Қайта тикланган тарихий адолат

414

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 2 майда Наманган вилоятига ташрифи чоғи ўтказилган йиғилишда ҳарбий арбоб Собир Раҳимов шахсига алоҳида тўхталиб, шундай деган эди: «Мана, 9 май яқинлашиб келяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларнинг ичида бўлган генерал ­Собир ­Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса, яхши бўларди».

Табиийки, бу гаплар бежиз айтилмаганди. Собир Раҳимов Иккинчи жаҳон уруши даврида душманга қарши мардонавор курашиб, генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган илк ўзбек зобити эди. Сиз бу саркарданинг ҳаёти ва жасоратлари ҳақида кўп эшитгансиз, кўп ўқигансиз. Мен эса қуйида унга бевосита тааллуқли бўлган, лекин ҳалигача кўпчилик билмайдиган баъзи далилларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.
1997 йилнинг ёзида Бўстонлиқ туманидаги «Иқтисодчи» оромгоҳида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, Тошкент молия институти профессори Ҳикмат Собиров билан бирга дам олаётгандим. Бир куни у киши менга «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этилган каттагина мақолани кўрсатди. Ўқиб кўрсам, у 1937 йилги қатағонлар даврида домланинг отаси Собиржон Раҳимий ҳам туҳматга учраб, 5 йил қамоқда ўтиргани, амакиси Шокиржон Раҳимий қатл этилгани, кейинчалик иккаласи ҳам оқлангани ҳақида экан.
Ҳикмат аканинг айтишича, унинг падари буз­руквори Собиржон оға 1893 йили боғбон оиласида туғилган. Отаси вафотидан кейин Тошкентнинг «Тахтапул» ҳамда «Себзор» маҳаллаларида у асос солган жадид усулидаги мактабларни ­бошқарган. Кейинчалик ўзи ҳам иниси Шокиржон билан бирга худди шунақа мактаб очган. Бу илм даргоҳларида ўқувчилар тез хат-саводли бўлишгани боис Собир Раҳимий эл орасида катта обрў қозонган.
Кунларнинг бирида унинг уйи остонасида 12-13 ёшлар чамасидаги юпунгина кийинган ўсмир пайдо бўлади. «Мен Чимкент томонлардан келдим. Исмим – Собир. Отам тегирмонда ишларди. Олти йилча бурун тўсатдан вафот этди. Онам, синглим ва мен авваллари бир амаллаб кун кечириб келаётган эдик. Аммо охирги вақтларда авжига чиққан очарчилик ва ишсизлик туфайли жуда қийналиб қолдик. Илтимос, менга ёрдам беринг», дейди у астойдил ёлвориб.
Азбаройи раҳми келганидан Собиржон оға уни уйида олиб қолиб, мол-ҳолга қарашига ва боғ ишлари билан шуғулланишига изн беради. Бола ўз вазифаларини сидқидилдан бажаргани ва шу хонадонда яшаётгани боис кўп ўтмай оиланинг ҳақиқий аъзосига айланади. Домла ўсмирдаги жўшқинлик ва зийракликни, ҳалоллик ва билим олишга иштиёқни кўриб, уни ўқитади. Балоғатга етгач, Тошкентдаги ҳарбий мактабга жойлаштирмоқчи бўлади. Бироқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида бир муаммо туғилади. Йигит 1902 йил 25 январда туғилганини онасидан эшитганини, отасининг исми Умарали бўлганини эслайди-ю, лекин киндик қони томган жой, бобоси ва бувиси ҳақида аниқ гап айта олмайди. Собиржон муаллимнинг «У ҳолда, менинг фамилиямга ўта қол. Қарабсанки, хонадонимизда икки нафар Собир Раҳимов бўлади – каттаси мен, кичиги сен», деган таклифини эса рад этмайди.
