«Ўзбек тили» ҚОМУСИ ЯРАТИЛСА…

188

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан бўлиб ўтган байрам тадбирида Президентимиз сўзлаган нутқида белгилаб берилган долзарб вазифалардан бири ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, шевалари, тарихий тараққиёти, унинг истиқболи билан боғлиқ илмий тадқиқотлар самарасини ошириш эди.

Бу вазифани тўлақонли бажариш олимларимиз олдига яқин истиқболда муҳим қомус – «Ўзбек тили» энциклопедиясини яратишни тақозо этади.
Ўзбек тили – туркий тиллар оиласидан илк бор ажралиб чиққан тиллардан бири. Агар яқин йиллар ичида шундай энциклопедия яратилса, ўзбек тилининг:
а) туғилиш, шаклланиш ва тараққиёт йўлларини мўътабар манбалар асосида кўрсатиш;
б) учта катта лаҳжа ва бир қанча маҳаллий шевалардан таркиб топган азамат лисоний дарахт сифатидаги образини гавдалантириш;
в) олтой тиллари оиласига мансуб бўлганлиги сабабли, шу лисоний оиланинг туркий тиллардан ташқари, япон, корейс, венгер каби тиллар билан муносабатига аниқлик киритиш;
г) туркий (ўзбек) тилидаги ёдгорликлар, илм-фан ва адабиёт асарларининг майдонга келишида урхун-енисей (V-VIII асрлар), араб (XI асрдан 1929 йилгача), лотин (1929-1940 йиллар), кирилл (1940 йилдан 1993 йилгача) ёзувларидан фойдаланганини ўрганиш;
д) шу даврларда яшаган Маҳмуд Кошғарий ва Юсуф хос Ҳожиб сингари тилшунос олим ва шоирларнинг туркий тилини ташкил этган сўз, ибора, мақол ва маталлар ҳамда халқ қўшиқларини тўплаш соҳасидаги хизматларини белгилаш;
е) Лутфий, Саккокий, Алишер Навоий, Бобур каби шоирлар (ХХ асрда эса Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир каби шоир ва ёзувчилар) ижодининг ўзбек адабий тилининг шаклланишидаги роли ва аҳамиятини инкишоф этиш каби бир қатор муҳим ва мураккаб масалалар энциклопедияда ўз талқинини топган бўларди.
Эниклопедияда ўз аксини топадиган масалалардан бири ўзбек тилининг бошқа туркий тиллардан фонетик, морфологик, синтактик ва лексик ўзига хос хусусиятлари ва белгилари билан ажралишидир. Яна шу нарса муҳимки, бошқа тиллар сингари ўзбек тили ҳам ўсиш ва ривожланиш жараёнида турли омиллар таъсирида бир қатор сўз (архаизм)лардан воз кечиб ва бир қатор янги сўз (неологизм)лар билан бойиб борди. Агар олдинги тарихий даврларда ўзбек тилига мўғул, араб ва форс тилларига мансуб сўз ва атамалар кўплаб кириб келган бўлса, ХХ асрда русча-байналмилал сўзлар ўзбек тилининг луғат фондида катта мавқени эгаллай бош­лади. Мустақиллик йилларида эса инглиз тилининг таъсири, айниқса, бизнес, спорт, инвестиция каби соҳаларда кучайиб бормоқда.
Ўзбек тили адабий тил сифатида шаклланаётган даврда араб ва форс тилларининг жамият ҳаётидаги мавқеи беҳад даражада катта эди. Шу ҳол XIX аср охири – ХХ аср бошларигача давом этиб келди. Шу йилларда жунбушга келган жадид маърифатпарварлик ҳаракати ва адабиёти ўз олдига янги ўзбек адабий тилини яратиш мақсадини ҳам қўйди. Янги ўзбек миллий матбуоти ва адабиётининг туғилиши ҳамда шаклланиши жараёнида бу адабий тил атак-чечак қила бошлади. 20-йилларнинг ўрталарида Абдулла Қодирий қаламига мансуб «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларининг, Чўлпон шеър­лари ва ҳикояларининг, 30-йилларнинг аввалида эса «Кеча ва кундуз» романининг яратилиши янги ўзбек адабий тилининг тўла шаклланганини намойиш этди. Шунга қарамай, Чўлпон Л.Сайфуллинанинг «Ичкари», Шекспирнинг «Ҳамлет» асарларини таржима қилишга киришганида ўзбек тилининг ҳали етарли даражада ­шаклланмаганини сезди. Аммо у бу ҳар икки асарни таржима қилиш жараёнида ўзбек тилининг луғат таркибини бойитиш, бадиий услуб масалаларига сайқал беришга қаратилган шундай ишларни амалга оширдики, «Ҳамлет»нинг таржимаси янги ўзбек адабий тили ва таржима адабиётининг дурдона асари бўлиб қолди.
Жаҳон адабиётининг ҳар бир асарида тасвир этилган халқнинг тарихи, маиший ва маданий ҳаётига доир шундай сўз ва тушунчалар бўладики, уларни бошқа бир тилга таржима қилиш осон эмас. Тажриба шуни кўрсатадики, Абдулла Қодирий ва Чўлпон асосчилари бўлган янги ўзбек адабий тили луғат таркиби ва бадиий усул ва услубларига кўра бой тиллар даражасига кўтарилдики, бу тилга Шекспирдан тортиб ҳозирги жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларига қадар ҳаммасини таржима қилиш мумкин. Ривожланган ҳар бир тилнинг шундай ички имкониятлари бўладики, бадиий таржима жараёнида шундай имкониятлар булоғи янада жўшиб, тил бойишда давом этади. Ҳозирги ўзбек адабий тили шундай буюк тиллардан биридир.
Ўзбек тилининг ҳанузгача ўрганилмай келаётган масалаларидан бири, бир томондан араб ва форс тилларининг, иккинчи томондан лаҳжа ва шеваларнинг ўзбек адабий тилининг шаклланишидаги роли ва ўрни бўлса, иккинчиси ўзбек (туркий) тилининг рус ва бошқа тилларга кўрсатган таъсири масаласидир…
Шундай ва бошқа қатор муҳим тилшунослик масалаларининг «Ўзбек тили» энциклопедиясидан ўрин олиши ва илмий жиҳатдан тўғри ёритилиши ўзбек тилшунослик фанининг ривожланишида муҳим омил бўлади.

Наим КАРИМОВ,
академик

Бошқа хабарлар