Нега ҳамон «советча» фикрлашдан воз кеча олмаяпмиз?

257

Ҳар қандай мамлакат бугунию келажаги ҳам, тараққиёти, дунёга юз тутиши ҳам таълим тизимига боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Қанча-қанча давлатлар бунга яққол мисол ҳам бўлади. Хуллас, ҳаммасини таълимдан бошлаш кераклиги бугун ҳеч кимга янгилик эмас. Ўзбекистон ҳам мустақил давлат сифатида эълон қилинган ўтган чорак аср давомида халқ таълими тизимида жиддий ўзгаришлар юзага келди. Аммо бу ўзгаришлар бугунги кун мамлакатимиз ва дунё тараққиёти талабига жавоб бермаётгани кундан-кунга аён бўлиб бормоқда. Хўш, таълим тизимида, айниқса, мактаб таълимида нега кутилган натижалар бўй кўрсатмаяпти? Йигирма беш йил олдинги айрим муаммолар нега ҳамон давом этмоқда?

Айнан мана шу оғриқли саволлар туфайли Президентимиз халқ таълими тизимини ривожлантиришга ёндашувни ўзгартириш, тизимга замон билан ҳамнафас янгилик­ларни олиб кириш масаласини ўртага қўймоқда. Бироқ «кичкина» бир муаммо бор. Бу ҳам бўлса, собиқ иттифоқдан қолган кўникмалар, жумладан, тизимда фаолият кўрсатаётган ходимлар психологиясидаги «аввал ҳамма нарса яхши эди», деган кайфият, амалда ҳалигача қолиб келаётган тартиб-қоидалар ўз кучини кўрсатаётганидир. Собиқ иттифоқ кўплаб тармоқлар сингари халқ таълими тизимида ҳам дунё тараққиётидан анча ортда қолган эди ва бу фожиа унинг ўз бошига етди. Айни шу қолоқлик ва бу кайфиятдан чиқа олмаслик, психологик кўникма сифатида бизнинг бугунги кундаги таълим тизимимизда жиддий тушов бўлиб келмоқда.

Оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, ҳозирги кунда аҳоли ва катта ёшли зиёлиларга ҳам, айтайлик, электрон дарслик­ларнинг афзалликларини тушунтириш қийин бўлиб, улар эскича кўникмаларига таянган ҳолда, классик кўринишда, қоғоз китоб ўқишни хоҳлашади. Айтайлик, дарсликларнинг муқобил ва бир неча вариантларида бўлишига кўпчилик душманлик кўзи билан қарайди ва қабул қилолмайди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, муқобил дарслик деганда Ўзбекистон мактабларига Россиядан келтирилган дарсликларни тушунмаслик керак. Ҳозиргача юртимизда мактаблар бир хил ва бир тарзда бўлгани учун бугунги кун талаби бўлмиш ихтисослашган мактаблар ҳақида фикр билдирилган тақдирда бу фикрга қўшилувчилардан кўра, унга қаршилар кўп бўлиб кетади.

Замон талаби эса мактабларни энг ками 5 ёки 6-синфлардан юқорисини ихтисослашган ҳолда давом эттиришни талаб қилади. Чунки, бу даврга келиб бола ўз тақдир-келажагини аниқлаб олган бўлади. Бола аниқлаб олмаган тақдирда ҳам мактаб, ўқитувчилар, педагог ва психолог мутахассислар бу боланинг қай йўналишда яхши натижаларга эришишини аниқ билишади.

Ҳаёт тарзимиздан келиб чиқиб инобатга олинадиган яна бир-бирига яқин икки муаммо бор. Бу ҳам бўлса, таълимда болаларга психологик иқтидор нуқтаи назари билан ёндашиш. Яъни, дарсларнинг болалар иқтидорини инобатга олган ҳолда, табақалашган ҳолда ўтилиши ва бу билан улардаги қобилият ва дарс давомида ҳар бир болага нисбатан бунинг инобатга олиниши. Маълумки, табиатда ҳамма инсонлар шахс сифатида бир даражада, бир хил қобилиятга эга эмас. Бу илоҳий ҳақиқат. Демак, дарсларнинг табақалашган ҳолда ўтилиши ва собиқ советлар талабига асосланган энг паст қобилиятли болаларга қаратилган ҳолда эмас, аксинча, юқори имкониятли болалар қобилиятига қаратилган ҳолда ташкил қилиниши мақсадга мувофиқдир. Назаримда, бу ҳаётий аксиомани инобатга олиш вақти етиб келди, ҳамма бир хилда ва бир натижада олий билим юртларида ўқиши шарт эмас ва бунга зарурат ҳам йўқ.

