Комплаенс- назорат коррупцияни бартараф эта оладими?

2138

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритувчи орган Коррупция­­га қарши курашиш агентлиги тузилмасида энг катта штат бирлигига эга Коррупциянинг олдини олиш ва «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш бошқармаси ташкил этилган.

Айни мақсадда мамлакатимизда коррупция хавфи юқори бўлган 26 та вазирлик ва идорада «комплаенс-назорат» тизимини тажриба тариқасида жорий этиш бошланди. Унга кўра, мазкур ташкилотларда коррупциянинг олдини олишни мувофиқлаштирувчи алоҳида бош­қарма ташкил этилади.
Бу ишларни амалга ошириш учун «йўл хариталари» ишлаб чиқилган. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш эса кўп жиҳатдан вазирлик ва идораларда янгидан ташкил этилган «комплаенс-назорат» хизмати ходимларига боғлиқ.
Ушбу йўналиш янги бўлгани ва маълум стандартлар асосида тартибга солинмагани боис «комплаенс-назорат» хизматида фаолият юритаётган ­кадрлар муаммоларни ҳал этишга турлича ёндашмоқда. «Комплаенс-назорат» тизими келгусида давлат ташкилотларининг барчасида жорий этилиши мўлжалланаётгани инобатга олинса, соҳада малакали кадрларга талаб яна бир неча баробар ортиши тайин.
Агентлик мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиб, Бош прокуратура Академияси билан биргаликда 26 та вазирлик ва идораларнинг «комплаенс-назорат» хизмати ходимлари учун махсус курс очди. Эндиликда академия­­да курслар масофавий-онлайн тарзда олиб борилмоқда.
Ҳозир айни йўналишда билим берадиган саноқли олий таълим муассасалари мавжуд. Бу ўринда Тошкент давлат юридик университетида алоҳида кафедра очилганини ҳамда Бош прокуратура Академиясида бир йиллик магистратура йўналиши фаолият юритаётганини эътироф этиш лозим.
Халқаро тажрибада «комплаенс-назорат» тизими хусусий секторнинг йирик компанияларида қўлланилаётганини, юртимизда ҳам тадбиркорлик ривож­ланиб бораётганини, яқин истиқболда йирик миллий брендлар сони ортиши кутилаётганини инобатга олсак, соҳани мукаммал эгаллаган, малакали ва ҳалол мутахассисларга талаб давлат секторида ҳам, хусусий секторда ҳам юқори бўлишига шубҳа йўқ.

Обиджон ЛАТИПОВ,
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими