ОЛТИН ВОҲАДА “ISHONCH” КУНЛАРИ

468

Шу кунларда таҳририятимиз ходимлари муштарийлар ҳузурига бориб, уларнинг нашр ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқда..

“Ishonch” кунлари” доирасидаги навбатдаги ижодий учрашувга Қарши шаҳри марказига гавҳардек кўрк ва салобат бериб турган Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб интернатида бўлиб ўтди.

ЭЗГУ ТАШАББУС

Тадбир дебочасида касаба уюшма фаоллари ҳамда таҳририят ходимлари улуғ шоиримиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, Абдулла Орипов ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Ўз навбатида турли меҳнат жамоаларидан ташриф буюрган газета муштарийлари Абдулла Орипов музейини томоша қилиб, олам-олам таассуротлар оғушида бўлишди. — Ўзим адабиёт шайдосиман, — деди “Муборак иссиқлик электр маркази” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Тошболта Авазов. —  “Ishonch” кунлари”нинг Абдулла Орипов ижод мактабида ўтиши бизни жуда хурсанд қилди. Улуғ шоиримизнинг бебаҳо музейи билан танишдик. Энди бу ҳақда ҳамкасбларимга сўзлаб бермоқчиман. Насиб бўлса, АЖ ходимларини ҳам Абдулла Орипов музейига олиб келиш истаги туғилди. Ахир, бу билан шоиримизнинг қанча-қанча асл мухлисларини хурсанд қилган бўламиз, маънан ва руҳан озуқа оламиз.

ЭЪТИБОРЛИСИ…

— Эътиборлиси, — деди ижодий учрашувни олиб борган Қашқадарё вилоят касаба ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раис ўринбосари Исоқ Аҳмедов. — “Ishonch” газетаси Президентимиз Фармон ва Қарорларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини изчил амалга оширмоқда. Илм-фанни янада тараққий қилдириш, таълим-тарбия самарадорлигига эришиш, коррупция илдизига болта уриш, оилаларда маънавий муҳитни барқарорлаштириш, тўй ва маросимларни тартибга солиш каби ўнлаб мавзуларда газета саҳифаларида илгари сурилган илғор фикрлар бугун ижобий самарасини бераётганидан хурсандмиз.

Умуман, “Ishonch” бугун жамиятнинг барча бўғинларига, ҳаёт қирраларига теран нигоҳ ташламоқда ва таҳлил қилмоқда.

“Обод қишлоқ” дастурининг ижросини таъминлашдаги баъзи жойлардаги сусткашликлар танқидий-таҳлилий мақолаларда очиб берилганининг гувоҳи бўлдик. Узвийликнинг йўлга қўйилгани сабаб мазкур муаммоларнинг ечимига ҳам эришилаётир.

Айниқса, газетанинг 15 октябрь кунги сонида сиёсатшунос олим Қудратилла Рафиқовнинг “Илк ва сўнгги сўзимиз Ватан” сарлавҳали мақоласи кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда Ватанимизнинг иқтисодий-ижтимоий қудратини янада кўтариш, дунё тамаддунида юқори ўринларда турадиган миллатнинг шонли ютуқ ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, аждодларга муносиб авлод бўлиш йўлидаги камчилик ва тўсиқларимиз рўй-рост очиб берилган. Ундаги теран фикр ва мулоҳазалар бизни азиз Ватанимиз тараққиёти йўлида бирлашишга чорлайди…

ТАРМОҚ ГАЗЕТАСИДАН ХАЛҚ ГАЗЕТАСИГА

— Бугунги шиддатли ривожланиш даврида етарли ахборот бозорига эга талабчан газетхоннинг ишончини қозониш, медиабозорда рақобатга дош бериб, фаолият кўрсатиш осонмас, — деди тадбирда сўзга чиққан давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул  ташкилотчиси Исмат Очилов. — Кейинга пайтда “Ishonch” газетаси мамлакатимизда нашр этилаётган нуфузли, алоҳида мавқега  эга бўлган нашрлар қаторидан жой олди. Қисқа вақт ичида  ўз йўлига, ўз услубига эга газета сифатида республикамиз зиёлиларининг ҳурматини, эътиборини қозонди.

Ўз ўқувчисига бошқаларникига ўхшамаган янги сўз айтиш, мунозарага чорлаш, савияси баланд замондошимизнинг талаб ва истакларига мос мавзулар топиш, пишиқ, пухта  мақолалар эълон қилиш учун нафақат катта масъулият, балки катта салоҳият ҳам талаб этилади. Агар газета ижодий жамоасининг ижодий салоҳияти бўлмаса, қилинган меҳнат ўз самарасини бермаслиги аниқ.

 Газетанинг бугунги қиёфаси, мазмундорлиги таҳририятда салоҳиятли журналист кадрлар меҳнат қилаётганидан далолат бериб турибди.

Сиёсатшунос Қудратулла Рафиқовнинг “Янгиланаётган  Ўзбекистон: тарихни кучлилар яратади”, “Илк ва сўнгги сўзимиз Ватан”, Бош муҳаррир Ҳусан Эрматовнинг халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан ташкил этган “Сифат, адолат, шаффофлик” сарлавҳали суҳбати, “Эврилиш эҳтиёжи ёки матбуот қачон ўқилади?” сарлавҳали танқидий таҳлилий мақоласи, Карим Баҳриевнинг “Таҳлил” рубрикаси остида эълон қилинган  “Эркин валюта савдоси, иқтисодиётга нима беради?”, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Сиёсатнинг халқчил маънавий қиёфаси” мақолалари “Ishonch”га катта обрў келтирди, дейиш мумкин.

“Ishonch”да “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ижросини таъминлаш юзасидан шу йил давомида 20 га яқин таъсирчан, танқидий, таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг ҳар бир чиқишида нафақат касаба уюшмалари ҳаёти,  балки халқ манфаатига хизмат қиладиган, турмушимиздаги одамларни ўйлантираётган муаммолар ечимига қаратилган мақолаларнинг эълон қилинаётгани газетанинг ҳаммабоплигини таъминламоқда. Бошқача айтганда, “Ishonch” ва “Ishonch- Доверие”  касаба уюшмаларининг тармоқ газетасидан халқ газетасига айланиб улгурди…

МАСЛАКДОШ

— Ҳаммамиз ёшликдан бирор нарсани (китоб, газета, журнал) ўқиб улғайганмиз, — деди сўзга чиққан Қарши давлат университети профессори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Абдураҳим Эркаев. — Аммо инсоннинг ёши улуғликка етгандагина у ҳақиқий газетхонга айланаркан. Газетадаги кўпгина муаллифларни шахсан танимасамда, ёзган мақолалари сабаб ғойибона ҳурмат қиламан. Уларни ўзимга маслакдош, дўст деб биламан.

Муболаға эмас, “Ishonch” газетасини варақлар эканман, ўзим излаган, истаган ўша маслакдошни топгандек бўламан.

Бу газетада бошқа нашрларда камдан-кам учрайдиган эркин фикрлашни кўряпман. Баъзи катта-катта газеталарни варақласангиз ҳукумат қарорлари ва шунга ўхшаш расмий ахборотлардан бошқасини кўрмайсиз. “Ishonch”да эса расмий мақолалар ҳам бор. Бироқ ҳар сонида халқ ўқийдиган, одамлар ташвишини енгил қилишга қаратилган бир ёки икки саҳифа таҳлилий мақолаларни учратиш мумкин.

Шу боис, “Ishonch”ни расмий нашрларимиз ичида халқ мақсадларини, элнинг ташвиш-у муаммоларини дадил кўтариб чиқаётган биринчи халқ газетаси деб биламан.

 Танқидий-таҳлилий мақолаларни ўқир эканман, таҳририят ички ҳадиқни енга олганининг гувоҳи бўламан. Чунки танқид беришга ҳам катта журъат, катта журналистик маҳорат керак.

Газета нафақат мазмунан, балки шаклан ҳам мукаммаллашган. Дизайни ёрқин, ҳатто ҳарфлар “ширфт”лари рисоладагидек. Бемалол ўқиса бўлади. Баъзи газеталарни ўқишга ҳатто кўзойнагимнинг ҳам кучи етмай қоларди.

Бундан ташқари, яқинда таҳририятнинг энг сара мақолаларини ўзида жамлаган “Бир йилга бир назар” китобини ҳам қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу тўпламни оила аъзоларим ҳам мутоллаа қилишди ва у барчамизга манзур бўлди…

ИЖОД СЕҲРИ

Ижодий учрашувда адабий муҳит ҳукмрон бўлди. Қизғин фикрлашувлар дилбар мушоирага айланиб кетди. Жумладан, Косон туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Шоймурод Эргашев ижод намуналаридан ўқиб берди. У газета саҳифаларида адабиётга оид саҳифалар, хусусан, Абдулла Қодирий ҳақидаги туркум мақолалар ўзига манзур бўлганини айтиб ўтди.

