Яхшилардан сўзлагим келди…

228

Ўтган йили Рамазон кунлари эди. Кечга яқин «facebook»даги
мессенжеримга бир хабар келди.

«Ассалому алайкум, опа. Сиз 1993-95 йилларда «Тонг юлдузи» газетасида ишламаганмисиз? Шу йилларда мен ҳақимда мақола ёзган опамиз Нилуфар Давидовани анчадан буён қидиряпман… Агар ўша опа бўлсангиз… Илтимос, менинг …61-16 рақамимга телефон қилинг. Ёки менга телефон рақамингизни қолдиринг. Мен Шуҳратжон Ахунжоновман…»
Танидим. Хабарлашдик. Кейин узоқ суҳбатлашдик
…Ўшанда Шуҳратжон 15 ёшли ўсмир эди. «Тонг юлдузи» газетасига журналист опамиз Ҳафизахон ­Ҳайитметова билан бирга кириб келганди. Мен ўша вақтларда тайёрлайдиган доимий саҳифа – дарсдан бўш вақтларида ота-онасига ёрдам қилаётган ўсмирлар ҳақидаги мақола учун ундан интервью олгандим. Ана ўшанда 15 ёшли боланинг катталардек фикрлаши, дунёқарашининг кенг­лиги, келажакдаги мақсадлари мени ҳайратга солганди. Нов­войга шогирд тушган бу йигитнинг ишларини, ота-онасига бўлган ҳурматини ёзиб тугата олмаганман. Қанчадан-қанча фикрлари саҳифага сиғмай қолганидан афсусланганман. Ўшанда устозимиз Умидахоним Абдуазимова, ижодкор опаларим Феруза Жалилова, Феруза Одилова, Турсуной опа, Маъмурахон Мадраҳимова, раҳматли Маҳмуда опалар «бу йигит агар ҳунарга қўшиб, илм ортидан кетса, катта одам бўлиши аниқ, элга кўп наф келтириши тайин» дея башорат қилишган эди.
Мана йиллар ўтди. Мен кўп саҳифалар тайёрладим, мақолалар ёздим. Аммо шу болани кўп эслардим. Қаерда ишламай, унинг тақдири ҳақида билгим келарди. Тақдир чархпалагини қарангки, Шуҳратжон биз орзу қилгандан ҳам юксак чўққиларни забт этибди. Меҳрибонларининг ­дуоси билан журналист бўлиб етишибди. Устозларининг дуоси билан униб-ўсибди. Мамлакатимиздаги нуфузли даргоҳлардан бири «Китоб­лар дунёси»га сардор бўлибди. Юртимизнинг 11 та гўшасида муҳташам зиёхоналар бунёд этибди. Хорижликлар билан катта лойиҳаларга қўл урибди. Изланишлари, меҳнатлари бежиз кетмабди. «Олтин қалам» мукофоти ­совриндорига айланибди.
Шуҳратжон ҳаётдаги энг улуғ туйғулардан бири – оқибатни маҳкам тутибди. Бунга мени излаб топганида… ва яна бир воқеада ўзим гувоҳ бўлдим.
Мен, мана 10 йилдирки, Чирчиқ шаҳрида яшайман. Жигарларимдан олисда… Ҳайит айёмига 3-4 кун қолган… Раҳматли дадамнинг биринчи ҳайитлари. Андижонга борай десам, пандемия сабабли йўллар ёпилган. Ҳар йили ҳайит айёмларида йўқлаб борадиган меҳрибоним отам энди ҳаётда йўқлигидан бу дунёларга сиғмай юрган кезларим… Беш қизнинг ичида ягона бўлган укам мени йўқлаб келай деса, карантин сабаб довон ошолмаслигидан нолиган кунлар… Ана шундай ­ҳасратли кунларимда менга қўнғироқ бўлди… Шуҳратжондан.
– Опа, дарвозангизни очинг, мен келдим!
Бу Шуҳратжоннинг овози эди…Бу манзарани сўз билан таърифлаб беролмайман. Остонамда ҳайитлик кўтарганча «она қизим, мен келдим», дегандек раҳматли отам турарди гўё. «Опа, йўллар ёпиқ бўлса ҳам, довонлардан ошиб келдим», дегандек укам кулиб турарди гўё…
Шуҳратжоннинг хонадонимизга ташрифи биз учун байрам бўлди. Турмуш ўртоғим, фарзандларим билан узоқ суҳбатлашди. Ўтган кунларни эсладик. Хайрлашар экан, «Опажон, ростини ­айтсам, ўша мақола ҳаёт йўлимни топишимда жуда катта роль ўйнаган» деди. Кўзимга ёш келди.
Шу кунларга ҳам бир йил бўлибди. Шу муддат ичида Шуҳратжоннинг китобхонликни тарғиб этишдаги эзгу ишлари кузатувчисига айландим. Ютуқларидан ўз ютуғимдек хурсанд бўламан.
Тоғу тошлар кезиб, олис манзиллар босиб, ҳар бир хонадонни китобхонга айлантиришда фидойи­лик кўрсатаётган Шуҳратжонга ҳавас қиламан. Инсон қадрини ҳамма нарсадан устун билувчи, меҳр-оқибат улашувчи шу йигитдек қалби тоза инсонлар кўпайсин, дея дуо қиламан.
Бугун бир мақола сабаб укамизнинг эъзозига сазовор бўлганим, эзгу нур улашаётгани учун, ­қўйингки, инсон қадрини юксак билгани учун Шуҳратжонга беҳисоб раҳматлар айтгим келди!
Илоҳим, зиё улашаётган қўллари дард кўрмасин, оқибат кўрсатаётган қалби мудом қувончга тўлиб юрсин!

Нилуфар ДАВИДОВА