Нега “яшил” иқтисодиётга ўтиш зарур?

192

                  

      Жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда. Шунингдек, бу жараёнда атроф-муҳитга инсон томонидан бўлаётган таъсир ҳам йил сайин кучайиб бормоқда. Масалан, ишлаб чиқариш, аҳоли ва саноат соҳасидан ҳавога чиқаётган газлар концентрацияси  ортиши натижасида мамлакатимизда иқлим илиши ҳолати дунё кўрсаткичига нисбатан баландроқ кечмоқда. Хусусан, глобал исиш жаҳон кўрсаткичи 100 йилда 0,7 даражани ташкил қилаётган бўлса, Ўзбекистонда 100  йил давомида бу кўрсаткич 1,7 даражага тенг бўлмоқда.

Ҳолатнинг шу зайлда давом этиши, иссиқхона газ ажратмаларини пасайтириш чора-тадбирларининг қўлланилмаслиги натижасида об-ҳаво илиши янада кўтарилиши мумкин. Оқибатда сув хўжалигида тақчиллик юзага келиб, мева-сабзавот, деҳқончилик катта зарар кўради. Бу эса бевосита аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларига сабаб бўлади. Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида бўлиб ўтган анжуманда айтилишича, барча тармоқларда ресурслар тежамкорлигига эришиш, иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда электр энергияси ва сувдан фойдаланиш самарадорлигига эришиш учун “яшил” иқтисодиётга ўтилиши керак. Чунки айнан шу йўналиш энергетика, сув хўжалиги, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурслар тежамкорлигига эришилиб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ҳўш, унда мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун сув хўжалиги тизимида қандай янгиликлар бўлмоқда? Матбуот анжуманида бу каби саволларга батафсил жавоб берилди.

               “Ақлли сув” қурилмалари ишга тушади

Ҳисоб-китобларга кўра, 2015 йилда Ўзбекистон бўйича умумий сув танқислиги 3км.3 ни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 7км.3 га етиши мумкин. Ҳаво хароратининг кўтарилиши натижасида қишлоқ хўжалик экинларини суғориш меъёрлари 2030 йилга бориб 5 фоизга, 2050 йилга бориб эса 7-10 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Бу кўрсаткичлар соҳада жиддий чоралар кўришни, гдротехник иншоотлар, насос станциялари ва сув омборлари қуришни, мавжудларини эса реконструкция ва модернизация қилишни талаб этмоқда.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Равшан Мамутовнинг маълумот беришича, 2019 йилнинг январ-сентябрь ойларида 359 та ирригация обьектларида 1триллион 223миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 496 км канал, 73 км лоток  тармоқлари, 32 дона гидротехника иншооти, 84 дона тик суғориш қудуқлари ва бошқа иншоотларда қуриш ҳамда реконструкция ишлари бажарилди. Шу кеча-кундузда мамлакатимиздаги сув омборларининг 61та нуқтасига “Ақлли сув қурилмалари” келтирилди. Улар ўрнатилгач сувни тақсимлашда электрон тарзда масофадан туриб бошқаришга эришилади ва келгусида бундай “Ақлли қурилма”лар босқичма-босқич  бошқа ҳудудларда ҳам ўрнатилади.    

  Корея билан ҳамкорликда пилот лойиҳа

Насос станциялари электр энергияси ҳисобидан ишлашини ва бунга мамлакатимизда истеъмолга чиқарилган электр энергиясининг 10 фоизи сарфланаётганини инобатга олсак, мазкур станцияларда энергия сарфини камайтириш жуда муҳимдир. Шу боис 431 дона насос, 1191 дона электродвигатель замонавий энерготежамкорларига алмаштирилган. Шунингдек, насос станцияларига 748 дона реактив энергиясини компенсация қилувчи конденсатор қурилмалари ва 423 дона қуёш батареялари ўрнатилган. Тизимда ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялардан кенг фойдаланиш борасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – КОЙКАнинг 7.0 млн. АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари ҳисобига сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш мастер-режаси ҳамда пилот лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Томчилатиб суғориш режаси ошиғи билан бажарилди

Мамлакатимиз сувчилари олдида 2019 йил давомида  27 минг 900 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш белгиланган. Бугунги кунда жами 31 минг 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини қуриш ва монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ушбу технология орқали самарали суғориш ишлари олиб борилмоқда. Агар тадбиркорлар томчилатиб суғориш тизимига ўтмоқчи бўлсалар, уларнинг зарур технологияни сотиб олишлари ва қуришлари учун зарур бўладиган банк кредити фоиз харажатларининг  бир қисми  ҳукуматимиз томонидан субсидия сифатида берилади.

Тежамкор қурилмалар натижа бераяптими?

Дарҳақиқат, амалга оширилган ишлар натижасида насос станцияларида 2018 йилда 2017 йилдагига нисбатан 348 миллион кВт соат, 2019 йилда эса 2018 йилдагига нисбатан 450 миллион кВт соат кам ишлатилди. Натижада икки йилда жами 798 миллион кВт соат электр энергияси тежалишига эришилди. Бу тахминан 2 та туманнинг бир йиллик ишлатадиган электр энергиясига тенг кўрсаткич эканини инобатга олсак, “яшил” иқтисодиётга ўтиш бугун ва келажак учун қанчалар зарур эканлигини янада чуқурроқ англаб етамиз. Аммо шу ўринда яна бир савол туғилади. Шууунча миқдорда электр энергияси тежалаётган экан, нега бу электр энергияси нархларига ижобий таъсир кўрсатмаяпти? “Яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилаяптику? Тадбир сўнгида журналистлар томонидан энергетика вазирлиги вакилига берилган ушбу саволга афсуски, аниқ жавоб берилмади.  

Зебо НАМОЗОВА

Бошқа хабарлар