Қайси нашрга обуна бўлмоқчисиз?

479

Обуна. Сўнгги вақтларда бу сўз газета ходимлари учун оғриқли масалага айланди. Мажбурий обуна бекор қилингач, асл вазият ойдинлашди: кўпчилик матбуотни кузатмайди, ўқимайди, обуна бўлмайди… Шу боис ихтиёрий обуна бўлиш тушунчасини оммалаштирмас эканмиз, вазият ўзгармаслиги тайин. Нафақат зиёлилар, балки барча аҳоли албатта, газета-журнал, китоблардан узилмаслиги даркор. Зеро, мутолаадан узоқлашиш – маънавий таназзулга яқинлашувдир.

Ҳозир вазият шундай: халқ зиёлилашмоқда. Исталган нашрга бир йиллик обуна бўлиш тирикчиликка катта зарар етказмайди. Кимнингдир тазйиқи ва буйруғи билан эмас, ўзингизни қизиқтирган нашрга обуна бўлинг, бу билан сиз ҳам, нашр ҳам фойда кўрса кўрадики, асло зарар кўрмайди.
Ўқитувчилар, тадбиркорлар, ижодкорлар, зиёлилар, талабалар, журналистлар, умуман барча касб эгаларига мос нашрлар, албатта, топилади. Касбингиздан ташқари, шунингдек, ўзингизга севимли нашрлар ҳам йўқ эмас. Хоҳ хусусий, хоҳ давлат нашрлари бўлсин, бугунги кунда еттидан етмиш ёшгача бўлган турли савиядаги инсонларнинг эҳтиёжини қондирадиган газета-журналларимиз бор. 33 миллион нафар аҳолининг ҳеч бўлмаса, ярми ўз ихтиёри билан севимли нашрига обуна бўлганида эди, бугун матбуотнинг ­қадри баланд бўларди, аҳоли онги янада ўсарди. Ҳозир адабий нашрларимизнинг обунаси таъбни хира қилади. Уларнинг адади тушиб бормоқда. Адабий журналларда сара ижодий намуналалар чоп этиб борилмоқда, бироқ харидор кам. Адабий нашрларни фақатгина ёзувчи шоирларгина эмас, бутун омма ўқиса, қанийди?.. Зеро, адабиёт – инсонни юксалтиради, маърифатга бош­лайди, дунёқарашни ўстиради. Бунда нафақат китоблар, балки даврий адабий нашрларни­­­­нг ҳам ҳиссаси катта.
Адабиётга бефарқ бўлмаган инсонлардан шу ҳақдаги фикрларини сўрадик. Қани, барчанинг жавоби шундай бўлса:
Ғайрат Шералиев: Жамоамиз билан «Тафаккур», «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Муштум», «Маънавий ҳаёт», «Ижод олами», «Ёшлик» журналларига, шунингдек, «Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати», «Китоб дунёси», «Адабиёт зиёси» газеталарига йиллик обуна бўлдик. Умуман, бошқа ижтимоий-сиёсий, маърифий нашрларни ҳам қўшганда 2020 йил учун қарийб 10 миллион сўмлик обуна расмийлаштирдик.
Рўзиқул Очилов: «Тафаккур» ва «Жаҳон адабиёти», имкон бўлса «Ёшлик»ка ҳам обуна бўлмоқчиман.
Отабек Исроилов: Тўйтепалик «Машъал»чилар «Ҳуррият», «Халқ сўзи», «Тошкент ҳақиқати», «Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати», «Китоб дунёси», «Адолат кўзгуси», «Шифо инфо»га йиллик обуна бўлдик. «Маънавий ҳаёт», «Тафаккур», «Гулистон», «Ҳуррият», «Китоб дунёси», «ЎзАС»ни шахсан ўзим учун Қўйлиқдаги киоскда ўтирадиган Юлдуз опадан харид қиламан. «Ёш куч»га эса эрта билан бориб обунани расмийлаштираман, насиб қилса.
Aсрор Aллаёров: Биз юборган нарсаларни бермайди ҳеч бир адабий нашр. Биз ҳам кўп нарса ололмаймиз реал қараганда. Шу боис хорижий журналларни сотиб олиб қўя қоламан.
Улуғбек Раҳматов: «Жаҳон адабиёти» журналига обуна бўламан.
Миродил Абдураҳмонов: Ишхона учун журналлардан «Тафаккур», газеталардан «Ishonch», «Жамият», «Ҳуррият», «Оила даврасида», «Оила ва жамият» ва «Иқтисодий газета»га обуна бўлдик. Россия нашрлари қимматроқ бўлса ҳам 5 та нашрга обуна қилинди. Бундан ташқари, каталогга кирмай қолган бир-икки адабий бадиий газеталаримиз бор экан. Уларга ҳам, албатта, обуна уюштирилади. Бу ҳар қандай ташкилот ва ташкилот ходимлари учун қўшимча ахборот олиш имконини беради, деб ўйлайман.
Азиз газетхон, сиз янги йилда қайси нашрга обуна бўлмоқчисиз? Албатта, ихтиёрий тарзда! Шунчаки, чоп этилаётган нашрларни кузатинг, ёққанини танланг ва почта орқали ёки таҳририятга бориб обуна бўлинг. Бир йил давомида ранг-баранг саҳифалари билан хонадонингизда меҳмон бўлувчи нашрдан албатта, миннатдор бўласиз. Фарзандларингиз ҳам қўлингизда фақат телефон эмас, газетани кўрганида, сиздан ибрат олади.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Бошқа хабарлар