Шу ўринда бир эслатма. Айрим манбаларда генерал Собир Раҳимов ё Тошкент шаҳрида, ёки ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилоятининг Казигурт туманида туғилган, деган тахминлар илгари сурилади. Бундан қатъи назар, у ҳарбий мактабда яхши ўқийди. Сўнгра йўлланма билан Боку шаҳридаги Бирлашган ҳарбий билим юртига юборилади. 1925 йилдан эътиборан Туркистон ҳарбий округида хизмат қила бошлайди. 1930 йили командирлар таркиби малакасини ошириш курсида таълим олади. Кейин ҳарбий хизматни яна давом эттиради. Бироқ 1938 йилги «тозалашлар» туфайли захирага бўшатилади. Орадан бир ярим йил ўтар-ўтмас, тағин Қуролли кучлар сафига қайтарилади ва Ғарбий махсус ҳарбий окрукка жўнатилади.
– Худди ўша кезлар кечки пайт кимдир дарвозамизни тақиллатиб қолди, – деб ҳикоя қилганди раҳматли Ҳикмат Собиров оромгоҳдаги суҳбатимиз чоғи. – Чиқиб қарасам, ташқарида эгнига ҳарбий форма кийган тутинган акам Собир Раҳимов турибди. Иккимиз қучоқлашиб кўришгач, ичкарига таклиф қилдим. У вақти ниҳоятда зиқлигини айтиб, сабабини тушунтирди. «Мен махсус топшириқ билан Тожикистон пойтахтига боргандим. Бугун ортга қайтаётиб, поезд Тошкент вокзалида икки соатча тўхтаб туришини билиб олдим. Фурсатдан фойдаланиб, ўз отамдек бўлиб қолган Собиржон домлани ва сизларни бирров кўриб кетиш илинжида бу ерга келдим», деди. Мен отам бултур қамалганини, ҳозир жазо муддатини олис шимолий ўлкада ўтаётганини айтдим. Бу ­мудҳиш хабарни эшитиб, тутинган акамнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди ва ўксиб-ўксиб йиғлади. Хайрлашиш олдидан отам ётган қамоқхона манзилини ёндафтарчасига ёзиб олиб, иложи бўлса, хабарлашишга сўз берди. Афсус, кўп ўтмай, уруш бош­ланди-ю, бизга қайта кўришиш насиб этмади…
Дарвоқе, фашистлар собиқ Иттифоққа бостириб кирган пайтда Собир Раҳимов майор ҳарбий унвонига эга бўлиб, мотоўқчилар полкида командир ўринбосари вазифасини бажараётган эди. Шунга кўра, Белоруссия ва Смоленск вилоятидаги мудофаа урушларида, Ростов ва Таганрог шаҳарларидаги жангларда қатнашди. Олти ой ичида икки марта яраланса-да, госпиталда даволаниб, яна сафга қайтди. Жанубий фронтдаги моторлаштирилган полк командири, Кавказорти фронтида дастлаб 56-армиянинг 353-ўқчи дивизияси қўмондони ўринбосари, кейин қўмондон вазифаларини бажарди. Айниқса, 1943 йил январида Шимолий Кавказда бўлган ҳужум операцияларида жонбозлик кўрсатди. Шу боис унга 19 мартда генерал-майор ҳарбий унвони берилди ва уч ҳафтадан сўнг Москвадаги Бош штаб ҳарбий академиясига ўқишга юборилди. 1944 йил ноябрида уни тамомлагач, Шарқий Пруссияда жанг қилаётган 2-Белоруссия фронтининг 65-армиясига қарашли 37-гвардиячи ўқчи дивизия командири этиб тайинланди.