Мана шу нуқтаи назар билан қараганда бугунги кунда тизимда юқори имкониятли, қобилиятли болаларни топиш ва айни уларга кўпроқ имкон туғдириб миллатимиз имкониятидаги инсон капиталини кучайтиришда мана шу қобилият соҳибларига кенг шароит яратишни кўзда тутишнинг ҳаётга жорий қилиниши ватанимизга келгусида яхши натижалар, мағрурланишга арзигулик имкониятлар туғдирган бўларди. Шу жойнинг ўзида айтиш керакки, тизимда зудлик билан юқори имкониятли, иқтидорли, қобилиятли ёшларга кенг йўл очиш мақсадида фанлар ва йўналишларни тез ва қисқа муддат ичида босиб ўтишлари учун экстернатларга имкон бериш мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрдамиз. Бугунги кунда бундай имконият юртимиздан чиқадиган иқтидорларнинг йўлини тўсиш бўлиб қолмоқда ва нимагадир халқ таълими тизимидан олиб ташланган.

Ҳозирги анъанавий таълимда катта ислоҳ талаб қиладиган яна бир муаммо – бу ўқувчилар учун умуман, фанлар ва йўналишлар бўйича билим таклиф қилиниши ва бу асосий принцип сифатида қўйилиши керак. Бу деган сўз, мактаб болаларга билимни таклиф қилади, қанчалик олиш ва нималарни олиш боланинг ўзига боғлиқ ва кўп ҳолларда бу унинг иқтидор ва қизиқишлари билан боғлиқ бўлади. Айни мана шу ўринда «умумий мажбурий таълим» ва «мажбурий билим бериш» тушунчалари бир-биридан жиддий фарқ қилишини англаб етамиз.

Ўқитувчи боланинг миясига билимни (совет тизимидагидек) қуйиб қўя олмайди ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ўқувчи ўзи мактабга билим излаб келганлигини англаб етиши керак ва бундан ота-оналар ҳам хабардор бўлиши шарт. Айнан мана шу ҳолатда ота-оналар томонидан боламга сиз билим беришингиз керак, ҳатто шарт, деган талаб барҳам топади.

Худди мана шу жойда таълим ва тарбия масаласи ҳам анча аниқлашади ва мактабнинг бола шахсини тарбиялашда қисмангина қатнашишини кўрамиз. Демак, боланинг тарбияси асосан ва тўлиқ оилада бўлиши ва бунга ота-оналаргина жавобгарлиги яққол кўринади. Бу ўринда бундан икки минг йиллар аввал қадим юнонлар амал қилган, бугунги кунда ҳам долзарб бўлмиш принцип, яъни илми толиб «кўза эмас», уни устозлар замон илмлари билан тўлдирсалар (айниқса, бугунги уммон-уммон илмларни), илми толиб бир шам, уларга устозлар зиё берсинларки, токи ўзларига билим излашда йўлларини ёритсин, дунёдаги муаммоларга ёруғлик киритсин. Дунё психология фани нуқтаи назари билан қараганда тизимда энг масъулиятли давр, болалар учун бу бошланғич синфлар даври саналади. Демак, айнан шу даврда болаларни эркин фикрлашга, шиддат ва изланувчанликка ўргатмасак, улардан келгусида дунё рақобатига дош бера оладиган авлод етишиб чиқмаслиги ҳаммага аён. Демак, айни мана шу даврда, яъни, бошланғич синфда болаларнинг эркинлигини таъминлаш учун уларнинг фанлар бўйича билимини баҳолаш тартибидан дунёдаги илғор давлатлар воз кечганини инобатга олиш керак. Бу каби жуда зарур ҳолат бизда ҳам жорий қилиниши лозим ва албатта мактабга болалар ОЛТИ ЁШдан жалб қилиниши керак.

