Сўздан топилган қаҳр ва қадр

535

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) хотирасига бағишланган «Ёдимиздасиз» деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Адибнинг «Ойнур» ва «Ўлмас қоялар» номли китоблари тақдимотига ҳам бағишланган мазкур тадбирда таниқли адиблар, шоирлар ва адабиётшунос олимлар иштирок этди.
Ёзувчини хотирлаб сўзга чиққанлар – адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, шоир ва журналист Абдусаид Кўчимов, шоир Муҳаммад Исмоил, таниқли ёзувчи Собир Ўнар ва бошқалар адибнинг ҳаёти ва ижоди, ўлмас хотиралари ҳақида илиқ сўзлар айтишди. Ёзувчининг дўстлари, шогирдлари, яқинлари ва фарзандлари, шунинг­дек, мактаб ўқувчилари ҳам адибга атаб чиқиш­лар қилишди.
Хотира уйғонса – гўзалдир, дейишади. Шундай ижодкорлар бўладики, улар ҳақ сўзни айтишдан ҳам, ёзишдан ҳам ҳайиқишмайди. Ана шундай кам сонли ижодкорлардан бири – Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) сўзи ва жасорати ортидан ҳам қаҳр, ҳам қадр топган ижодкор эди. «Бу тоғлар улуғ тоғлар», «Бўз бўри», «Ўлмас қоялар», «Туманли кунлар« каби асарлари билан танилган ёзувчи доимо асл ҳақиқатни ёзди. Бу эса айрим қўли узунларга ёқмади, ёқмаслиги ҳам аниқ эди. Натижада ёлғони йўқ сўз, ҳақиқий ифода ва жасорат учун «бадал» тўланди. Бу бадал – 17 йилга чўзилди, 17 йилга…
Айтишга осон, аммо шунча вақт ичида тўрт девор орасида озодлик ва орзулар, алам ва армон ҳақида ўй суришнинг ўзи бўлмаган. Кўзда соғинч, кўнгилда илинж билан кун саналган…
Ниҳоят, орзиқиб кутилган кунлар ҳам келди… У 2017 йилнинг баҳорида қуёшли кунларни кўрди…
Эврил Турон озодликка чиққач, яна ижодга шўнғиди. Юрт тарихи ва тараққиёти ҳақида кўплаб чиқишлар қилди. Ўтган йиллар давомида унинг ўзига хос услубда ёзилган «Миллат тил билан тирик», «Олтин ўлка…», «Она тили», «Кимнинг ўзи ўзида?» каби 10 дан ортиқ мақола ва бадиий ижод намуналари «Ishonch» газетасида эълон қилинди. Таъкидлаш жоизки, уларнинг бир қанчаси анча шов-шувга сабаб бўлди.
Нокамтарликка йўйманг, аммо бор гап шуки, Эврил Туронга «бағрини очиб», саҳифаларидан энг кўп жой берган нашр – «Ishonch» бўлади. Бундан ташқари, ижодкор ҳамиша таҳририят жамоа­сининг иззат-эътиборида бўлди. У байрамлар ва яхши кунларда бошқа ижодкорлар сингари йўқлаб турилди. Деярли ҳар сафар табрик ва йўқлов учун ижодкор ҳузурига мен борардим.
Очиғи, ҳар сафар адиб билан дилдан суҳбатлашишни кўнглимга тугиб борардим. Лекин унинг хонадони меҳмонлар – яқин дўстлари, дилдошлари, дардкашлари билан гавжум бўларди. Мен уларнинг қизиқарли суҳбатидан баҳраманд бўлиб, ўзимнинг «режам»ни кейинга қолдирардим. Афсус…
Мен ватанпарвар ёзувчининг бемалол вақтини топиб, дилдан гурунг қилмоқчи, у кишидан «у ёқда»ги қора кунлар, қораламалар, тақиқланган асарлари, кечаги ва бугунги куни… ҳақида сўраб, ёзиб олмоқчи эдим.
Афсуски, бу ҳам бир армон бўлиб қолди.
СЎЗ ортидан бу фоний дунёда қаҳр ва қадр кўрган Эврил Турон боқий дунёда МЕҲР топган бўлсин…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»