Бу ҳарбий қўшилма аскарлари Польшани қутқариш жангларида фаол иштирок этдилар ва бир қанча шаҳарларни озод қилишда жон олиб, жон бердилар. Ана шундай оғир ва қалтис дамларда Собир Раҳимов ҳақиқий саркардаларга хос маҳоратини такроран намойиш қилди. Чунончи, тез-тез аскарлар билан гурунг­лашиб, фикр алмашиши, барча турдаги қўшинларни бирлаштириб, жанговар вазифани бажаришга сафарбар қила олиши, ҳар доим олдинги сафда бўлиб, бошқаларга ўрнак кўрсатиши билан кўпчиликнинг назарига тушди. Аммо 1945 йил 25 март куни Польшанинг Гданск шаҳрини душмандан озод қилиш учун бўлган қақшатқич жангда унинг боши снаряд парчасидан оғир яраланди ва ҳушига келмай, эртаси куни шифохонада вафот этди.
Табиийки, поляк халқи ўз халоскорининг буюк хизматларини унутмади. Урушдан кейин ­Гданскдаги кўча ва мактабга ўзбек генерали номини берди. Собир Раҳимов Ғалабанинг 20 йиллиги муносабати билан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилган кезларда унинг рафиқасига Гданск шаҳрининг рамзий калити топширилди.
Собир Раҳимов хотирасини абадийлаштиришга, айниқса, ўз юрти бўлмиш Ўзбекистонда катта эътибор қаратилди. Аввало, қабри Тошкентга кўчирилди. 1967 йили унга бағишланган бадиий фильм яратилди. 1970 йилда пойтахтимизда янги ташкил этилган туман, 1977 йил 6 ноябрда ишга туширилган Тошкент метроси бекатларидан бири, шунинг­дек, бир нечта кўча ва билим даргоҳлари унинг номи билан юритила бошланди. 1981 йили эса ўзининг номидаги туман ҳокимлиги биноси олдига ҳайкали ўрнатилди.
Бироқ янги аср бошида матбуот саҳифаларида туманга ушбу ҳудуд тарихидан келиб чиқиб, ном бериш зарурлиги тўғрисида бир нечта мақола чоп этилиб, айрим мутасаддилар ва олимлар бу таклифни маъқуллашди. Пировардида, 2010 йили туман ва метро бекати номи «Олмазор»га ўзгартирилди. Келгуси қишда генералнинг ҳайкали Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғига кўчирилди.
Бу ёдгорлик Президентимизнинг 2018 йил баҳорида Наманган вилоятига ташрифи пайти айтган гапидан кейингина олдинги ўрнига қайтарилди. 2019 йил кузида шу туманда «Шон-шараф» музейи, «Мангу жасорат», «Матонат мадҳияси» монументлари, тарихий-бадиий экспозициялардан иборат Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. У Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бултур ишга туширилди. Буларнинг барчаси тарихий адолат қайта тикланишининг ёрқин намунаси бўлди
Энди ҳақли бир савол туғилади: хўш, генерал Собир Раҳимов ҳайкалини ўрнатиш учун нега ҳозирги жой танланган?
Тошкентнинг «Себзор» маҳалласида бир вақтлар йирик ва кўркам истироҳат боғи, шу ҳудуддан оқиб ўтган сой бўйида отахонлар чойхонаси, унинг рўпарасида кинотеатр бор эди. Уларнинг учаласи ҳам Собир Раҳимов номи билан юритиларди. Сабаби, айнан ўша ерда – ҳозир 9 қаватли кўркам бино қурилган майдон ўрнида бир вақтлар домла Собиржон Раҳимийнинг уйи бўлган. Унда бўлажак генералнинг болалиги ўтган.
…Собиржон Раҳимий эса 1943 йили озодликка чиққан. Вақти-соати келиб, тўлиқ оқланган. Буни Туркистон ҳарбий округи трибуналининг 1957 йил 14 январдаги 223-сонли хатидан ҳам билиш мумкин.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 76 йил тўлмоқда. Лекин бу қирғинбарот инсоният бошига келтирган кулфатлар ва жамият тамаддунига етказган талафотлар асло унутилгани йўқ. Халқимиз Собир Раҳимов сингари инсонларни ҳеч қачон унутмайди, ҳамиша уларни эслаб ва хотирасини эъзозлаб яшайди.

Турғун ЗИЯЕВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университети фахрий доктори