Миллатимиз, халқимиз менталитетини инобатга олиб, яна бир дунё тажрибасини ўзимизда жорий қилсак, яхши натижаларга эришамиз. Бу ҳам бўлса, болаларнинг ота-оналари ҳақидаги маълумотлар мактаб­ларда йиғилишига ва болалар орасида рўкач қилинишига бутунлай барҳам бериш лозим. Шу орқалигина болалар орасида талаб ва қонунлар доирасида ҳамма тенг деган тушунчани уларнинг руҳиятига сингдириш мумкин.

Халқ таълими вазирлиги олдида турган жиддий муаммолардан яна бири бу, албатта, мажбурий таълим ва унга алоқадор фикрлар. Айтиш керакки, бугунги кундаги мажбурий таълимни икки поғонада кўриш ва шундай тушуниш яхши натижага олиб келар эди. Мажбурий таълимни икки поғонага бўлиш ва биринчи поғонасини 6-синф билан чеклаш ва иккинчи поғонасини 7 ва 11-синфлар билан белгилаш яхши натижа берган бўлар эди. Бу ўринда 7-синфгача бўлган мажбурий таълим тўлиқ давлат томонидан назорат қилинади ва молиялаштирилади.

Мажбурий таълимнинг иккинчи қисми эса давлат томонидан қисман молиялаштирилади ва қолган қисми соҳалар томонидан молиялаштирилади. Шундай қилинган тақдирда юқорида тилга олинган ихтисослаштирилган мактаблар юқори натижа ва имкониятлар билан фаолият кўрсата бошлайди.

Ихтисослашган мактаблардаги харажатнинг катта қисмини тегишли соҳа ўз бўйнига олади. Натижада, айтайлик, енгил саноат тизими учун тайёрланаётган кадрларга сарф-харажат фақатгина халқ таълими тизими эмас, тегишли соҳанинг ҳам зиммасига тушади. Масъулият ортади ва бутунлай бошқа соҳада таълим олиб, бошқа соҳада фаолият юритиш каби мантиқсизликка чек қўйилади.

Юқорида келтирилган фикр­лардан келиб чиқиб, ушбу хулосаларни илгари суриш мумкин:

 Халқ таълими тизимининг фаолият мазмунига аниқликлар киритиш мақсадида муқобил дарсликларни расмий жорий қилиш;

 Болалар қобилиятини инобатга олган ҳолда синфларда, мактабларда дарслар ва фанларни табақалаштириб ўқитишни жорий қилиш, дарсларни юқори иқтидорли ўқувчилар талабига асосланган ҳолда олиб бориш;

 Ўқувчилар мактабга билим олиш учун келади. Шундай экан, билим олишнинг ихтиёрийлигини принципиал даражага кўтариш лозим. Бу хулоса мактабда асосий принципга айланиши керак. Халқ таълими тизимида иқтидорли болаларнинг имкониятларини сўндирмаслик мақсадида бундай болаларга экстерн имкониятини жорий қилиш;

 Тизимдаги мажбурий таълимни иккига бўлган ҳолда жорий қилинишини инобатга олган ҳолда, 7 ва 11-синфгача мактабларни ихтисослаштирил­ган ҳолда давом эттиришни жорий қилиш;

 Болаларда ёшликдан эркинлик, лидерлик хусусиятини сўндирмаслик учун дунё мактаблари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бошланғич синфларда болалар билимини баҳолаш тартибидан воз кечиш;

 Жамиятда ҳамон уруғ-аймоқчилик, коррупция, непотизм ва бошқа салбий ҳолатлар борлигини инобатга олиб, мактабларда ўқувчиларнинг ота- оналари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланишни қаъиян ман қилиш;

 Дунёдаги фан ва ишлаб чиқариш йўналишидаги ютуқларни инобатга олиб, қолаверса, қоғоз исрофгарчилигига йўл қўймаслик мақсадида, имкон қадар тезроқ электрон дарсликларни жорий қилиш;

 Болаларни мактабга жалб қилишни ОЛТИ ёшдан бошлаш.

Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ,

психология фанлари номзоди

“Оила даврасида” газетаси

(43-сон, 17 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар