“Х” билан ёзайми ёки “ҳ” билан?!

394

Бугунги кунда саводхонликни ошириш, бехато ва имловий хатоликларга йўл қўймасдан ёзиш кўникмасини шакллантириш муҳим масалалардан ҳисобланади. Чунки катта-катта ташкилотлардан тортиб, ҳаттоки ОАВ таҳририятларида ҳам саводи ҳаминқадар ходимлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, “х” ва “ҳ” ҳарфлари учрайдиган сўзлар унча-мунча олий маълумотлиман деган кишини ҳам шошириб қўяди. Шаҳрихон туманидаги 44-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нодира Турсунова айнан “х” ва “ҳ” ҳарфларини ажратиб олишни ўргатишда ўз тавсиялари билан ўртоқлашди. Қуйида мақолани тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Машғулотларимизда интерфаол усуллардан қанча кўп фойдалансак, ўқувчиларнинг диққатини дарс мазмунига шунча кўп қаратишимиз мумкин. Ўқувчиларим ёзган диктант, иншо ва баёнларни текширар эканман, орфографик хатолар кўп кўзга ташланади. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, аксар ҳоллардаги хатолар “ҳ” ва “х” ундошларини ажрата олмаслик билан боғлиқ. Энг ачинарлиси, баъзи ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам бу ҳарфларни дадил ажрата олмайди. Шунинг учун қуйида “ҳ” ва “х” ундошини фарқлашга ёрдам берадиган баъзи усулларни тавсия қилмоқчиман.

Аввало, ўқувчиларга “ҳ” ва “х” ундошининг талаффузи яхшилаб тушун­тирилади. Талаффуз қилаётганда бўғиз бўшлиғида — ун пайчалари ўртасидаги тор оралиқда ҳосил бўладиган, жарангсиз сирғалувчи боғиз товуши “ҳ” ҳамда чуқур тил орқасидан чиқадиган, жарангсиз сирғалувчи “х” товушлари­нинг талаффуздаги фарқли томонлари амалда кўрсатилади.

Қуйида ҳарфларни ажратиш методикаси ва уни хотирада сақлаб қолиш усуллари ҳақида маълумот берамиз.

Биринчидан, рус тилидан кирган сўзларда ҳеч қачон “ҳ” товуши учрамайди. Масалан: техника, химия…

Иккинчидан, сўз ўртасида келган “ҳ” ундоши қатнашган сўзни талаффуз қилишда “ҳ” ундоши “й”лашади. Масалан, Раҳим — Райим, Шо­ҳиста — Шойиста, Шоҳимардон — Шойимардон, Зоҳид — Зойид, Соҳиб — Сойиб, Шоҳида — Шойида…

Бунда эътибор бериш керак бўлган ҳолат: “ҳ” дан кейин “и” унлиси келган бўлиши керак. Чунки и унлисидан бошқа товуш келганда “ҳ” “й”лашмайди. Масалан: Бурҳон, Қаҳҳор, заҳар, баҳам, Исҳоқ ва бошқалар.

Учинчидан, “и” унли товушидан кейин доим “х” ҳарфи келади: ихтилоф, ихтиёр, ихлос, ихтиро, ихтисос, ихчам, омихта, пих, мих, сих…

Бунда шарти: х ундоши ёпиқ бўғиннинг охирида келиши керак. Бўғиннинг бошланишида келса, “ҳ”лашади. Масалан, жи-ҳат, имти-ҳон, ни-ҳо­ят, жи-ҳоз, исти-ҳола, ни-ҳол ва ҳоказо.

Тўртинчидан, “э” унли товушидан кейин ҳамиша “ҳ” ҳарфи келади: меҳ-мон, деҳ-қон, бе-ҳи, эҳ-тиром, истеҳ-зо, истеҳ-ком, меҳр, меҳ-роб, меҳ-рибон, сеҳр, чеҳ-ра, эҳ-сон, эҳ-тиёж, эҳ-тимол, эҳ-тирос, эҳ-тиёт, эҳ-ром, Беҳ-зод…

Бешинчидан, “х” товуши билан бошланган аксар сўзлардан х товуши олиб ташланса, сўз маъноси тубдан ўзгаради. Ҳ билан бошланган сўзларда эса маъно ўзгармайди.

