Бўлактепа бўлак дунёми? ёхуд масала қачон ечим топади?

1428

«Ishonch» газетасининг шу йил 6 мартдаги сонида «Жавоб кутаётган саволлар» рукни остида бир гуруҳ қумқўрғонлик ўқитувчиларнинг бир неча йиллардан буён ечимини кутаётган мавзуга бағишланган «Улар қачон тенгдошлари каби ўқишади?» сарлавҳали саволи чоп этилганди.
Унда туманнинг Бўлактепа қишлоғида жойлашган 59-умумтаълим мактабининг филиали ҳақида сўз боради.

«59-умумтаълим мактаби билан Бўлактепа ­қи­ш­­­­­лоғидаги филиал ораси 4,5-5 километр бўлиб, йўллар ёзда чанг, қишда лой. Мактабга қатнаш ўқувчи у ёқда турсин, ўқитувчига ҳам оғир. Бўлактепа қишлоғидаги филиалимизда 120 нафардан ортиқ ўқувчи икки навбатда таҳсил олади. 9-11 синфларда ўқийдиган ўғил-қизларнинг 40 нафарга яқини асосий мактабга қатнайди. Қишлоқнинг 50 нафарга яқин боласи эса қўшни Олтинсой туманидаги умумтаълим мактабларида ўқишга мажбур. Дарсларни яхши ўтишимиз учун шароитлар яратилмаган. Ўқув қуроллари, турли фанлардан ўқув кўргазмалари билан таъминланмаган. Физика, кимё ва биология фанларига оид лаборатория жиҳозлари ҳақида-ку, гапирмасак ҳам бўлади».
Хуллас, бир гуруҳ қишлоқ ўқитувчилари газетамиздаги чиқишида Халқ таълими вазирлигидан оғир шароитни ҳисобга олиб, филиални алоҳида мактабга айлантиришни сўраган. Аслида, «Мактаб қуриб беринглар!» деган иддао ҳам қилинаётгани йўқ. «6 сотих атрофида ер ажратиб берилса, ­қишлоқ аҳли ҳашар йўли билан ўзимиз мактаб қуриб оламиз» дейишмоқда, холос.
Эътиборли жиҳати, уларнинг бир неча йилдан буён Қумқўрғон тумани ҳокимлиги, туман ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолиб келаётганига қарамасдан, Халқ таълими вазирлиги кўтарилган масалани ҳал этишни сўраб, Сурхондарё вилояти ҳокимлигига чиқарган.
Яъни, таҳририятимизга келган жавоб хатида вазир ўринбосари номидан Бўлактепа қишлоғи ҳудудида жойлашган 59-сонли умумтаълим мактаби филиалини алоҳида мактабга айлантириш масаласи Ўзбекис­тон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунининг 27-моддасига асосан қайта кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимлигига юборилгани илова қилинган.
Четдан қаралса, мурожаатчилар масалани вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими ­бошқармасига, вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси эса уни ечимсиз мурожаатчиларга юбормоқда.
Шундан сўнг мурожаатчилар Халқ таълими вазирлигига, вазирлик эса масаланинг ечими устида бош қотирмасдан, уни яна вилоят ҳокимлигига узатмоқда. Натижада, бутун бошли бир қишлоқ аҳлининг таълим билан боғлиқ асосли ва жиддий муаммоси бамисоли «копток»дек айланиб юрибди. Ким билсин, муаммолар шу тахлит «ҳал этилаётгани» боис улар камайиш ўрнига кўпайиб бораётгандир?
Алқисса, вазирликнинг ­масъул ходими вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси ва туман бўлими билан боғланиб, хатда кўтарилган муаммога ечим қидирганида, бироз вақт ажратиб, чин дилдан бўлактепалик педагогларнинг муаммосини ўз муаммосидек ҳис этиб, керак бўлса, ҳудудидаги муаммони ҳал этишни пайсалга солиб келаётган қумқўрғонлик масъуллар билан талашиб-тортишганида, мурожаатчилар сўраётган 6 сотихли ерни «ажратиб бериш» ҳақидаги ёки бошқа маъқул жавобни олган бўлармиди?
Ҳозирча эса икки саҳифалик жавоб хатида муаммонинг ечими «йўқ». Шу боис, вазирликдан ушбу масалага қайтиб, ўз ваколати доирасида сурхондарёлик масъуллар билан музокара олиб боргандан кейинги аниқ жавобни кутиб қоламиз. Нафақат биз, балки Бўлактепа қишлоғи аҳли ҳам ушбу масаланинг жавобини интизорлик билан кутмоқда.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Таҳририятдан:

«Ishonch» газетасида энг кўп ёритиладиган мавзулардан бири таълим соҳасидаги муаммолардир.
Мана, оддий мисол келтирамиз: «Ishonch» газетасининг 2021 йил 9 январдаги сонида «Таълим сифати қачон юксалади? Муаммолар, мулоҳазалар ва таклифлар», 4 февралдаги сонида «Сифат масаласими ёки монополия? Ёхуд танловсиз эълон қилинаётган дарсликлар ортида нима турибди?», 9 февралдаги сонида «Шаффофлик бўлмаса, бари бефойда», 27 февралдаги сонида «Учбурчак»даги оғриқли нуқта. Дарсликлардаги камчиликларни ҳатто мутахассис бўлмаган одамлар ҳам «кўриб қоляпти», 2 мартдаги сонида эса «Рақобат йўқ жойда коррупцияга йўл очилади» каби долзарб мақолалар чоп этилди.
Аммо негадир ушбу мақолаларда кўтарилган мавзуларга нисбатан Халқ таълими вазирлигининг таҳририятимизга биронта муносабати ёки кўтарилган масалалар бўйича тизимда қилинаётган ишлар ҳақидаги жавоби келмади.
Нима, вазирлик Ўзбекистондаги қонунлар дахл қилмайдиган ташкилотми? Муаммолар ечим излаётган экан, буларнинг замирида одамлар, эл-улуснинг дарди бор. Аммо бунга эътиборсизликни қандай тушуниш ва баҳолаш мумкин?
умид қиламизки, Бош прокуратура ушбу қонун бузилишига ўз баҳосини беради.