Она тилимиз шунчаки «ҚАДРИЯТ» эмас

1053

ёхуд савдосидан ғавғоси кўп қонун лойиҳаси ҳақида мулоҳазалар

Ўтган ҳафтада «Давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг Олий Мажлисда муҳокама қилингани-ю, «ўтмагани» ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.

Хўш, бу… шунчалик зарурми? Оғиз йиртиб айюҳаннос солишга, ўзаро гиналашиб юришга арзийдиган нарсами? Тавба, нимани талашишяпти ўзи?
Ахир, эй биродарлар, бир тарозига солинг: қонуннинг матни бениҳоя зўр бўлса-ю, ҳеч ким унга амал қилмаса ва иккинчи ёқдан – мундайроқ бўлса-да, одамлар оғишмай риоя этса… Қайси бири яхши? Иккинчиси, албатта!
Бизда ўттиз икки-ўттиз уч ёшларга кириб қолган, аммо ҳануз муддаосига етолмай, энди кўзига ўргимчаклар тўр ёяй деб турган давлат тили тўғрисида қонун бор. Агар унинг моддаларига, э-э, моддасини қўйинг, лоақал руҳига амал қилганимизда борми, бугун бу гапларнинг ҳожати қолмас, бутун аҳли юрт ўзбекнинг тилида равон гаплашадиган, чаққон иш юритадиган бўлиб кетар эди.
Аммо нима дейсизки, қонунни боплаб тайёрлаймиз, кўпинча «бир овоздан» қабул ҳам қиламиз, аммо кейин унга риоя этавермаймиз, бу – бор гап.
Жиноятга оид қонунларни бежирим қилиб чиқариб, ана энди ҳеч ким жиноят қилмайди, деб ишониш анойилик, албатта. Худди шу каби, «Давлат тили тўғрисида»ги қонун мукаммал қилиб тайёрланса, муаммо ҳал бўлади, деб кутиш ҳам – хомхаёл. Ахир, энг муҳим нарса қонун матни эмас, балки муҳитдир, яъни мамлакатда шундай тил муҳити юзага келсинки, ўзбек тили яйрасин, қулоч ёйсин, эркин қадам ташласин.
Шу топгача ана шундай муҳит юзага келмади. Бунга сабаб – қонуннинг номукаммаллигида эмас. Ўзимиз «кенгбағир»миз. Бирон рус кишиси, айтайлик, автобусда сизга бир амаллаб ўзбекча гапирмоқчи бўлса, уни қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ўрнига, ўзингиз ўрисча сайраб юборасиз, тўғрими? «Билимли», «маданиятли» бўлиб кўринай дейсиз-да. Ёки она тилим – жону дилим, деб минбар муштлайсиз-у, ўз уйингиздаги неварангиз рус тилли мактабга қатнаб, таълим ва тарбия олаётибди, бунга не дейсиз?
Демак, айб қонунда эмас, қонунга риоя қилмаслигимизда.
Ёдингизда бўлса, икки йил аввал, 2019 йилнинг 30 апрелида ўн саккиз нафар «узбек»лар рус тилига иккинчи «расмий тил» мақоми берилишини сўраб чиқишган эди. Бундай олганда, арзимас талабдай. Аммо ўша нарса амалга ошса, она тилимизнинг, шундай ҳам қилтиллаб турган томири узилар, рус тили Ўзбекистонда яна тахт устига келар эди.
Орадан бир йилча вақт ўтиб, 2020 йилнинг 15 май куни Россия ташқи ишлар вазирлигининг маъмури бўлган Мария Захарова ўз ерини қўйиб, Ўзбекистон сари юзланди: биздаги тил сиёсатини тафтиш этиб, оламшумул бир талабни майдонга ташлади. Унингча, «Ўзбекистонда иш юритишда рус тилини қўллаш рес­публика фуқароларининг манфаатларига мос келар» эмиш. Бу, моҳиятан, Россия Федерациясида иш юритиш ўзбек тилида бўлса, рус халқининг манфаатларига мувофиқ бўлади, деган талаб билан бир хил – ҳар иккиси ҳам мантиқдан, соғлом ақлдан йироқ.
Ажабки, 2021 йил 28 апрель куни яна оз эмас, кўп эмас, яна ўн саккиз валломат – ХДПнинг шунча нафар депутати, тил тўғрисидаги қонуннинг бир моддаси борасида келиша олмай, лойиҳани қайтаришга эришишди. Бу модда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилинадиган тили» (услубий хатосидан кўз юмиб турайлик) деб номланган ва иккитагина банддан иборат бўлиб, уларда шундай деб битилган эди:
