Тўқимачилик саноати намойиши  UzTextileExpo  кўргазмасида

130

Саноатнинг сўнгги трендлари ва тенденциялари ҳар йили Ўзбекистон тўқимачилик ва мода саноатининг асосий халқаро кўргазмаси – UzTextileExpoда ўз  аксини топиб келмоқда. Бу йилги кўргазма эса 27-29-май кунлари  пойтахтимизнинг «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар биносининг 2-павильонида бўлиб  ўтиши режалаштирилган.

Чекланган мулоқот ва халқаро алоқаларнинг мураккаб йилида UzTextileExpo пандемиядан кейинги биринчи профессионал саноат платформасига айланади. Бугунги кунда UzTextileExpo бу кўптармоқли ишбилармонлик платформаси бўлиб, у ўзининг ўтказилиши давомида ўзбек кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари, чакана ва улгуржи савдо корхоналари ўртасида тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларини намойиш этишнинг асосий майдонига айланди. Жонли суҳбатлашиш, битта майдонда барча маҳсулотларни топиш, сифатини баҳолаш, турли ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар таклифларини таққослаш имконияти – UzTextileExpoнинг асосий  аҳамиятидир.

Жорий йилги кўргазма Беларус Республикаси, Корея Республикаси, Россия,Тожикистон,Туркия, Афғонистон ва Ўзбекистон каби асосий мамлакатлардан 100га яқин компания ва брендларни жамлайди. Кўргазма экспозицияси тўқимачилик ва енгилсаноат маҳсулотларининг барча турларини тақдим этади. Хом ашё, пахта ва аралаш иплар, қаттиқ  ва тўқима матолар, тўқимачилик маҳсулотлари учун аксессуарлар ва материаллар, шунингдек, кийим-кечак, трикотаж, пайпоқ буюмлари, тўқимачилик маҳсулотлари, пол қопламалари ва бошқалар.

Иштирокчиларнинг 90 фоиздан ортиғи тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларидир. Кўргазма дебютантлари –»Forestcolor», «Baxt Textile Andijon», «Chust Textile», «Daka-Intex», «SanoatGilam», «Gulsum –Textile»    компаниялар ва кўргазманинг доимий иштирокчилари –»Elegant Garment», «Aisha Home Textile», «Samo», «Bahmal Group», «Osborn Textile», «Khantex», «Samarkand Apparel», «Biryuza Group», «Ideal», «Xorazm Tex», «Alliance Textile», «Art Soft Holding», «BarkasTeks», » Global Textile Solutions», «Ark Eko Textile» компаниялари ва  бошқалар.

Кўргазмада яна бир бор Туркиянинг 6 та ишлаб чиқарувчи компаниялари миллий стенд билан иштирок этиб, кийим-кечак, тикув фурнитуралари, аксессуарлар, тўқимачилик кимёвий моддалари ва бўёқлар ишлаб чиқариш учун кенг турдаги матоларни намойиш этадилар.

Бибигул МУРТАЗАЕВА