Хива музейлари жозибаси нимада?

619

Музейлар илк бор қадимги Юнонистон ва Римда пайдо бўлганини кўпчилик яхши билса керак. Она юртимизда-чи?

Хоразмда ХIХ асрнинг охирида музей ташкил қилиш учун ҳаракат бошланган. Бунга Хива хонлигида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, осори-атиқалар ҳамда архитектура ёдгорликларининг фотосуратлари Россия ва жаҳон кўргазмаларида намойиш этилиши сабаб бўлган. Чунки 1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгородда Бутунроссия кўргазмасида, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда Американинг Миссури штатининг Олои шаҳрида ўтган халқаро ярмаркаларда Хива хонлигидан 16 та соҳа бўйича ҳар биридан учтагача ҳунармандчилик ишлари намуналари юборилган. Париждаги кўргазмада Хоразм обидаларидан 143 та бинонинг Бомачинский томонидан олинган фотосуратлари ҳам намойиш қилинган. 1890 йилдаги кўргазмада намойиш қилинган ажойиб мис ўймакорлиги иши учун уста Мавлонберди ва Сафар боболар Россия империяси Молия министрлигининг бронза медали ва фахрий ёрлиғини олишган.
1898 йил 12 апрелда Муҳаммад Раҳимхон II Кўҳна Урганч, Хўжаэли ва Қўнғирот ҳокимларига: «Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсун», деб буйруқ беради.
Лекин тўпланган буюмлар Россияга юборилиши натижасида Хиванинг ўзида музей очилиши орқага сурилиб, 1920 йилдагина амалга оширилади. 1920 йил 11 апрелда Хоразм Муваққат ҳукумати вакиллари ва РСФСР ҳукумати фавқулодда вакили иштирокида бўлиб ўтган қўшма йиғилишда Хива шаҳрида «Хива халқининг ўтмиши ва ҳозирги пайтдаги маданиятига оид барча буюмларни, шунингдек, хонлик зулмининг жазо қуролларини халққа кўрсатиш ва келгуси авлодлар учун сақлаб қолишни назарда тутиб, халқ музейи ташкил этилсин» дейилган қарор қабул қилинади. Ушбу қарорнинг ижросига киришган Маориф ва маданият нозирлигининг 17 апрелда халққа қилган эълонида, жумладан, шундай дейилган эди: «Қалъа шўроларининг маҳкамаларига, 26 апрель 1920 йилда Хивада музей ва виставка очиладур. Шунга керакли нимарсаларни тезлик бирла аҳолидан сўрашиб олиб, мазкур муддатдин икки кун аввал Хивага еткурмакларингиз зарурийдир». Эълонда махсус кишилар қўлларида мандат билан аҳолидан музейбоп буюмларни соҳибининг қўлига хат бериб олишлари кўрсатилган. Бу хат билан буюмнинг соҳиби истаган пайтда ўз буюмини қайтариб олиши ҳам мумкин бўлган. Музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни Бутунхоразм халқ вакиллари I қурултойи қатнашчиларининг иштирокида, эски хонлар қароргоҳи Кўҳна Арк биносининг Арзхонасида очилди. Ишчилари битта мудир ва қоровулдан иборат музейнинг очилишига Маориф ва маданият нозири Мулла Бекжон Раҳмон ўғли, «Ёш хиваликлар» партиясининг йўлбошчиси Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ўзларининг катта ҳиссасини қўшишди.
1924 йилгача Хива шаҳрининг ичкари қалъасидаги 1831-1839 йилларда қурилган улкан Тошҳовли саройида Оллоқулихоннинг авлодлари яшаган ва бу саройни ўз мулки ҳисоб­лаб, унинг жиҳозларини сота бошлаган. Бундан хабар топган ҳукумат аъзолари музейни Тошҳовли биносига кўчириб, саройни ҳам ўз ҳисобига киритишган ва Хива музейи яна бир экспозицияга кўпайган. 1957 йилда Тошҳовли саройида музей экспонатлар фонди ва Тарих музейи қолдирилиб, бу ердаги бошқа музейбоп экспонатлар даврларга ажратилиб, Ичaн-қалъадан ташқарида «Хоразм тарихий инқилобий музейи» ва «Хоразм табиати» музейи номи билан Нуруллабой саройига кўчирилган.
Тарихдан маълумки, Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу шаҳардан хоразмлик олимларнинг асарлари ва кўпгина бадиий ҳунармандчилик намуналари дунёга тарқалган. Ушбу осори-атиқалар ҳанузгача Рим, Париж, Лондон, Копенгаген, Берлин, Қоҳира, Санкт-Петербург, Москва, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги йирик музейлар экспозицияларини безаб турибди.
ХIХ асрда жаҳон бўйлаб музейлар ташкил қилиниши амалиётга татбиқ қилинган бўлса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб қадимий тарихга ва меъморий обидаларга бой бўлган шаҳарларнинг ўзини музей шаҳарлар деб аташ анъанага киритилди. Ўзбекистон ­Республикаси Вазирлар кенгашининг 1969 йил 29 июлдаги 343-сонли қарорига мувофиқ, Хива давлат тарихий меъморчилик «Ичaн-қалъа» музей-қўриқхонаси ташкил қилинди.
Бу пайтда Хивада асосан иккита катта музей фаолият кўрсатар эди. Уларнинг бири Нуруллабой саройида жойлашган бўлиб, Инқилоб тарихи ва Хоразм воҳаси табиатини акс эттиришга бағишланган эди. Иккинчи катта музей шаҳарнинг ичкари қалъасидаги Оллоқулихоннинг Тошҳовли саройида жойлашган бўлиб, унда Тарих музейи фаолият кўрсатаётган эди. Хиваликларнинг сўзларига қараганда бу музейдаги экспонатлар жуда бой бўлиб, унда жуда кўп қадимги буюмлар, санъат асарлари, хонлик даврининг қимматбаҳо тошлар ва олтин-кумушлар билан безатилган қурол-яроғлари, чинни буюмлари намойишга қўйилган.
Хива шаҳрининг ХIХ аср охири ва ХХ асрнинг бошларидаги кўриниши, унинг ички ва ташқи қалъа деворларининг ўз ҳолича сақланиб қолгани шаҳарнинг ўзини музей деб аташ ва уни қўриқхона деб эълон қилиш учун асос бўлди. Шуниси қизиқарлики, шаҳар ХХ асрнинг 60-йилларида ҳам юз йил олдинги кўринишини бузмаган эди.
Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири бўлган Хива «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 54 та мангуликка дахлдор тарихий-меъморий обида бор. Бу қадим шаҳарда ҳозирги вақтда 375 та хонадон сақланиб қолган ва уларда 2610 нафар аҳоли истиқомат қилади. «Ичан-қалъа» тарихий-меъморий давлат музей-қўриқхонасининг 19 та доимий экспозицияларида Хоразм­нинг қадимдан бугунги кунигача бўлган тарихи акс эттирилган.
Хивани бежиз очиқ осмон остидаги музей-шаҳар деб аташмайди. Жаҳон туризмининг марказларидан бири саналган бу шаҳарда 140 тадан ортиқ меъморий обида ва археологик ёдгорлик сақланиб қолган. 1990 йил 12 декабрда Хива шаҳрининг «Ичан-қалъа» қисми ЮНЕСКОнинг маданий мерослар қўмитаси қарори билан жаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилди. 1997 йилда эса бу қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида нишонланди.
Кейинги йилларда Ичан қалъа музейлари фаолиятини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Хорижий мамлакатлардаги музейлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ўрнатиш мақсадида ҳамда янги ташкил қилинадиган «Қадимги Хоразм», «Хоразмшоҳлар» ва «Хоразм хонлари» тарихи экспозицияларини шакллантириш жараёнида хорижий музейларда сақланаётган Хоразм тарихига оид маълумотларни тўплаш ва улардан нусха олиш мақсадида музей илмий ходимлари Япония, Украина ва Россия давлатларида хизмат сафарида бўлишди. 2019 йил 2-3 июнь кунлари Москвадаги «Шарқ халқлари музейи» ва «Евроосиё археология музей»лари билан ҳамкорлик ҳақида меморандумлар имзоланди.
Музей фаолиятига инновацион технологияларни қўллаш борасида 6 та йўналишда ақлли ахборот табличкалари, смарт откриткалар жамланмаси, смарт музей, интерактив харита, жонли каталог, виртуал музей, шаҳарнинг 3D кўриниши ишланди.
Мана, бир аср бўлдики, Хива музейи ўлка табиати ва тарихининг ноёб буюмларини ­тўплаб, уларни авайлаб-асраш, жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларга намойиш қилиш, келгуси авлодга ўз ҳолича етказишдек масъулиятли ишни шараф билан бажариб келмоқда.

Бобожон КОМИЛОВ,
«Ичан-қалъа» давлат
музей-қўриқхонаси бош мутахассиси,
Дилмурод БОБОЖОНОВ,
катта илмий ходим