қўшимча имкониятлардан фойдаланиш ўз самарасини беради.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист