Инсультнинг олдини олса бўлади(ми?)

570

Вужудингизда кузатилаётган, аммо сиз унчалик эътибор бермаётган баъзи белгилар бирон нохуш хасталикнинг аломати бўлиши мумкин. Саккиз соат ўрнига ўн соат ишлаётган, вақтида тушлик қилишни унутган, дам олиш кунларида ҳам қўшимча иш юклатилган организм бир кун келиб «дод» дейиши шубҳасиз. Шу боис, вужудингизнинг ишораларига беэътибор бўлманг.
Тиббиёт фанлари доктори, ёш мутахассис Зоҳиджон ИСМОИЛОВнинг фикри ана шундай.

– Зоҳиджон Нўъмонович, негадир «инсульт» сўзи қўрқинчли эшитилади. Инсульт ўзи қандай касаллик?
– Инсульт – бош мия тўқимасининг зарарланиши бўлиб, лотин тилида «зарба» деган маънони англатади. Касаллик яшин тезлигида содир бўлиши мумкин. Инсультнинг геморрагик ҳамда ишемик тури бир-биридан фарқланади. Геморрагик инсульт деб мия тўқимасига қон қуйилишига айтилади. Бу кўпроқ юқори қон босими, гипертониядан азият чекадиган беморларда кузатилади. Шу ўринда битта фикрни таъкидлаб ўтмоқчиман, агар юқори қон босими бўлган бемор ўзига буюрилган дори воситаларини ўз вақтида ичиб юрса, 35 фоизгача инсультнинг олдини олган бўлади. Агар бундай киши инсультга чалинса, 60 фоиз ҳолатда касалликдан асоратсиз чиқиб кетади.
– Касаллик турини қандай фарқлаш мумкин?
– Геморрагик инсульт, яъни мияга қон ­қуйилиш ҳолати асабийлашганда, стресс ҳолатида бўладиганларда, ишхонада, сиз билан фаол гаплашиб турганда, йиғилишларда кузатилади. Халқ тилида айтганда, «йиқилди», «бошига қон қуйилибди», дейишади. Бунинг сабаби, бош мияга қон олиб келувчи томирларнинг ёрилиши натижасида, қон ташқарига чиқиб, мия тўқимасидаги ҳаёт учун зарур аъзоларни бошқариб турадиган жойларнинг фаолиятини издан чиқаради. Иккинчи тур инсультда эса қон-томир, юрак хасталиклари ёки бошқа турли сабаблар билан бош миядаги қон томирларига қон келмай қолади. Яъни, тромб натижасида қон келмай қолади, натижада мия тўқималари озиқланмай қолиб, ўша ерда некроз ҳосил бўлади ва қон етказиб берилиши керак бўлган бош марказ ўз вазифасини бажармай қўяди. Оқибатда ишемик инсульт келиб чиқади.
– Бунга сабаб нима? Касаллик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди-ку?
– Бугунги кунда бизга боғлиқ бўлган ва бўлмаган омиллар жуда кўпайиб кетган. Биринчиси – камҳаракатлик. Бунинг натижасида организмнинг энг катта душмани бўлган ортиқча вазн юзага келади. Хоҳлайсизми, йўқми, ортиқча вазн инсульт ва инсультга олиб келувчи омилларни кучайтириб юборади.
Шунингдек, юрак қон-томир касалликлари, гипертония, қандли диабет, ўз вақтида даволанмаслик, зарарли одатлар, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, тўғри овқатланмаслик ҳам инсультни чақирувчи омиллардан саналади. Қолаверса, фастфудлар, таркибида маргарин сақлайдиган озиқ-овқатларни пала-партиш истеъмол қилиш натижасида қоннинг таркибида ўзгаришлар юзага келади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, аёлларда инсультни чақирувчи яна бир катта омил – стресс. Ундан ташқари, контрацептик дори воситаларини доимий истеъмол қилиш ҳам организмдаги гормонал фонни бузиб юбориши мумкин. Бу эса семиришга олиб келади. Натижада, организмда инсультга мойиллик ошиб боради.
