Нурбулоқдан таралган зиё

1598

Нуробод туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Абу Али ибн Сино плаза» санаторийси фаолият бошлади

Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, қурилиш ва бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ҳозирги мураккаб даврнинг долзарб масаласига айланган.

Дўппини бошдан олиб, бир мулоҳаза юритайлик. Қайси юртда пандемия шароитида шу қадар кўп бунёдкорлик бўляпти? Биргина Самарқанднинг ўзида қилинган қурилиш ва бунёдкорлик кўламини кўринг. Булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта!
Самарқанддаги кўркам иншоотлар сони яна биттага кўпайди. «Абу Али ибн Сино плаза» санаторийси ўз фаолиятини бошлади.
Шу муносабат билан ташкиллаштирилган тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қудратилла Рафиқов янги иншоот билан барчани табриклаб, охирги йилларда хотин-қизлар ва кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, иродаси синовларда тобланган кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатилаётганига алоҳида тўхталди. Янги иншоот мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа эканини таъкидлади.
Тантанали тадбирда янги сиҳатгоҳ имкониятларини ошириш, дам олувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида, касаба уюшмалари томонидан харид қилинган янги «ISUZU» ва «Дамас» автоулови ҳам топширилди.
150 ўринга мўлжалланган санаторий энг замонавий тиббий асбоб-­ускуналар билан жиҳозланди. Қурилиш, ободонлаштириш ва муҳандислик иншоотлари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жами 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Мухтасар айтганда, ушбу сиҳатгоҳ муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари, тавсиялари билан жаҳондаги энг илғор санаторийлар даражасида қурилди ва жиҳозланди.
– Мазкур санаторий таянч-ҳаракат, қон айланиш ва асаб тизими касалликларига чалинган дам олувчиларни соғломлаштириш учун ихтисослаштирилган, – дей­ди сиҳатгоҳда кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган шифокор Убайдулло Қурбонов. – Унинг асосий даволаш омили – 750 метр чуқурликдан чиқувчи таркиби машҳур «Цхалтубо» (Грузия) санаторийси сувига ўхшаш термал, радонли, кучсиз натрийли маъданли сувдир. Минерал сув таркибида радоннинг мавжудлиги иммун тизимини мустаҳкамлаш орқали турли касалликларнинг олдини олишда, яъни касалликлар профилактикасида ҳам жуда самарали ҳисобланади. Бундан ташқари, маъданли сувдан ванна, милкни чайиш, ичак ювиш учун фойдаланилади. Шунингдек, парафин-­озокерит, физиотерапия, балчиқ билан даволаш, игна билан рефлексотерапия, даволовчи жисмоний тарбия, массаж, турли душлар, диета билан даволаш усуллари ҳам қўлланилади.
Бир вақтлар Нурободда тоза сув излаб кўплаб қудуқлар қазилган. Аммо 450, ҳатто, 500 метр чуқурликдаги сув ҳам истеъмолга ярамаслиги аёнлашган. Шундай бўлса-да, сув топишга бўлган умид сўнмади. Янада чуқурроқ қазишмалар амалга оширилди. Ва ниҳоят, қилинган саъй-ҳаракатлар ўзини оқлади. Нурбулоқ қўрғонидаги изланишлар замин сирини очди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, бундан роппа-роса ўттиз йил илгари Ўзбекистон касаба уюшмалари ташаб­буси билан бу ерда буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи сиҳатгоҳга асос солинган эди. Шу даврдан буён инсон дардини аритишга йўналтирилган мўъжизакор сув минглаб юртдошларимиз дардига шифо бўлиб келмоқда.
Саксондан ортиқ кишини қабул қилишга мўлжалланган аввалги сиҳатгоҳ касаба уюшмалари кўмагида бир неча маротаба мукаммал таъмирдан чиқарилиб, шарт-шароитлар яхшиланди.
Шифобахш сувдан фойдаланиш имкониятини янада ошириш мақсадида янги сиҳатгоҳга пойдевор ­қўйилди. Ана шу бунёдкорлик баҳонасида қарийб 40 йилга яқин вақт мобайнида таъмирланмаган 4Р53-Нуробод-Нурбулоқ-Иштихон йўналишидаги 31 километрлик йўл ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилди.
– Кўп йиллар турли вазифаларда меҳнат қилдим, – дейди Навоий вилоятининг Учқудуқ туманидан келган отахон Абдулла Керуенбоев. – Шу давр мобайнида бирон марта дам олишга вақт ажрата олмабман. Шукур, қилган меҳнатларим роҳатини кексайганда кўряпман. Тўғриси, бу манзилга отланганимда санаторийнинг мўъжизасига кўпам ишонмаган эдим. Аммо ўз кўзим билан кўргач… Хуллас, янги кошонадаги шароит, даволаш муолажаларини таърифлашга тил ожиз.
Зарафшон шаҳридан келган Ўткир Санақулов юрт истиқлолининг 30 йиллиги арафасида ҳаётида рўй берган бу қувончли ҳодисани энтикиб сўзлайди. Айтишича, яқиндагина давлатимиз раҳбари фармони билан у кишига «Меҳнат фахрийси» нишони топширилган экан. Касаба уюшмаларининг бепул дам олишга таклиф этиши қўшалоқ хурсандчилик бўлибди.
Умрининг қарийб 40 йилдан ортиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаган қўшработлик Ҳомит Мамарасулов ҳам оёқ-бўғинларидаги оғриқдан азият чекиб келаётган экан. Шифобахш сувнинг илк муолажасидаёқ бу дарддан фориғ бўла бошлабди.
– Биз кексаларга ғамхўрлик кўрсатаётган мутасаддилардан беҳад миннатдормиз, – дейди тошкентлик Анвархўжа Ғуломов. – Мазза қилиб дам олиб, даволаняпмиз.
«Абу Али ибн Сино» сиҳатгоҳининг илк даволанувчилари Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийлари бўлишди. Айни пайтда бу ерда касаба уюшмалари ҳомийлигида кўпни кўрган, эл-юрт тараққиётига ҳисса қўшган 100 нафарга яқин отахон ва онахон бепул соғломлаштирилмоқда.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»