Ғалаба муждасини келтирган Ўзбек

370

Етимлик азобларини кўп тортган, қариндошлар қарамоғида қолган Абдусамат илм олиш, жамият учун керакли инсон бўлиб етишиш истаги билан яшарди. У 1929 йили шу мақсадда Тошкентга келади. Бу ерда агрокимёгарлар тайёрлаш йўналишидаги уч ойлик курсни тамомлагач, Ўрта Осиё мой-пахта механика техникумида таҳсил ола бошлайди. Аммо ёшликдаги орзулари унга сира тинчлик бермайди. Учувчи бўлишга аҳд қилган йигит бунинг ҳам йўлини топади. Ўша даврдаги ­республика ОSOAVIKIM (ҳозирги «Ватанпарвар» мудофаага кўмаклашиш ташкилоти) қошидаги планерлар мактабига ўқишга киради. Шу тариқа кундузи техникумдаги, кечқурун эса планерлар мактабидаги машғулотларда қатнашади. Давр талабига кўра, рус тилини ҳам мукаммал ўрганиш пайи­­да бўлади.

Абдусамат ҳар иккала ўқишни муваффақиятли тамомлагандан сўнг билим олишни яна давом эттиришга чоғланади. Шу мақсадда Россиянинг Балашов шаҳридаги авиация мактабига ҳужжат топширади. Кўп ўтмай, шу даргоҳда ўқиётган икки минг курсант сафига ягона ўзбек йигити сифатида қўшилади.
У 1936 йили ўқишни тамомлаб, юртимизга қайтгач, меҳнат фаолиятини Тошкентдаги учиш клубига раҳбарлик қилишдан бошлайди. Бу клуб машғулотларида ўғил болалар қатори Оқила Атауллаева, Башорат Мирбобоева ва Бибинисо Болтабоева каби биринчи ўзбек парашютчи қизлари ҳам иштирок этарди ­(Кейинчалик А.Тайметов ­Б.Болтабоевага уйланган).
Фашистлар собиқ Иттифоққа ­бостириб кириши арафасида Сирдарёда учувчилар тайёрлайдиган ўқув эскадрильяси ташкил қилиниб, Абдусамат Тайметов командир этиб тайинланади. У 1941-1942 йиллар мобайнида 71 нафар учувчи тайёрлаб, Ўзбекис­тонда ишлаб чиқарилган 30 та самолётдан иборат авиация полкини жанг майдонлари сари бошлаб боради. Даставвал 10-гвардиячи дивизияга, сўнгра махсус авиация эскадронига командирлик қилади.
Ўзининг хотира китобида ёзишича, бу эскадрон учувчилари Шимолий Африка ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига кетма-кет парвоз қилиб, муҳим топшириқларни бажаришган. Юздан зиёд тунги жанговар парвозларда иштирок этишган. Деярли кунора ўқлар ёмғири остида душман ортига разведкачиларни тушириш, партизанларга ўқ-дори, қурол-­яроғ, озиқ-овқатлар етказиб бериш ва ярадорларни олиб қайтиш билан машғул бўлишган. Душман артиллерияси ҳужумига турли манёврлар билан чап беришган. Нав­батдаги парвозларнинг бирида Абдусамат Тайметов Украина партизанларининг афсонавий қўмондони Сидор Кавпак билан танишади.
Уруш охирлаган пайтларда у 19-махсус полкка ўтказилгач, янги «Си-47» самолётида муҳим топшириқларни бажаришга киришади. Шу асосда Лондон, Стокгольм ва Теҳронга парвозларни амалга оширади. Абдусамат Тайметов ўша кезларда рўй берган бир тарихий воқеа ҳақида кейинчалик чоп этилган хотира китобида қуйидаги сатрларни битган эди:
«1945 йил 6 май куни «Самолёт шайлансин!» деган топшириқ олдик. 8 май куни фавқулодда махфий топшириқни бажариш учун тайёрланган самолётга генераллар ва дипломатлар чиқиб келишди. Эскадрилья командиримиз Семенков бу сафар бирга учишимизни айтиб, иккинчи ўриндиққа жойлашди. Унинг қўлида сурғучланган учта конверт бор эди. Самога кўтарилдик. Йўналиш – ғарбга қараб. Ярим соатлик парвоздан сўнг, конвертларнинг бирини очдик. Унда мўлжал Варшава шаҳри экани ёзилганди. Вайронага айланган шаҳар устидан учиб ўтарканмиз, иккинчи конвертни очиш вақти келганини билдик. Унда «Йўналиш ғарбга! Қирувчи самолётларимиз ҳавога кўтарилгач, учинчи конверт очилсин!» деган буйруқ битилганди. Қизил лочинларимиз қуршовида парвозни давом эттиряпмиз. Йўналишни белгилаш учун учинчи конвертга қўл чўздик. Унда Берлин шаҳридаги Темпельхоф аэродромига қўниш буюрилган эди.
Аэродромда ҳукумат вакилларини генерал-полковник Соколовский кутиб олди. Бироздан сўнг биз қўнган қўналғага урушда иттифоқчиларимиз ҳисобланган Буюк Британия ва АҚШнинг юқори даражали ҳарбийлари ўтирган самолёт келиб қўнди.
Капитуляция аҳдномаси имзоланиши узоққа чўзилди. Тун ярмидан оққанда вакилларимиздан уруш тугагани, фашистлар сўзсиз таслим бўлишгани ҳақидаги хабарни эшитдик. «Ғалаба! Ғалаба!» дея кўзларимиз ёшланди.
Хуллас, биз Ғалаба муждаси битилган пакет ва аҳднома суратларини олиб, Москва сари учдик. Етиб келгач, барча ҳужжатларни Олий Бош Қўмондон вакилига топширдик».
Уруш фахрийси ўзининг кейинги ҳаётини ўзбек авиацияси ривожига бахшида этди. Тинчлик йилларида 161-отрядга командирлик қилиб, юзлаб шогирдлар тайёрлади. Сўнг­­ра 20 йил мобайнида «Тошкент» аэропортини бошқарди. 56 ёшида Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тамомлагач, сўнгги нафасига қадар Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармасида ҳуқуқшунос-маслаҳатчи вазифасини бажарди.
Юрт тинчлиги ва осойишталиги учун қаҳрамонларча курашган фидойи инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган учувчи Абдусамат Тайметов фойдаланган воситалар, унинг жасорати акс этган лавҳалар ҳозир Ўзбекистон Қуролли Кучлари Давлат музейида сақланмоқда. Унинг хотираси келажак авлодлар қалбида ҳам яшашига ишончимиз комил.

Зайниддин ЎРИНБОЕВ,
касаба уюшмалари
фахрийси