Хаёл — аёл, хона — она, хазон — азон, хамир — амир, ханда — анда, хаста — аста, хато — ато, хил — ил, хол — ол, хола — ола, хон — он, хор — ор, хос — ос, хотин — отин, хоч — оч…

Олтинчидан, яна шундай шаклдош сўзларни кўриш мумкинки, ҳар иккаласи ҳам, деярли, бир хил ёзилгани билан маънолари турлича бўлади. Бунда шу сўз қатнашган гап маъносига эътибор берилади. Масалан, ҳил (ҳил-ҳил пишмоқ) — хил (бирон нарсанинг тури), ҳол (ҳолат, вазият) — хол (юздаги хол маъносида), шоҳ (подшоҳ) — шох (дарахтнинг шохи) сўзларини мисол қилиш мумкин. Бу сўзларни билимни мустаҳкамлаш дарслари ёки дарсдан ташқари машғулотларда ўйин тарзида ўргатиб, ёздириб қўйиш орқали ўқувчида маъноларига қараб туриб товушларни ажрата олиш кўникмаси ривож­лантирилади.

Шундай сўзларни осон ёдлашлари учун ўқувчиларга бу ҳарфлар қатнашган мақол, топишмоқ ва тез айтишларни бериш фойдадан холи бўлмайди.

“Ҳа-, ҳи-, ҳо-” таълимий ўйинида ўқувчилар уч гуруҳга бўлиниб, уларга ха-, хо-, хи- бўғинлари билан бошланув­чи сўзларни топиб ёзиш вазифа қилиб берилади.

“Синквейн” усулида бирор сўз айтилади. Унга тегишли 5 та маълумот келти­рилади. Мисол учун: ҳашорат сўзи.

  1. Нима? Ҳашорат. (От сўз туркумига киради).
  2. Қандай ҳашорат? Зараркунанда, фойдали.
  3. Нима қилади? Учади, ўрмалайди, судралади…
  4. Ҳашоратларнинг баъзилари табиат учун жуда фойдали.
  5. Ўргимчак, ари, чумоли, қўн­ғиз, шиллиққурт.

Таълимий диктант учун эртак ёздирилади. Бунда икки бола: Хайрулло ва Ҳакимжон ҳақида ҳикоя қилинади. Хайруллонинг уйида ҳам, феълида ҳам фақат х ундоши қатнашадиган нарса ва хислатлар мавжуд бўлади. Ҳакимжоннинг ҳаётида эса фақат ҳ ундоши қатнашган сўзларни кўриш мумкин. Мисол учун:

ИККИ ДЎСТ

Ҳакимжон билан Хайрулло жуда яқин дўст. Лекин ҳеч ҳам бир-бирига ўхшамайди. Ҳакимжон жуда ҳа­зилкаш, меҳрибон, ҳалол йигит. Унинг отаси ҳунарманд, онаси эса ҳамшира. Ҳакимжон келажакда ҳисобчи бўлмоқ­чи. Бу касбда ҳушёрлик талаб қили­нишини у яхши билади. Хайрулло эса озгина хаёлпараст. Унинг отаси хирург, онаси эса химия фанидан дарс беради. Кўпинча мактабдан қайтишда хиёбон оралаб кетиб, дам олувчиларга халал беради. У бундай хунук одатини ташласа, онаси жуда хурсанд бўлишини айтди.

Топшириқ: ҳ ҳарфининг тагига бир чизиқ, х ҳарфига эса икки чизиқ чизинг.

Юқорида берилган услуб ва методларни дарс жараёни ва дарсдан ташқари тўгаракларда мунтазам қўллаш ўқувчилардаги билим, кўникма ва компетенсияларнинг ривожланишига ёрдам беради.

Бошқа хабарлар