Анорқул ХОТАМОВ: ” Дрездан қирғоқларидаги даҳшатли жанглар сира ёдимдан чиқмайди”

144

…Атрофни қоп-қора тутун қоплади. Бир зумда ҳамма ёққа қип-қизил қон сачраб, ерга сингиб кетмоқда. Туйқус осмонда қирувчи самолёт пайдо бўлди. Кўп аскарнинг насибаси шу ерда узилди. Ўқ ёмғиридан аранг қочиб қутилганлар ҳам оғир ярадор эди. Милтиғига тираниб, жонини чангаллаб ўтирган Анорқул рўпарасида пайдо бўлган шарпани ҳатто илғамади ҳам. Ҳаммаси тамом, “Ой бориб, омон қайтгин”, дея кузатиб қолган муштипар онасини бошқа кўрмайди…

Афсус, Иккинчи жаҳон урушининг бу ёвуз манзараси ҳали-ҳамон қалбларни титратмоқда. Орамизда бу урушдан жабр кўрмаган ёки унинг зиёни етмаган хонадон кам. Қанчадан-қанча йигитларимиз гўшанга кўрмай, урушнинг қурбонига айланган…

Пискентлик Анорқул Хотамов бугунги тинчлик ва осойишта кунлар қадрини бошқача ҳис этади. Чунки у ўша даҳшатларни ўз кўзи билан кўрган  – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Отахон уруш хотираларини қуйидагича эслайди.

– Фронтга жўнатишганида 20 ёшда эдим, – дейди А.Хотамов. – 1942 йилнинг боши эди. Роппа-роса йигирма уч деганда Ворошиловград шаҳрига етиб келдик. Кейин Украинанинг Донецк шаҳрига, ундан Беларусияга ўтказишди. Беш ой ҳарбий тайёргарликдан сўнг, 2-Беларусия фронтининг 33-танк бригадаси шакллантирилиб, шу тузилма таркибида жангга кирдик.

Урушдаги талафотлар ва йўқотишлар ҳали-ҳануз кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади. Айниқса, Дрезден, Рейн дарёси қирғоқларидаги даҳшатли жанг сира ёдимдан чиқмайди. Рейн дарёсининг қуйи оқимида ҳарбий авиациямиз бу шаҳарни икки юз олтмиш икки маротаба ҳаводан бомбардимон қилгани кечагидек ёдимда. 1945 йил 16 апрелда Берлинни ишғол қилиш учун ҳужум бошладик. Жанглар йигирма уч кун давом этди. 2 май куни ярим тунда Берлин горнизони аскарлари қаршилик кўрсатишни тўхтатишди. Улар овоз кучайтиргич орқали: “Ўт очишни тўхтатинг! Потсдам кўпригига вакилларимизни юборамиз”, дея оқ байроқ кўтаришди. Шу тариқа шаҳарни эгалладик…

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Пискент туманидан 4 минг 530 нафар навқирон ўғлон жангга отланган. Шундан 2 минг 816 нафари онаюртимизга қайтиб келган, холос. Аёвсиз жанггоҳларда 1 минг 714 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Анорқул ота мусибатларни мардонавор енгиб ўтди. Ҳаётда ўз олдига қўйган эзгу мақсадлардан бир зум бўлса-да оғишмади. Курашди. Охир-оқибат, меҳнати юзага чиқди. Элда, маҳалла-кўйда ҳурмат қозонди.

– Бугун дориламон кунларда яшаяпмиз, – дея сўзида давом этади отахон. – Давлатимизнинг биз фахрийларга қаратаётган эътиборидан жуда мамнунман. Юртбошимизнинг ташаббуси билан ҳар бир уруш қатнашчисига 12 миллион сўмдан бериляпти. Йўқловлар, совға-саломлардан, ғамхўрликлардан бошимиз осмонда.

Бу кунлар ўз-ўзидан бўлган эмас, бунинг қадрига етиш керак. Уруш пайтларида бундай кунларни орзу қилиш у ёқда турсин, ҳатто, тасаввур ҳам қила олмасдик. Аслида ҳеч нарса ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Ҳамма нарсага инсон фақат ва фақат меҳнат билан эришади. Мен айтаётган гаплар баландпарвоз эмас. Бу кунларга етиш йўлида не-не йигитлар жон олиб, жон беришди. Бунинг қадрига етишимиз керак.

Отахон оғир тин олди. Бирдан гапдан тўхтаб, ўйга толди…

…Анорқул шу хаёлда таслим бўлди. Бир пайт рўпарасида тўхтаган шарпа исмини айтиб уни чақирди. Овоз келган тарафга базўр ўгрилди. Қаради-ю қотиб қолди. Дастлаб кўзларига ишонмади. Яхшилаб қаради. Ҳа, адашмабди… Бу аскар маҳалладоши эди…

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

ISHONCH