Абдулла Орипов сулоласи вакили, Косон туманидаги 44-ўрта мактаб ўқувчиси Нажмиддин Бегматов улуғ шоиримиз шеърларини ўқиганда қироатнинг ўхшашлигидан зал олқишлардан ларзага келди. “Ishonch” муштарийлари ёш иқтидор соҳибига ўқиш ва ишларида, ижодий камолотида парвозлар тилашди.

— Абдулла Орипов ижод мактабининг 11-синфида таҳсил оламан, — деди биз билан суҳбатда ёш шоира, Зулфия мукофоти соҳибаси Эъзоза Алишерова. — Ижодни севаман. Шу билан бирга инглиз, япон тилларини ҳам ўрганмоқдаман. Япониянинг “Сакура” ахборот алмашиш дастурида иштирок этганман. Келажакда дипломант бўлмоқчиман.

МУШТАРИЙЛАР ДАН ТАҲРИРИЯТГА ТАКЛИФЛАР

— Таклифим, газетада агросаноат мажмуи тармоғидаги долзарб молиявий муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этилса,— деди  Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Касби туман кенгаши раиси Ботир Исломов. — Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш соҳаси ишчилари бизнинг тармоқ ходимлари ҳисобланади. Мамлакатимизда кластер усули амалга татбиқ этила бошлагач,  пахтани етиштириш ва қайта ишлаш кластер корхонаси томонидан бажариляпти. Яқинда Касбидаги ана шундай корхонани касаба уюшмаларига жалб этмоқчи бўлдик. Уни Фарғонадаги “Қўқонтекстил” корхонаси ҳам ўзига бошланғич  ташкилот сифатида қабул қилиш тарафдори. Касбилик пахтакорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўқонлик касабақўм етакчиси ифода этадими?

            Газета жамоасидан қишлоқ хўжалиги тармоғидаги шу каби долзарб масалаларни кўтариб чиқишни сўрар эдик…

— Кўпчилик “Ishonch”  халқ газетасига айланганини эътироф этмоқда, —деди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси Шерзод Йўлдошев. — Бу муносиб баҳо. Аммо нашрнинг асосий ўқувчилари касаба уюшма фаоллари эканини ҳисобга олиб, ҳар сонда доимий равишда “Бошланғич ташкилотларда нима гап?” рукни остида ҳам мақолалар бериб борилса, унда энг муносиб раислар фаолиятидан  лавҳалар жой олса, бу бошланғич ташкилотлар етакчилари учун керакли минбар ва  тажриба алмашув мактаби вазифасини бажарар эди.

Касаба уюшма етакчиларига “халқ орасидаги прокурорлар” таърифини ишлатиш мумкин. Чунки улар ходимлар, халқ манфаатлари ҳимоячиси ҳисобланади. Ҳар хил қонунбузилишларга қарши туради.

            Бундан ташқари, газетанинг “Юридик бўлими” меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар, қонун-қоидаларни ўргатиб борадиган “Савол беринг, жавоб берамиз” рукнини йўлга қўйса, саҳифа барча учун ҳуқуқий кўмакчи, зарур пайтда суянч бўларди.

— Халқимиз санъатни севади. Шу боис, эл севган санъаткорлар билан суҳбатлар чоп этилса, бу саҳифа бир ойда бирми, ўн беш кунда бирми, анъанавий тарзда бериб борилса, газетанинг муштарийлари янада ошган бўларди,  — дея таклиф берди Қарши давлат университети касаба уюшма қўмитаси раиси Тўйчи Валиев.

— Президентимиз мактабгача таълим ва мактаб таълимини ривожлантириш бўйича чин маънода қайғурмоқда. Шундай экан, таълим муассасаларидаги фидойи устозлар хизматини ўзида акс этадиган мақолалар ҳам кўпайиши тарафдоримиз, — деди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз тумани кенгаши раиси Саъдулло Абдуллаев.

            “Ishonch”  кунлари” тадбири сўнггида фаол муштарийлар ва касаба уюшма етакчиларига таҳририят совғалари топширилди.

Акмал АБДИЕВ,

ISHONCH

Бошқа хабарлар