– Қайси ёшдаги инсонлар инсультга кўпроқ чалинади?
– Агар адабиётларга мурожаат қиладиган бўлсак, йигирманчи асрнинг охирларида инсульт кўпроқ 50-60 ёшдан ошган инсонларда учраган. Сабаби, бу ёшдагилар пенсияга чиққанларидан кейин ҳаракатлари бироз камайган, кўпинча уйда ўтиришган. Ишонасизми, йўқми, бугунги кунда инсульт ҳатто ёш болаларда, ҳомиладор аёлларда ҳам учраб турибди. Бунинг биргина сабаби камҳаракатлик, жисмоний машқлар билан шуғулланмасликдир.
– Инсультни қайси белгилардан билиб олиш мумкин?
– Кўпинча қўлларда ва бошда увишиш бўлиши мумкин, нутқда, сўзлашишда муаммо пайдо бўлиб қолади. Юзида тушунарсиз ­шакллар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга учрашиш зарур. Чунки бу инсультнинг огоҳлантирувчи белгилари ҳисоб­ланади.
– Инсульт қай ҳолатларда асоратсиз кечади? Умуман олганда, инсультдан кейин асорат қолмаслиги мумкинми?
– Бу ҳар бир организмнинг ўзига хослиги, инсульт ўтказган беморда қўшимча касалликлар бор-йўқлигига ҳам боғлиқ. Агар беморда қандли диабет, юрак қон-томир касалликлари бўлса, унда организмнинг қайта тикланиш жараёни секин кечади. Инсульт ўтказдими, демак, ўша беморда фалажлик, тилдан қолиш, дудуқланиб гапириш кузатилади. Агар ўша бемор инсультдан кейин даво муолажаларини ўз вақтида ўтказиб, мутахассисларнинг маслаҳатлари, тавсияларига тўлиқ амал қилса, 35 фоиз ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. 45-60 фоиз беморларда ёрдамчи ускуналар ёрдамида юриш имконияти, бор-йўғи 8 фоиз инсонларни тўғри реабилитация, тўғри муолажаларни олиб борганда, олдинги ҳаётга қайтиш имкони бўлади.
– Ишемик инсультда-чи? Клиник белгилари ва сабаблари ҳақида маълумот берсангиз.
– Ишемик инсульт кўпроқ кечаси юз беради. Белгилари геморрагик инсульт билан деярли бир хил. Юқори қон босими бўлган инсон дориларини кечаси ётишдан олдин ичмаслиги керак. Чунки табиий ҳолатда ҳам кечаси инсоннинг қон босими тушади. Агар қон босимини туширувчи дори уйқудан аввал ичиладиган бўлса, қон мия тўқимасига келмай қолиб, инсульт рўй беради. Агар уйда шундай ҳолат юз берса, беморни қулай қилиб ётқизиш, агар томоқ йўлларида нафас олишига қийинчилик туғдирадиган нарса бўлса, олиб ташлаб, зудлик билан тез ёрдам чақириш зарур.
– Инсультнинг олдини олса бўладими? Бу борада қандай маслаҳат берасиз?
– Биринчи навбатда, ортиқча вазндан халос бўлиш керак. Танадаги ортиқча 4-5 килограмм вазндан қутулиш – касаллик билан курашишнинг энг самарали усули. Ундан кейин тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, яъни спорт билан шуғулланиш, кераксиз одатлардан, масалан, чекишдан воз кечиш, доимий қабул қиладиган дори воситаларини ўз вақтида қабул қилиш, қандли диабет касаллиги бўлса, уни ўтказиб юбормаслик зарур.
Мухтасар айтганда, инсон соғлом турмуш тарзига амал қилса, инсультнинг олдини олса бўлади.

Зиёда РАЖАБ қизи
суҳбатлашди