Шаҳидлар хотирасига атаб боғ яратилди

635

9- май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази ҳовлисида янги боғ ташкил этилди. Мазкур боғ 1991 – 2020 йилларда давом этган  Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун кураш, Ватан сарҳадлари учун бўлган жанг ва ниҳоят, унда эришилган Озарбойжон халқининг ғалабаси, ҳалок бўлган шаҳидлар хотирасига бағишланди.

Марказ ҳовлисидаги кичик майдон бутунлай реконструксия қилиниб,  у ерга  дарахт ва атиргул буталари экилди. Дам олиш, суҳбатлашиб ўтиришга мўлжалланган кўркам ва ихчам, майдонча яратилди.

Боғнинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги Озарбойжон элчихонаси, Озарбайжон Маданият маркази, Ўзбекистон-Озарбойжон Дўстлик жамияти вакиллари, жамоатчилик, маҳаллий озарбайжонлар ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда Маданият маркази директори Самир Аббасов сўзга чиқар экан, ушбу боғни барпо этишдан мақсад – Ватан озодлиги учун жон берган шаҳидлар хотирасини абадийлаштириш, улар ҳақида Озарбойжон Маданият марказига ташриф буюрган барчани хабардор қилиш, ёш авлод ва маҳаллий озарбайжонларда Ватанга муҳаббат, қаҳрамонлик ҳиссини уйғотиш эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов Озарбойжон — Ўзбекистон дўстлиги ҳақида гапириб, Ўзбекистон ҳукумати доимо Озарбойжонга яқин бўлганини эътироф этди. Ўзбекистон 30 йил давом этган уруш даврида Озарбойжон Маданият маркази билан яқин алоқада бўлиб, қардош ўлкага қизиқиш билдирганини, ўзбек жамоатчилигининг таниқли вакиллари эса видеохабарлар орқали Озарбойжон халқига мурожаат қилиб, ушбу қардош эл билан  ҳамфикрлигини билдириб турганини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси котиби, фахрий журналист Карим Баҳриев, Туризм ва спорт ишлари вазирлиги вакили Анвар Юсуповлар қардош халқ вакилларини эришилган ғалаба билан табриклади. Шундан сўнг Озарбойжон Маданият марказида шаҳидлар хотирасига Қуръон тиловати ўқилди.

Зебо НАМОЗОВА,

“Ишонч”