Сайлов: андижонлик номзодларнинг телепатик қобилияти борми?

519

Бир-бирининг хаёлидаги фикрни сўзсиз уқиб олувчи кишилардаги қобилиятни телепатия дермиди? Ҳозирча илм-фан бу борада аниқ тўхтамга келмаган бўлса-да, ҳис-туйғуни сезги органлари иштирокисиз масофага узатиш ва қабул қилишга қодир инсонлар учраб туриши бор гап. Бу ҳақда фантастик адабиётлар, хориж фильмлари орқали озми-кўпми тасаввурга эгамиз.

Не дейсизки, халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига номзодини қўйган юртдошларимизнинг қарийб 80 фоизи айни шундай ноёб хислат соҳиблари экан.

Яқинда вилоятда сайлов жараёнига бевосита масъул шахслардан бири илтимос қилиб қолди. Айтишича, маҳаллий кенгашларга номзодларнинг сайловолди дастурлари тилшунос ўқитувчилар томонидан кўриб чиқилган, босмахонада чоп этишга тайёр, шундай бўлса-да, журналистлар ҳам бирров кўз ташлаб қўйишса, деган тўхтамга келишибди. Мақсад-муддао – дастурларнинг имловий ва услубий хатолардан ҳоли чиқишини таъминлаш.

Гап саводхонлик билан боғлиқ масала устида бораётгани ҳамда номзодлар кун тартибига қўяётган муаммолар, уларнинг ўй-қарашлари қандай экан, деган қизиқиш устун келиб, илтимосни оғринмай қабул қилдик.

Вилоят кенгаши депутатлигига ҳар бир партиядан 60 нафардан жами 300 нафар ҳамюртимизнинг номзоди қўйилган. Бу сафда навқирон ёшлардан тортиб нуронийларгача, деҳқондан тортиб олимларгача борлиги қувонарли.

Бироқ аксариятининг партия дастуридан келиб чиқиб, ўз олдига қўйган вазифалари эса бандларнинг кетма-кетлигидан то жумлалар тузилишигача бир хил. Ҳа, айнан бир хил. Уларни бир-биридан номзодларнинг суратларию қисқача таржимаи ҳоли ажратиб турибди, холос.

Масалан, “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан кўрсатилган бир номзоднинг дастуридан узлуксиз тарбия тизимини яратиш ва юксак маънавиятли, ватанпарвар авлодни тарбиялашдан тортиб ўқитувчининг ижтимоий муҳофазаси, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, давлат тили мақомини ошириш, дабдабали тўй маросимларига барҳам бериш ва маҳалла раисининг маҳаллий ҳокимиятдан мустақиллигини таъминлашгача бўлган жиҳатлар ўрин олган. Айни долзарб масалалар! Гап бўлиши мумкин эмас!

Аммо партиянинг 60 нафар номзоди худди шундай фикрлаб, бирваракайига шу гапларни кун тартибига олиб чиқса, одамга эриш туюларкан. Ахир иқтисодчининг қарашлари шифокорникидан, тилшунос мутахассиснинг жамиятдаги муаммоларга муносабати қурувчи-муҳандисникидан фарқланмайдими? Андижон шаҳридан Избоскану Пахтаободнинг, Хонобод шаҳридан Бўстон ва Улуғнор туманларининг ҳудудий муаммоларида ҳам сезиларли тафовут борки, буни сизу биздан кўра ўша ернинг туб аҳолиси яхши билади. Шундай экан, халқ орасидан депутатликни кўзлаб майдонга чиққан номзод дастурида одамларни ўйлантираётган масалаларни назарда тутиши керак эмасми?

Ўзбекистон Экологик партияси хусусида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин – номзодларнинг телепатия қобилияти бирданига ишга тушиб, бирининг миясидаги фикрларни иккинчиси, иккинчисидан учинчиси… кўчириб, 60 киши айнан 12 та масалани шартта қоғозга туширибди-қўйибди чоғи. Тўғри, кун тартибига қўйилаётган масалаларнинг барчаси муҳим, уларнинг ярми рўёбга чиққан тақдирда ҳам Андижонда салкам Швейцария табиати яратилиши мумкин.

Бироқ, боз айтганимиздек, ҳудудларнинг экологик муаммолари ҳам турфа. Дейлик, бирор-бир трикотаж корхонаси ҳам қурилмаган чекка қишлоқдан депутатликка талпинаётган вакил сайловолди дастурида “аҳоли яшовчи ҳудудларда саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришни” долзарб вазифа сифатида қўяётган экан, унга нисбатан сайловчиларнинг муносабатини тасаввур қилиб кўринг энди. Ахир халқимиз анойи эмас.

Айтайлик, Боғишамол адирликларидан кўзга дўппидек ташланувчи Андижон шаҳрига баҳор-ёз ойларида бир қур назар солган инсон дарахтлар сийраклашиб, ҳудудни яхшигина чанг-тўзон қоплаганини яққол кўради. Наҳотки экологик партиянинг бирор-бир вакили баландпарвоз гаплардан тийилиб, “Атиги етти-саккиз йил аввал ҳам бундай эмасди, бир гуруҳ нафс бандалари Андижоннинг чинорларини мебелга қурбон қилавериб, аҳвол шу кўйга келди. Депутат бўлиб сайлансам, шу масала учун жиддий курашаман, ахир бугун кўп касалликларнинг биринчи омили ҳавонинг булғанишидан”, деган мазмунда ўз дастурига режа киритолмаса? Ёки жамоатчиликни ўйлантираётган масалалар номзодлар, улар ортида турган партия раҳбарлари учун қизиқ эмасми?

Тўғри, маҳаллий кенгашга номзодлар орасида сайловолди дастурини ўзига хос тарзда тайёрлаганлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, ЎзЛиДеП, ХДП, “Адолат” СДПнинг айрим (!) вакиллари ўз ҳудудларидан келиб чиқиб, муҳим деб билган масалаларни кун тартибига олиб чиқишибди. Аммо улар ҳам бармоқ билан санарли даражада. Умумий манзара эса юқорида тилга олинган партияларникидан қолишмайди. 

…Партиядошларининг фикрини сўзсиз англайдиган номзодлар халқнинг дардини, кўнглидаги гапларини ҳам бемалол уқиб олиши мумкин-ку, деган яхши гумондамиз. Шундай аломат зотларни депутатликка сайламай бўладими ахир?

Нурилло НЎЪМОНОВ

Бошқа хабарлар