Қопқоқ остида совғами ёки ғавғо?..

1261

Оила даврасида телевизор томоша қилиб ўтирган эдик. Бир маҳал энергетик ичимликка оид реклама берилди. Унда 10-11 ёшлардаги бола ўша ичимликни харид қилиб, аллақандай совға ютиб олганини мақтаниб гапирди. Мен эса ҳайратга тушиб, жиддий ўйга толдим.

Хўш, бундай рекламалар бизга нима беради? Кимларнингдир чўнтагини қаппайтириш илинжида қилинаётган бу янглиғ енгил-елпи ишлар охир-оқибат ўзимизга – бутун жамиятга зарар келтирмайдими? Ахир, айнан шунақа акциялар ҳали вояга етмаган фарзандларни оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишга, энг ачинарлиси, жонини койитмасдан пул топишга ўргатиб қўймайдими?
Умуман олганда, сўнгги пайтларда кундалик ҳаётимизни акциясиз тасаввур этиш мушкул бўлиб қолди. Қаерга қараманг, акция! «Биттасини сотиб олинг, иккинчиси текинга берилади», ­«Қопқоқ ичига яширинган совғани топинг ва унга эга бўлинг!» қабилидаги гаплар, очиғи, ғашимизга тега бошлади. Чунки бошқа мамлакатлар космосни забт этаётган бугунги тезкор замонда бизнинг ўсмир ёшидаги фарзандларимиз қандайдир ўткинчи совғага эга бўлиш илинжида энергетик ичимликлар ичиб, қопқоқ йиғиб юриши ўта шармандали ҳолатдир.
Эҳтимол, бу гапларимни ўқиганлар орасида «Сал оширвордингиз-ов, негаки, болаларнинг ҳаммаси ҳам қопқоқ териб юргани йўқ. Қолаверса, энергетик ичимликларни норасидалар воситасида тарғиб қилаётганларга маъмурий жазо бор», дейдиганлар ҳам топилар. Мен уларга жавобан қуйидаги далилларни келтирмоқчиман: 2019 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 6 минг 577 та жиноят рўй бергани қайд этилган. 2020 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 11 минг 173 тага етган. Шундан салкам ярми вояга етмаганлар ҳисобига тўғри келган.
Кўриб турибсизки, норасида ўғил-қизларнинг маълум қисми ҳали катта ҳаётга қадам қўймасиданоқ жиноятчи деган тавқи лаънат орттир­япти. Бунга эса маълум даражада ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилаётган акциялар ­(қопқоқ тагига яширинган совғалар) ҳақидаги рекламалар ҳам сабабчидир, эҳтимол…
Давомини суриштирсангиз, бунақа акциялар нафақат болалару ўсмирларни, балки катта ёшлиларнинг айримларини ҳам ҳаётга енгил-елпи қарашга ўргатяпти.
Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Уни кимдир маъқуллаши, кимдир инкор этиши мумкин. Бундан қатъи назар, биз зинҳор-базинҳор фарзанд­ларимиз таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Демакки, тадбиркорлик ниқоби остида ўйлаб топилаётган акцияларни жиддий назоратга олишимиз шарт!

Абдулла АҲМЕДОВ