Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятида кийим маданияти қандай шаклланган

465

Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақаси ўзининг хилма-хил тупроғи ва ўсимлик қоплами ҳамда унумдор табиати билан инсоният цивилизациясининг тарқалиш марказларидан бирига айланди. Бу эса мазкур жойларда бой моддий ва маънавий маданиятнинг ривожланишига, унинг таркибий қисмларидан бири бўлган кийим-кечак ва заргарлик буюмларининг тараққиётига имкон яратди.

Қорабоғ аҳолисининг анъанавий кийимлари андозаси бутун Озарбайжон ва бутун Кавказ кийим маданияти контекстида кўриб чиқилиши мумкин. Ўрта асрларда кийим-кечак маданиятининг равнақи натижасида ҳунармандчилик марказлари пайдо бўлди ва турли матолар ишлаб чиқариш бошланди, улардан намуналар ҳозир дунёнинг етакчи музейларида намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, ўрта аср Озарбайжонида матога ишлов бериш ва шаҳарларда кийим-кечак буюмлари ишлаб чиқариш концепцияси мавжуд бўлиб, уларнинг сони ва ҳажми сезиларли даражада ошди.

Озарбайжон хонликлари даврида (XVIII аср ўрталари – ХIХ аср бошлари) Озарбайжоннинг турли ҳудудларида, жумладан, Қорабоғда ҳам Шуша каби янги савдо ва ҳунармандчилик марказлари пайдо бўлиб, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо алоқалари кенгайди. Бу эса анъанавий Озарбайжон кийим-кечакларини янада бойитиш, сифатини яхшилаш ва кийим-кечакларнинг оммавий ишлаб чиқарилишини оширишга хизмат қилди.

XVIII асрда Европа кийимлари элементларининг халқ костюмларининг маълум турларига кириб бориш жараёни бошланди. Ўрта аср сюжетли нақшлар аста-секин европача геометрик, гулли ва чизиқли нақшлар билан алмаштирилган. Қорабоғ ўз тарихи давомида Озарбайжон кийим маданиятининг шаклланишида етакчи рол ўйнаган ва бу минтақада анъанавий халқ кийимларининг аксарият турлари пайдо бўлган.

Барча анъанавий либослар каби, Қорабоғ халқ кийимлари эркаклар, аёллар ва болалар кийимларига бўлинади. Бундан ташқари, ХIХ аср халқ либослари ҳам маросим (тўй, мотам, меҳмон, байрам), кундалик, касбий, мавсумий ва конфессионал турларга бўлинади.

ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Қорабоғнинг анъанавий кийимлари такомиллашувнинг сўнгги босқичига ўтди. У ХХ асрнинг 1930-50-йилларигача фойдаланишда қолди, сўнгра музей кўргазмалари экспонатига айланди.

«IRS» («Мерос») журнали материаллари асосида