Ўзбекистон – Озарбойжон дўстлигини мустаҳкамлаган сиймо

1125

Тил, дин,  тарих ва маданият каби муштарак муносабатлар борки, улар билан чамбарчас боғланган халқларнинг дўстлиги бошқалардан кўра чуқурроқ, мустаҳкамроқ бўлади. Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг дўстлик алоқалари ҳам узоқ тарихга бориб тақалувчи ана шундай мустаҳкам ришталардан. Чунки юқорида айтганимиздек, иккала давлатнинг дини, тилининг келиб чиқиши ва урф-одатлари бир ўзакка бориб тақалади.   

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Озарбойжон Республикаси Президенти Ҳайдар Алиев билан муносабатлари ҳам яхши бўлгани ҳақида манбалар мавжуд. Расмий учрашувларда эса улар бир-бирини таржимонсиз тушунгани қайд этилади. Бугун,  10 май – Озарбайжон халқининг севимли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиевнинг таваллуд топган куни.

Ҳайдар Алиев 1923 йил 10 майда Нахичеван шаҳрида туғилган. Нахичеван педагогика техникумини (1939), Озарбайжон давлат университетининг тарих факультетитини (1957) тугатган. 1941-43 йилларда ички ишлар халқ комиссарлигида, 1944-69 йилларларда Озарбайжон давлат хавфсизлиги органларида (1967 йилдан раиси лавозимида) ишлаган. 1969 йил июлдан Озарбайжон Республикаси раҳбари бўлган. 1982-87 йилларда собиқ Иттифоқ ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари. 1991-93 йилларда Нахичеван Мухтор Республикаси Олий Мажлис раиси. 1993 йил июнидан Озарбайжон Республикаси Олий Кенгаши раиси ва Озарбайжон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи, 1993 йил 3 октярдан Озарбайжон Республикаси президенти лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.

Илм-маърифат фидойи бўлган Ҳайдар Алиевга 1997 йилда Мирзо Улуғбек номидаги “Ўзбекистон Миллий университети фаҳрий доктори” унвони берилган.

Озарбайжон Республикасини 30 йил давомида бошқарган Ҳайдар Алиевнинг чекига энг қийин паллада раҳбарлик қилиш тушди. У Озарбойжон халқини ва ўз мамлакатини ҳаддан ортиқ севарди. Шу боис хотираси озарбайжон халқи ва қардош халқлар хотирасида абадий яшаб келмоқда.

Рус газеталаридан бирига берган интервьюсида, Ҳайдар Алиев ўз орзуси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, “Одамларга  тинчлик ва фаровонлик келтиришдан бошқа мақсадим йўқ. Мен бор нарсамни, бор кучимни ва қобилиятимни шунга баҳшида қиламан”, деганди. Унинг Ўзбекистон билан дўстлиги Шароф Рашидов давридан бошланган ва бугунгача Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида порлоқ давом этиб келмоқда.

Мамлакатимизда 60 мингдан ошиқ озарбойжонликлар истиқомат қилиб, маъданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиб келмоқда.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch.uz