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.
Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади».
Ўйламанг, ХДП фракцияси аъзолари шу ­гапга қарши чиқишибди, деб. Билъакс, улар айни моддани шу тарзда ўзгартиш талабини ўртага қўйишди. «Миллий тикланиш» партиясининг фракцияси аъзолари эса «Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатларига давлат органлари ва давлат муассасалари давлат тилида жавоб қайтаради», деган вариантни маҳкам тутиб олди. Овоз берилганида маълум бўлдики, ХДПчиларнинг баҳамжиҳат, яъни олдиндан келишиб қилинган аҳд-паймони ушбу қонун аравасининг ғилдирагига суқилган тўғаноқ бўпти – ҳаракат тўхтади.
Алалоқибат, юзлаб тилшунослар, адабиёт аҳлининг камида икки йиллик меҳнати ҳавога учди. Ким билади дейсиз, ХДП фракциясига аъзо депутатлар учун тил ҳақидаги қонуннинг аввалгидай тарзда амал қилиши, тўғрироғи – амал қилмай туриши афзал, шекилли. Ахир исталган жисмоний ёки юридик шахс истаган давлат идорасига ўзи хоҳлаган тилда мурожаат қилса ва жавобини ҳам ариза берган тилда қайтарасан, деб туриб олса, қонуннинг қонунлиги, давлат идорасининг идоралиги қоладими? Яна қайси давлатнинг қонунида бор бунақа ажабтовур модда? Тасаввур қилинг: мен Испанияга бориб фирма очиб, унинг ишига оид бир ҳужжатни давлат идораларига юборсам-да, «мана, ўзбекча хат, унга жавобни ҳам ўзбек тилида берасан», деб талаб қилсам… Қалай?
Яна. Бу қонун лойиҳаси ҳам бир муддат аввал танишиб чиқиб, фикр-мулоҳаза билдириш учун депутатларга (жумладан, ўша «қарши» овоз берган депутатларга ҳам!) тарқатилган, лоақал тегишли нашр органларида жорияланган бўлиши аниқ. Шунча вақт индамасдан, овоз бериш кунигача лом-мим деб оғиз очмай туриб, бир неча дақиқа ичида шунча меҳнатни «брак»ка чиқариш ҳурматли халқ ноибларига ярашадиган ишми? Бу уларнинг ишлаётганини кўрсатадими, ёки?..
Ана энди шу қонун лойиҳасининг сифатига ҳам икки оғиз тўхталсак. Лойиҳа – беш минути кам қонун, дегани. Бунинг учун у деярли тайёр бўлиши, ҳар жиҳатдан мукаммал ҳолга келтирилиб, депутатлар назарига ҳавола этилиши шарт. Аммо бу лойиҳа, ишланавериб, пишиб ўтиб кетган кўринади. Чунончи:
«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили миллий қадрият сифатида эътироф этилади» (3-модда).
«Давлат тили Ўзбекистон Республикасининг маданий мероси сифатида тарғиб этилади» (5-модда).
Наҳот муаззам она тилимизни биз миллий қадрият ёки маданий мерос сифатида эътироф этиб, тарғиб қилсак? Тил… «мерос», ­«қадрият» дея эътироф этиб қўйиладиган нарсами? Йўқ, у минг йиллардан бери ҳар куни, ҳар соату лаҳзада қўлланиб келинаётган воқелик. Масалан, бизга тегишли бирон меросдан маҳрум бўлсак, зиён, албатта, аммо бош­қалари бор-ку, дея ўзимизга тасалли берамиз. Ўнлаб миллий қадриятларимиз бор, биронтаси барбод бўлса, қолгани бизга мадад бўлади – яна қад ростлаймиз. Аммо она тилимиз шунчаки бир «қадрият» эмас. У йўққа чиқса, ўзимиз миллат сифатида йўқоламиз. Шунинг учун ҳам қонун матнида бунақа таърифу тавсифларга ўрин бўлмаслиги керак.
