Кайвони

823

ёхуд Эсон Ражабовнинг ҳаёт фалсафаси

Кўп йиллар Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашини бошқарган, бугунги кунда мазкур кенгашда раис маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган касаба уюшмалари фидойиси Эсон ­Ражабов 80 ёшга тўлди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, раис ўринбосари – Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев иштирок этиб, касаба уюшма фидойисини қутлуғ сана билан қутлашди. Ўз навбатида, Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев, вилоят ҳокими маслаҳатчиси Январ Иноятов, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси ўринбосари Жумақул Қурбонов, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари ҳамда бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, Эсон акани самимий муборакбод этишди.

Эътироф этилганидек, Эсон Ражабов Ватан хизматида бўлишда ўз иши, ҳақиқий халқпарварлик сифатлари билан жуда кўп инсонларга устозлик қилди, ўз ортидан эргаштирди.
Ҳа, Эсон аканинг Ёшлар ташкилотидаги ташаббускорлиги, «Қарши қурилиш» бош­қармасида, Қарши чўлининг ўзлаштирилишидаги жонбозликлари, Муборак туманидаги машаққатли меҳнати, энг асосийси, 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидаги заҳматли фаолияти… Буларнинг ҳар бири улкан китобларга-да мавзу бўларлик ҳикоялардир…
«Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби бўлган Эсон Ражабовга ортиқча таъриф бериш шарт эмас, назаримизда. Бир сўз билан айтганда, эл кайвониси…
Қуйида у киши ҳақидаги фикрларни жамладик. Эсон Ражабовнинг юракларни тўлқинлантирадиган халқона иқтибосларини келтирдик. Мақсад – яхши инсонлардан ўрнак олмоқ, уларга эргашмоқдир.

«АКАНГ ҚАРАҒАЙ «ПРОФСОЮЗ»НИНГ РАИСИМАН ДЕБ… »

– Касаба уюшмалари қандай ташкилот? Касабақўм етакчисининг вазифалари нималардан иборат?
Эсон ака ўқув анжуманлари чоғида юқоридаги саволларга жавоб қайтарар экан, куйиб-ёниб сўзлайди:
– Бугун касаба уюшмалари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Барча соҳаларда касаба уюшма қўмитаси раиси, қўмита аъзолари фаол иштирок этиши, одамларни ўз ортидан эргаштира олиши зарур. Аммо «Аканг қарағай, касабақўм етакчисиман», деб галстукни тақиб, ғўддайиб юрувчилар, аслида, ўз вазифаси нималардан иборат эканини билмайдиганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Афсуски, баъзи одамлар онгида касаба уюшмаларига нисбатан «Санаторийларга йўлланма берадиган ташкилот» деган саёз тушунча ҳали-ҳамон сақланиб қоляпти. Кўчада бирор танишим учраб қолса, «Йўлланма йўқми? Ўзимга битта, божамга битта йўлланма топиб беринг», деб сўрайди.
Биз бу каби инсонларнинг қарашини ўзимизнинг кенг қамровли ишларимиз билан ўзгартиришимиз талаб этилади.

ГАП ЭГАСИНИ ТОПАДИ

Сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўплаб муҳим аҳамиятга молик масалаларга ечимлар изламоқда.
Ана шундай мулоқотлар чоғида маҳалла ва қишлоқларда, корхона ва муассасаларда бошланғич ташкилотларда кўтарилган масалалар юзасидан қизғин давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Эсон ака давра суҳбатига таклиф этилганларнинг баъзиларининг ёндашувидан қониқмайди:
– Сиз қайси ташкилотдансиз?
– Фалон бошқармадан.
– Ким бўлиб ишлайсиз?
– Мутахассисман.
– Нега бошлиғингиз келмади?
– Мени жўнатганди.
– Биз бошлиғингизни таклиф этгандик-ку. Бугун энг долзарб муаммоларга ечим изланяпти. Шундай муҳим паллада келиб, ўз йўналишидаги саволларга жавоб қайтаришни, муаммоларга ечим топишни ўзига эп кўрмаган баъзи бундай раҳбарларга нима дейиш мумкин? Ўзини ҳурмат қилган одам бундай масъулиятсизликка йўл қўймайди. Келиб, элу халқни қийнаётган саволларга мардона жавоб қайтаради…

ҚУРУҚ ВАЪДАЛАР КЕРАК ЭМАС

– Мамлакатимизда ёшларга жуда катта эътибор қаратиляпти, уларга улкан ишонч билдириляпти. Аммо… Талабалик йилларимни яхши эслайман. Битта костюм ва кўйлакни йиллар давомида қайта-қайта ювиб, дазмоллаб кийиб юрардик. Ёшлар ташкилотида ишлаганимда ҳам эрталабдан-кечгача меҳнат жамоаларига, чўлдаги хўжаликларга, саҳрода йўқни бор қилаётган заҳматкашлар ҳузурига бориб, уларнинг иш шароитини, ҳаёт тарзини яхшилаш бўйича мулоқотлар, учрашувлар ўтказардик.
Афсуски, ҳозирги ёшлар ташкилотларида ишлайдиган йигит-қизларда ана шундай фидойилик, ташаббускорлик кўзга ташланмаяпти. Улар халқ орасига яқинроқ бориб, оддий аҳолининг муаммоларини ўрганиши, меҳнат аҳлининг оғирини оз бўлса-да, енгил қилмоғи лозим. Қуруқ гап ва ваъдалар, ижроси таъминланмайдиган «шаблон» режалардан қочиш вақти келди.

БОЛАЛАРГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИНГ!

Эсон Ражабов ҳақида Яккабоғдаги «Истиқлол ғунчалари» болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Абдуғани Боқиев шундай ҳикоя қилади:
– Эсон аканинг саъй-­ҳаракати билан Қашқадарёда болаларни соғломлаштиришнинг намунали мактаби яратилди. Оромгоҳларни мавсумга сифатли тайёрлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича, хавфсизлик масалалари бўйича аниқ ва мукаммал, шаклланган механизм яратилди. Айни пайтда вилоятда 19 та оромгоҳ стационар тарзда фаолият олиб бораётгани ва дам олдириш режасининг ҳар йили ошиғи билан бажарилиши юқоридаги сўзимнинг исботидир.
Эсон ака доимо бизга шундай дейди: «Ҳалол-покиза ишланг. Болаларга ғамхўрлик қилинг. Бола билан шундай ишлангки, бу бола яна ва яна сизнинг масканингизга талпинаверсин!»

БАРДАМЛИК САБАБИ НИМАДА?

Маълумки, бугунги кунда меҳнат жамоаларида «Ходимлар гимнастикаси»ни ривожлантириш орқали ходимларнинг саломатлигига озгина бўлса-да, ҳисса қўшиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилаётир.
Бу ҳақда Эсон ака шундай дейди:
– Ҳар куни тонгда туриб, бадантарбия билан шуғулланаман. Ишхонада ҳам қоғозлар билан ишлаб чарчаганимда, ўрнимдан туриб, гимнастика машқларини бажараман. Қўлларимни, оёқларимни ҳаракатлантириб, миямга, танамга дам, ором бераман. Қарабсизки, саксон ёшда ҳам тетикман, ишдан чарчамайман…

ЮТУҚЛАР ҲАМЖИҲАТЛИКДА…

– Тармоқ касаба уюшмалари Респуб­лика кенгашларининг Қашқадарё вилоятидаги масъул ташкилотчилари билан доимий ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз, – дейди Эсон ака. – Улар нафақат ўз тармоқлари ишини мувофиқлаштиришади, балки қатор долзарб масалаларда бизга, вилоят кенгашига яқиндан кўмак беришади. Масалан, Шодмон Кубаев, Исмат Очилов, Илҳом Сабдаров оромгоҳларни мавсумга тайёрлашда тезкор ишчи гуруҳи раҳбари сифатида кўп йиллардан буён яқин ҳамкоримизга айланган. Дилбар Тўхтаева, Бобомурод Хўжаёров, Фозил Турсунов, Акбар Юсупов каби етакчилар ҳам долзарб паллада туманларга бириктирилиб, тузилган ишчи гуруҳларига бош-қош бўлишяпти. Мухтасар айтганда, бизда «Бу иш менинг ваколатимга кирмайди. Нега энди бу вазифани бажаришим керак?» деган акс қарашлар, фикрлар йўқ. Барчамиз долзарб масалалар ечимида бир ёқадан бош чиқариб, бирлашиб ҳаракат қиламиз. Аслида, ютуқларнинг асосий сабаби ҳам ҳамжиҳатликда, бирликда.

ЭЛНИ СЕВИНГ…

– Ўттиз йилдан ортиқ бир жамоада ишлаб, эл назарига тушиш, кўплар ҳавас қиладиган мартабага эришиш катта бахт, – дейди Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Бахтиёр Жўраев. – Мен Эсон акани ўзимга устоз деб биламан. Соҳада ишлаган давримда у кишидан кўп нарсани ўрганганман. Тақдир тақозоси билан бугун яна Эсон ака билан бирга ишлаяпмиз. Устозимиз ўрнакли, бахт­­ли ҳаёт йўлини босиб ўтган. Энг эътибор қиладиган жиҳати – Эсон ака раҳбарлик фаолиятида деярли адашмаган, хатога йўл қўймаган. Бу эса камдан-кам инсонларга насиб қиладиган бахтдир. Эсон ака ўзининг фидойилиги билан бизни ҳам руҳлантириб туради.
– Юрт олдидаги бурчингизни унутманг. Ҳеч бир мурожаатни беэътибор қолдирманг. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, сизу бизга бўлган ишонч туради. Кўпроқ халққа яқинроқ боринг. Халқни севганни халқ ҳам суяди, – дейди устозимиз.

Эл кайвонисининг бу фалсафаси бугун вилоятдаги касаба уюшмаларининг ҳам асосий фаолият тамойилига айланган. Бу – бир инсоннинг бахти. Шу билан бирга, вилоятдаги соҳа ходимларининг бахтидир. Зеро, эл кайвониси билан елкадош ишламоқ ҳам шарафдир.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»