Биласиз, бизнинг қонуншунослар асосан қонун лойиҳаларини рус тилида тайёрлаб, сўнг таржима қилиб тақдим этишади. Энди, лоақал она тилимиз ҳақидаги ана шу биттагина қонун ­лойиҳасини ўзбек тилида тайёрлашга енг шимаришган кўринади, афсуски, бўлмапти. Ноилож, боя­гидай ўринларда французларнинг Тубон қонуни сингари бошқа қонунлардан ибрат олиб қўя қолишибди. Ҳолбуки, бу қонун лойиҳасини тайёрлаш учун бир неча илмий ва ижодий ташкилотлардан кўплаб мутахассислар жалб этилган, улар бир талай ғояларни ўртага ташлашган эди. Қаерда қолдийкин у гаплар – бизга қоронғу. Қўлимиздаги лойиҳада 7 боб ва жами 29 модда бор бўлса, унинг матнида қонуннинг руҳини, мажбурловчи кучини сезмадим, аксинча, ўнтача ўрнида «заруратга қараб, бошқа тилда амалга оширилиши мумкин…» каби дудмолликлар бор.
«Лойиҳа» матнида «илмий-бадиий адабиётлар» сингари турмушда йўқ нарсалар тилга олинади, «Давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилига оид давлат сиёсати» каби панжарагулчин ифодаларни-ку, айтманг.
«Бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига зиён етказмаган ҳолда таҳрир қилади», сингари йўриқнома тарзидаги қоидалар жой олган бу лойиҳанинг бир ўрнида «қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тизимида, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, мазкур Қонуннинг 13, 14-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно», деган гапни ўқиб, «лойиҳа» қонунни устувор этиш эмас, абгор қилиш ниятида битилган экан, деган фикрга келдим. Ахир, бу – иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия (идоралардаги бухгалтерия ва канцелярия) ҳужжатларидан бош­­қа ҳамма нарса: илм-фан, ишлаб чиқариш, технология…ларни ўзга тилда бемалол юритишга фатво бериш-ку?
Лойиҳада тил тўғрисидаги қонун қайси соҳаларга қанақа татбиқ қилиниши моддалаб кўрсатиб ўтилади – суд ишларида, нотариус, адвокатура, таълим, маданият соҳасида, нашриёт ишларида…
Батафсил экан, яхши-ку, дерсиз. Аммо бу, мантиқан, шундан бошқа соҳаларда ўз билгича иш тутишга йўл қўйиб беришини ўйлаб кўрмаймизми? Модомики, биз она тилимиз чиндан ҳам давлат тили бўлишини истасак, дорихонада, новвойхонада… деб ўтирмасдан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилот ва муассасаларда давлат ишлари давлат тилида юритилади, деб битиб қўйсак, бошқа гапга ўрин қолмас эди-ку?
Мен бир неча давлатнинг тил тўғрисидаги қонунларини кўриб чиқдим. Албатта, уларнинг ҳажми, миллий ўзига хосликларидан келиб чиқадиган қоидаларида тафовутлар бор. Аммо бир нарса аниқ: исталган бир давлатнинг тил тўғрисидаги қонунини – майли, энг «юмшоғи»ни – олиб, ўзбек тилига таржима қилиб (биргина фарқи, ўша тил ўрнига «ўзбек тили» деб ёзиб қўйиб тақдим этилса), бунақа «иккинчи ўқишга тайёрланган матн»ларга қараганда она тилимизнинг мавқеини оширишга чандон кўпроқ хизмат қилади.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос

Таҳририятдан: Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ушбу мақолани юмшоқ айтганда, қалбида катта дард билан битгани кўриниб турибди. Аммо бу куйинчакликни қонун лойиҳасини тайёрлаган, муҳокамалар жараёнида фаол қарши бўлганлар, жумладан, Халқ демократик партияси вакиллари қанчалик тушуна олади, ҳамма гап ана шунда. Бундай дейишимизнинг боиси, олим қонун лойиҳасининг мукаммаллигини катта шубҳа остига олмоқда. Унинг баъзи моддаларини инкор этмоқда. Агар муаллиф ҳақ бўлса, бундай пишмаган лойиҳаларнинг Парламент кун тартибига чиқиб кетиши барчамизни ўйлантириб қўядиган масалага айланади…
Биз бу мақолага Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муносабатини кутиб қоламиз.